Спорт | 20:09 / 16.12.2017
13099
2 дақиқада ўқилади

Андижон олимпия захиралари коллежида спортнинг 21 турини жамлаган фестивал бўлиб ўтди

Фото: KUN.UZ

12-15 декабрь кунлари вилоятда спортнинг яккакураш турлари ва жанг санъати бўйича “Биз тинчлик тарафдоримиз” шиори остида II анъанавий спорт фестивали бўлиб ўтди.

Вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси томонидан ташкил этилган мусобақаларнинг биринчи босқичи туман ва шаҳарларда ўтказилиб, финал баҳслари олимпия захиралари коллежининг манежида ташкил этилди.

Спортнинг 21 тури бўйича ўтказилган баҳсларда спортчилар ва уюшмаган ёшлар иштирок этдилар.

Ёш спортчиларнинг оғир атлетика, бокс, белбоғли кураш, ўзбек жанг санъати, юнон-рум кураши, карате, ушу, қиличбозлик ва бошқа турлардаги баҳслари кескин курашларга бой бўлди. Барча мусобақаларни спорт мажмуасига йиғилган икки мингга яқин томошабинлар кузатиб бордилар.

Фестивалнинг тантанали тақдирлаш маросимида жанг санъатини эгаллаб келаётган ёшлар кўргазмали чиқишларда ўз маҳоратларини намойиш этишди. Тадбирда сўз олган олимпияда чемпиони Муҳаммадқодир Абдуллаев, соҳанинг вилоят бошқармаси бошлиғи Ўткирбек Тошпўлатовлар ёш спортчиларга ўз тилакларини билдирди.

Ғолиб ва совриндорлар, уларнинг мураббийлари вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси томонидан тайёрланган кубоклар ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

KUN.UZ мухбири Элмурод Эрматов, Андижон.
Муаллиф олган суратлар

Мавзуга оид