17:20 / 17.12.2017
9349

Осиё тараққиёт банки “Ўзбекэнерго" билан ҳамкорлик дастурига 1,6 миллион АҚШ доллари ажратди

2017 йил 15 декабрь куни пойтахтимиздаги  HYATТ  REGENCY меҳмонхонасининг анжуманлар залида Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банкининг энергетика соҳаси бўйича мутахассислари ва “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти ташаббуси билан “Ўзбекистонда энергетика тизимини ислоҳ қилиш ва халқаро молиялаштириш стандартларини ўрганиб чиқиб ҳаётга татбиқ этиш” мавзусида халқаро анжуман ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Валюта бозорини либераллаштириш шароитида иқтисодиётнинг базавий тармоқларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг биринчи галдаги чора-тадбирлари тўғрисида” қарори ижросини таъминлаш мақсадида энергетика тизимининг барқарор фаолият кўрсатиши учун энерготизимни молиявий қўллаб-қувватлаш борасида Ҳукумат томонидан бир қатор чора-тадбирлар белгиланганлиги юзасидан “Ўзбекэнерго” АЖ Бошқарув раиси ўринбосари  Ж.Обиджонов алоҳида тўхталиб ўтди. Шунингдек, ишлаб чиқаришни изчил технологик модернизациялаш ва самарадорлигини ошириш йўли билан уларнинг молиявий аҳволини барқарорлаштириш, молиявий интизомни мустаҳкамлаш, ноишлаб чиқариш сарф-харажатларини қисқартириш, ходимлар таркиби ва сонини оптималлаштириш, халқаро стандартларга мувофиқ илғор ёндашувлар ва корпоратив бошқарув тизимларини такомиллаштириш ҳақида йиғилганларга атрофлича маълумот берди. 

Шунингдек, анжуман давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан энергетика тизимида ўтказилаётган ислоҳотлар Осиё тараққиёт банкининг энергетика бўйича мутахассиси жаноб С.Ким томонидан юқори баҳоланди ва “Энергия самарадорлигини ошириш ва ҳамкорликни кучайтириш” мавзусидаги маърузаси тингланди.

Миллий валюта девальвацияси даврида энерготизимнинг молиявий ҳолатини яхшилаш мақсадида “Ўзбекэнерго” АЖ томонидан ОТБ (Осиё тараққиёт банки) билан ҳамкорликда молиявий барқарорликни таъминловчи қуйидаги чора-тадбирлар белгиланган:

1) “Ўзбекэнерго” АЖнинг кредит барқарорлигини мустаҳкамлаш;
2) бизнес профилни яхшилаш;
3) корпоратив ва операцион самарадорликни ошириш;
4) электр қиймати асосидаги самарали тарифларни жорий этиш. 

Ушбу чора-тадбирларни амалга ошириш учун ОТБ томонидан қуйидаги мақсадларга 1,6 млн. АҚШ долларига тенг грантлар ажратилмоқда: 

-   асосий воситаларни қайта баҳолаш;
-  “Ўзбекэнерго” АЖ ва унинг шуъба корхоналари корпоратив диагностикасини амалга ошириш;
-  халқаро аудиторлик компаниялари томонидан ташқи аудит ўтказилиши.
 
Бундан ташқари, ОТБ томонидан электр қиймати асосидаги самарали тарифларни баҳолаш усулини ишлаб чиқиш учун грант асосида хорижий компанияни белгилаш режалаштирилмоқда.     

Шу қаторда тадбирда чет эл давлатлари, хусусан, Европа ва қўшни Марказий Осиё давлатлари энергетика бозорида иш олиб бориш тажрибасига оид маълумотлари тингланиб ОТБ томонидан “Ўзбекэнерго” АЖга техник кўмак кўрсатиш ҳамда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш тўғрисида келишиб олинди.

Анжуман сўнгида иштирокчилар ўзаро фикр алмашиб, келажакда бундай амалий учрашувларни мунтазам равишда ўтказишга келишиб олинди.

Top