Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов Осиё тараққиёт банки Сув ва шаҳарсозликни ривожлантириш сектори катта директори Норио Саито билан учрашди.
БМТнинг чўлланиш, ерларнинг деградацияси ва қурғоқчиликка қарши конвенцияси ижросини кўриб чиқиш қўмитаси 21-сессияси доирасида ташкил этилган учрашувда Азиз Абдуҳакимов Осиё тараққиёт банки билан самарали ҳамкорлик ўрнатилганини алоҳида таъкидлади.
Учрашув давомида шаҳарларни комплекс ривожлантириш, экология соҳасидаги ходимлар малакасини ошириш, Япониядаги чиқиндини қайта ишлаш соҳасидаги компанияларни Ўзбекистонга жалб қилиш каби долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Норио Саито 2025–2026 йилларга мўлжалланган «Қаттиқ маиший чиқиндиларни барқарор бошқариш» лойиҳаси 2-босқичини бошлаш таклифини билдирди.
Япониядаги чиқинди соҳасида етакчи компанияларни Ўзбекистонга жалб қилиш, соҳада Осиё тараққиёт банки томонидан инвестицияларни олиб кириш, грантлар ажратилиши ҳамда вазирлик ва қуйи ташкилотлар ходимлари малакасини ошириш борасида ўзаро ҳамкорлик қўллаб-қувватланадиган бўлди.
Маълумот учун, ОТБ томонидан Марказий ҳамда Ғарбий Осиё ҳудудларида амалга оширилаётган лойиҳаларнинг 17 фоизи Ўзбекистонга тўғри келмоқда. Мамлакат минтақада бу кўрсаткич бўйича иккинчи ўринда. Жорий йилда жами 3,5 миллиард долларга яқин миқдорда 25 та лойиҳа имзоланган.
Шунингдек, Самарқандда БМТнинг чўлланиш, ерлар деградацияси ва қурғоқчиликка қарши конвенцияси ижросини кўриб чиқиш қўмитаси 21-сессияси доирасида маҳаллий ва халқаро олимлар, мутахассислар иштирокида илмий анжуман бўлиб ўтди.

«Тадбирда асосий масала қурғоқчилик, ерларнинг деградацияси ва чўлланишга қарши курашда таълим, илм-фаннинг аҳамиятини ошириш, инновацион ёндашувларга қаратилди, — деди Атроф-муҳит ва табиатни муҳофаза қилиш технологиялар илмий-тадқиқот институти директори Бахтиёр Пўлатов. — Чет эллик мутахассисларга юртимизда қилинаётган ишлар ҳақида маълумот бердик. Уларга, Орол денгизи ҳудудида чўлланишга қарши олиб борилаётган ишлар, айниқса, жуда кўп миқдорда саксовул ўсимлиги экилаётганлиги маъқул келди. Бугунги кунда чўлланишга қарши курашда сув ресурсларини сақлаб қолиш жуда муҳим ҳисобланади. Олимлар билан муҳокамаларда шу мавзуга ҳам эътибор қаратдик».


















