Президент томонидан афв эълон қилиниши – адолат тамойилини белгилаб берди

Фото: Президент матбуот хизмати
Юртимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг негизини инсонпарварлик, инсон ва фуқароларнинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қимматининг устуворлиги каби умуминсоний принциплар ташкил этади.
Худди, шунингдек, жиноят содир этган бўлса-да, бироқ ўз хатосини англаган ва ундан тегишли хулоса чиқарган, маънавий жиҳатдан қайта тарбияланган шахсларнинг оиласи, фарзандлари бағрига қайтишига имкон бериш халқимизга хос бўлган кечиримлилик, бағрикенглик каби қадриятларнинг амалий ифодасидир.
Шу сабабдан ҳам жиноят қонунчилигида амнистия акти ёки афв этиш асосида жазодан озод қилиш белгиланган. Шу кунга қадар адашиб жиноят йўлига кириб қолган, қилмишидан пушаймон бўлган, содир этган жинояти натижасида етказилган зарарни қоплаган шахсларни амнистия акти асосида жиноий жавобгарлик ҳамда жазодан озод этиш кенг йўлга қўйилган эди.
Унга кўра, амнистия акти эълон қилинганидан сўнг унда жиноят турлари назарда тутилиб, жавобгарликдан ёки жазодан озод этиладиган шахслар ҳужжат ижросини таъминлаш пайтида аниқланарди.
Бироқ амнистия актини қўллашнинг айрим жиҳатлари ҳам мавжуд эдики, булар шахсни жавобгарлик ва жазодан озод қилишнинг пировард натижасига эришишга тўсқинлик қиларди. Жумладан, амнистия актида аниқ бир шахс кўрсатилмасдан, одатда, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноятни биринчи марта содир этган шахслар, аёллар,
60 ёшдан ошганлар, чет эл фуқаролари назарда тутилган. Яъни, аввал жиноятлар тоифаси белгиланиб, кейин эса ушбу жиноятлар тоифасига кирадиган шахслар аниқланган.
Бундан ташқари, амнистия актини қўллаш масаласини ҳал қилиш узоқ давом этадиган ташкилий жараёнлар эканлиги сабабли турли қонунбузарлик ҳолатлари мавжуд эди. Бу ҳақда муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг
25 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида “...олдиндан чуқур ўйламасдан туриб жавобгарликдан озод қилишни белгилаш қилмишига пушаймон бўлмаган, етказилган зарарни тўлиқ қопламаган шахслар ҳам амнистия доирасига кириб қолишига сабаб бўлган. Бу масалада, минг афсуски, коррупция ҳолатлари ҳам бўлган, деб айтсак, тўғри бўлади... Бу эса амнистияга тушган кимсаларда жазони ҳис этмаслик, бизга ҳамма нарса мумкин, деган нотўғри кайфиятнинг шаклланишига олиб келган”, – деб таъкидлади.
Жорий йилнинг 29 сентябрида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган маҳкумларни афв этиш ҳақидаги материалларни тайёрлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойиш қабул қилинди.
Мазкур Фармойишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, судлар, жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Афв этиш масалалари бўйича комиссия билан ҳамкорликда жойларга чиқиб, ҳар бир маҳкум билан якка тартибда суҳбатлашиш орқали уларнинг шахсини ўрганиш белгиланди. Ўрганишлар жараёнида маҳкум томонидан содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражаси, унинг ўз қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, жиноят натижасида етказилган моддий зарарнинг қопланганлиги, ёши, соғлиғи, оилавий аҳволи ва бошқа енгиллаштирувчи ҳолатларга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, жиноятдан жабр кўрганлар, жамоатчилик ва маҳкум яшаган маҳаллада истиқомат қилувчилар ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фикрлари инобатга олинди.
Бунинг натижасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг
25 йиллиги арафасида мамлакатимиз тарихида биринчи марта 2700 нафар судланганларни афв этиш тўғрисидаги фармон имзоланди. Турли ҳолатларда жиноят содир этган, қилган қилмишидан чин дилдан пушаймон бўлган ва тўғри йўлга кирган, турар жойи ва жазони ўташ муассасаларида ижобий тавсиф олган 956 нафар шахс жазони ўташ колонияларидан озод этилди. Бунда афв этилган маҳкумлар томонидан содир этилган жиноятларнинг ижтимоий хавфлилик даражаси, жазонинг қанчалик адолатли тайинланганлиги, маҳкумнинг қилмишидан пушаймонлиги, унинг маънавий жиҳатдан қайта тарбияланганлиги пухта ўрганилди.
Таъкидлаш лозимки, айнан шу жиҳатлар билан ҳам жазодан озод қилишда афв этиш институти амнистия актини қўллашдан кескин фарқ қилади. Шунингдек, маҳкумларнинг умумий тоифасини назарда тутувчи амнистия актини қўллаш жараёни афв этиш асосида жазодан озод қилишда маҳкумлар шахсига алоҳида эътибор берилиши билан ҳам ажралиб туради. Қолаверса, афв этиш асосида жазодан озод қилиш нисбатан узоқ давом этувчи амнистия актини қўллаш жараёнидан тегишли фармон асосида дарҳол ижро этилиши билан ҳам ўзига хос хусусият касб этади. Ўз навбатида, афв этиш асосида жазодан озод қилиш кенг жамоатчилик билан бирга ҳал этилиши унинг шаффофлигини таъминлайди.
“Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан афв этиш тўғрисида”ги Президент Фармонининг қабул қилинганлиги инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, инсонпарварлик, шунингдек, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқларини олий қадрият деб тан олиш каби умуминсоний ва конституциявий принциплар амалда таъминланишининг ёрқин намунасидир.
Энг муҳими, мазкур Фармон натижасида жиноят содир этган, бироқ қилмишининг ҳуқуққа хилофлигини англаган ва ахлоқан тузалиш йўлига ўтган маҳкумларга жамият ва ўз оиласи даврасига қайтишга имкон берилганлиги халқимизнинг кечиримлилик ва бағрикенглик каби азалий қадриятларининг рўёбга чиқарилиши бўлиши билан бир қаторда жазодан озод этилган маҳкумларнинг жамиятда ўз ўрнини топишига, оила аъзолари, фарзандлари, шунингдек, эл-юрт тараққиёти учун муносиб ҳисса қўшишларига яна бир имкон яратади.
Бахтиёр Ҳидоятов
ТДЮУ Жиноят ҳуқуқи кафедраси мудири, ю.ф.н
Мавзуга оид

11:34 / 09.12.2024
“Озодликнинг қадрини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди” — афв этилганлар ҳикояси

20:29 / 30.08.2024
Президент мустақиллик байрами арафасида 522 кишини афв этди

16:05 / 03.08.2024
Судлар “амнистия” воситасига айлантириб олган модда. Нега жазонинг муқаррарлиги таъминланмаяпти?

11:45 / 06.12.2023