Тошкентлик 70 ёшли Раҳматилла Саматовнинг меҳнат фаолияти даври асосан жазони ижро этиш муассасаларида ўтди. Нафақага чиқиб, набиралари даврасида қарилик гаштини сурадиган бир пайтда оилавий келишмовчиликлар ортидан ўзи қамоққа тушиб қолди. 34 ёшли Мансурбек то ўғриликка қўл уриб, қамоққа тушгунига қадар катта идорада ҳайдовчи бўлиб ишларди. Президент фармони билан афв этилиб, оиласи бағрига қайтган бу икки суҳбатдош қамоқхонадаги ҳаёт ва озодликнинг қадри ҳақида сўзлаб берди.
Шавкат Мирзиёев жазо муддатини ўтаётган 483 нафар шахсни афв этди. Бу Конституция қабул қилинганлигининг 32 йиллиги ҳамда ундаги 109-моддага асосан билиб-билмай жиноят содир этган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган маҳкумларга қаратилди. Унга кўра, афв этилганларнинг 107 нафари жазодан тўлиқ, 275 нафари шартли озод қилинди, 7 нафарига тайинланган жазо енгилроғига алмаштирилди. Шунингдек, 94 нафар шахснинг жазо муддатлари қисқартирилди. Kun.uz муддатидан илгари озодликка чиққан 2 нафар фуқаро билан суҳбатлашди.
Муддатидан илгари озодликка чиққанлардан бири 70 ёшли Раҳматилла Саматов бўлиб, муқаддам жазони ижро этиш муассасаларида ишлаган. Оилавий можаролар эса уни панжара ортига олиб борган.
“Менинг куёвим Туркия фуқароси. У Тошкентда иш тополмай юриб, ичиб юрарди. Менинг неварам, унинг хотини. Ишдан келиб, доим неварамни урарди. Мен бир куни овқат қилиб тургандим, неварамнинг ёнини олдим, шунда у бошимга мушти билан уриб, ёриб қўйди. Қочиб кетмоқчи эди, қўлимдаги пичоқни унинг қорнига санчдим. У тирик қолди. Шундан кейин шифохонага бордим, бошимнинг йиртилган қисмини тикишди. Кейин ички ишлар ходимлари келди. Улар мендан нима бўлгани ҳақида сўради. Кейин куёвимни депорт қилмасин деб, иккинчи қаватдан йиқилиб тушдим деб айтдим. Куёвим эса уни пичоқлаганимни гапириб берди. Шу билан мени эртасига ППС олиб кетди”, дейди Раҳматилла Саматов.
Раҳматилла Саматов ЖКнинг 104-моддаси 2-қисми билан 5 йилга озодликдан маҳрум этилган. Тайинланган жазонинг 1 ойи ўтгач, турк фуқароси қайнотасига нисбатан давоси йўқлигини билдирган, кейин судланувчи пробация назоратига ўтказилган.
Зонада ҳаммасидан ёши катта мен эдим. Энди юзига қарасангиз, мендан ҳам катта деб ўйлайсиз. Шу ердаги ИИБ ходими қанақа қилиб чолларни олдига тушиб қолдингиз, деб сўради. Мен ҳаммасидан каттаман дейман. Афв этилиб, қамоқдан чиққанимда биринчи бўлиб қизим олдимга келди. Югуриб бориб, қучоқладим, 3-4 минут шундай турдик, жуда хурсанд эдим.
Ҳаётимдаги энг эсда қоларли воқеа шу бўлди. Нимага десангиз, мен “зона”да ишлаганман. Ундан кейин “Тоштурма”да ҳар хил иш билан шуғулландим. Кўзим пишиб кетган десаям бўлади”, дейди у.













