09:00 / 20.12.2017
53088

БМТ Қрим туфайли Россияни «истилочи держава» деб тан олди, Ўзбекистон резолюцияга қарши овоз берган

Фото: Eduardo Munoz / Reuters

БМТ Бош Ассамблеяси Украинанинг Қримдаги инсон ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ вазият, шунингдек, яриморолда ноқонуний равишда «Россия Федерацияси қонунлари, юрисдикцияси ва бошқаруви» ўрнатилгани ҳақидаги резолюциясини қабул қилди. Резолюцияда Россия Украина ҳудудини - Қрим ва Севастополни босиб олгани қораланган, Россия «истилочи держава» деб аталган. Украинанинг БМТдаги махсус миссияси твиттерида овоз бериш натижалари эълон қилинган.

Россияга қатор тавсиялар тилга олинган ҳужжат Бош Ассамблеянинг ижтимоий, гуманитар ва маданий масалалар бўйича учинчи қўмитасига октябрь ойи охирида 30 давлат ҳаммуаллифлигида Украина делегацияси томонидан топширилганди. 

Ушбу ҳужжат, хусусан, «Қрим-татар халқи мажлиси» ташкилотини тақиқлашни бекор қилиш ҳамда украин ва қрим-татар тилларида таълим олишни таъминлаш каби талабларни назарда тутади.

«Қрим Мухтор Республикаси ва Севастополь шаҳридаги инсон ҳуқуқлари соҳаси бўйича ҳолат» ҳужжат «вақтинчалик босиб олинган Қрим аҳолисига нисбатан камситувчи чоралар ва инсон ҳуқуқларининг бузилишини қоралайди».

Резолюцияни 70 давлат қўллаб-қувватлади, 26 мамлакат унга қарши чиқди, 76 давлат эса бетараф қолди.

Ўзбекистон ҳам Россия, Хитой, Ҳиндистон, Шимолий Корея, Қозоғистон, Арманистон, Беларусь, Венесуэла, Боливия, Тожикистон, ЖАР, Сербия, Куба ва бошқа мамлакатлар қатори резолюцияга қарши овоз берган.

Лойиҳани ёқлаб кўпчилик Европа мамлакатлари ва АҚШ овоз берди.

Қрим 2014 йил мартидан Россия таркибига кирган. Россия томони бу қримликларнинг хоҳиш-иродаси акс этган референдум натижалари асосида рўй берганини иддао этади. Расмий Киев эса Россияни ўз ҳудудини эгаллаб олишда айблаб келади. Европа Иттифоқи ва АҚШ ҳам референдум натижаларини тан олмайди ва бу қўшиб олиш халқаро ҳуқуқ нормаларига зид экани туфайли Россияга қарши санкциялар қўллаб келади.

Top