Жаҳон | 20:21 / 10.04.2024
10339
2 дақиқада ўқилади

Россиянинг Ми-24 вертолёти Қора денгиз узра ҳалокатга учради

Мудофаа вазирлиги буни носозлик билан изоҳлади, маҳаллий блогерлар «дўстона зарба» деб тушунтирди.

Фото: РИА Новости

Ми-24 вертолёти Қора денгиз узра парвоз қилаётганда ҳалокатга учради, деб хабар берди Россия Мудофаа вазирлигига таяниб «РИА Новости».

«2024 йил 10 апрел куни Москва вақти билан тахминан соат 06:00 да Қрим Республикасининг ғарбий соҳиллари яқинида Қора денгиз узра режали парвозни амалга ошираётган Ми-24 вертолёти ҳалокатга учради. Ҳалокатнинг дастлабки сабаби - носозлик. Воқеа жойида қидирув-қутқарув хизмати ишламоқда», дейилади хабарда.

Шу билан бирга, Украина томони Мудофаа вазирлиги эълон қилишидан бироз олдин Қримда Россия вертолёти йўқ қилинганини эълон қилди. Бироқ, Украина Қуролли кучлари Ҳарбий-денгиз кучлари спикери Дмитрий Плетенчук сўзларига кўра, гап Ка-27 вертолёти ҳақида кетмоқда. Кейинчалик у маълумотга аниқлик киритди: «Вертолёт портлади, сабаблари ҳали аниқланмаган».

Спикер воқеа бўйича тасдиқланган маълумот беришга ҳозирча тайёр эмаслигини таъкидлади, бироқ вертолёт Черноморское қишлоғи яқинида қулаганини қўшимча қилди.

Шу билан бирга, россияпараст блогерларнинг таъкидлашича, Ми-24 вертолёти хатолик туфайли Россия ҳаво мудофааси томонидан уриб туширилган бўлиши мумкин.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид