Жаҳон | 23:59 / 11.03.2024
12359
2 дақиқада ўқилади

Россияда Қримнинг Украина ССР таркибига ўтказилиши ноқонуний экани ҳақидаги қонун тайёрланмоқда

Депутатларнинг фикрича, агар бу қонун қабул қилинса, «Қримнинг 2014 йилда Россия томонидан аннексия қилингани ҳақидаги Украина даъволари асоссиз бўлади».

Фото: РИА Новости

Россия Давлат Думасига 1954 йилда Қримни РСФСР таркибидан Украина ССР таркибига ўтказиш тўғрисидаги қарорни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси киритилди. Тегишли ҳужжат парламент қуйи палатаси маълумотлар базасида пайдо бўлди.

Ҳужжат муаллифлари Қримни топшириш ҳақидаги қарорни «ноқонуний, қонун устуворлиги ва халқаро ҳуқуқнинг асосий тамойилларига зид» деб тан олишни таклиф қилмоқда. Қонун лойиҳасида айтилишича, тегишли қарор «РСФСР ва СССР конституцияларини бузган ҳолда», шунингдек, «рус халқининг иродасини ҳисобга олмаган ҳолда» қабул қилинган «сиёсий жиноят» ҳисобланади.

Депутатларнинг фикрича, агар бу қонун қабул қилинса, «Қримнинг 2014 йилда Россия томонидан аннексия қилингани ҳақидаги Украина даъволари асоссиз бўлади». Шунингдек, Украина иттифоқчиларига «Қримни Украинага қайтариш ҳақидаги даъволарни қўллаб-қувватлаш анча қийин бўлади».

СССР парчаланганидан кейин, Россия Украинанинг Қрим билан ҳудудий яхлитлигини тан олди, бу икки томонлама шартномалар билан ҳам тасдиқланган. 2008 йилда Россия бош вазири бўлган Владимир Путин Россия Украина чегараларини тан олишини яна бир бор тасдиқлаган эди. «Қрим баҳсли ҳудуд эмас. Россия бугунги Украина чегараларини аллақачон тан олган», деган эди Путин.

2014 йилда Россия Қримни аннексия қилиб, у ерда референдум ўтказди ва ўз таркибига қўшиб олди. Бундай референдумни ўтказиш Украина Конституцияси нуқтаи назаридан ноқонуний эди. Халқаро ҳамжамият (айрим давлатлар бундан мустасно), Қримни Украинанинг бир қисми деб ҳисоблашда давом этмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид