14:26 / 21.12.2017
13702

Тарозининг икки палласи…

Халқимизда “тарозининг икки палласи тенг бўлсин” деган ҳикматомуз гап бежизга айтилмаган. Бунинг туб замирида эса, сотувчи билан истеъмолчи ўртасидаги адолат мезонларининг бир меъёрда бўлиши назарда тутилган.

Сир эмас, кейинги пайтларда республиканинг барча бозорларида қурилиш, таъмирлаш ишлари бажарилиб, аҳоли учун барча зарур шароитлар яратиб берилмоқда.

Минг афсуски, кўпгина бозорларда қўлланилаётган тарозиларнинг ўз вақтида давлат метрологик текширувларидан ўтказилмасдан ишлатилаётгани ҳақли равишда истеъмолчиларимизнинг эътирозларига сабаб бўлмоқда.

“Ўзстандарт” агентлиги томонидан республиканинг барча деҳқон бозорларидаги тарози ва тарози тошларидан фойдаланишнинг бугунги ҳолати таҳлил қилинди. Натижалар эса, афсуски қониқарсиз.

Масалан, республикада жами деҳқон бозорлари сони 280 тани ташкил этиб, шундан савдо ўринларининг сони эса 115505 тани ташкил этади.

Шундан тарози талаб этиладиган савдо ўринлари сони 47754 тани ташкил этади. Ҳозирги кунда деҳқон бозорларида эса атиги 17847 дона тарозилардан фойдаланилмоқда, холос.

Вилоятларнинг деҳқон бозорларида етишмайдиган тарозиларни харид қилиш ва механик тарозиларни янгилаш мақсадида, замонавий электрон тарозиларни 2017 йилда харид қилиш режалари ишлаб чиқилди ва вилоят ҳокимликлари томонидан тасдиқланди. Ушбу режаларга кўра жорий йилда жами 7859 дона электрон тарозиларни харид қилиш белгиланган бўлса-да, бугунги кун ҳолатида эса, жами 2455 дона, яъни (31,2 %) харид қилинганлигини қандай изоҳлаш мумкин.

Ачинарли томони шундаки, агентликнинг ҳудудий марказлари томонидан деҳқон бозорлари маъмуриятига бир неча бор мурожаат этилишига қарамасдан бозор маъмурияти томонидан тарозиларни харид қилиш ишларига бефарқлик билан муносабатда бўлинмоқда.

Масалан, Андижон, Бухоро, Жиззах, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларида фаолият юритаётган деҳқон бозорларида вилоят ҳокимликлари томонидан режалар тасдиқланган бўлишига қарамай, замонавий тарозиларни харид қилиш режаси бажарилмади.

Top