Ўзбекистон | 17:38 / 05.08.2022
9145
2 дақиқада ўқилади

Бозорлардаги тарозиларнинг 24 фоизи фойдаланишга яроқсиз экани аниқланди

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ҳудудий тузилмалари томонидан республикадаги 190 дан ортиқ бозорлар ўрганилди. Бу истеъмолчиларга чакана савдони амалга оширувчи 51 мингга яқин савдо мажмуалари ва бозорлар савдо жойларини қамраб олди. 

Фото: Kun.uz

Ўрганишларда қўлланилаётган олти мингга яқин (5981) тарозидан 1474 таси (24 фоиз ҳолатда) фойдаланишга яроқлилиги тасдиқланмади. Уларда ўз вақтида кўрикдан ўтказилганини тасдиқловчи белги мавжуд эмас. Бундай тарозилар меъёрда хизмат кўрсата олмаслиги мумкин, ўлчовлар аниқлиги ҳам кафолатланмаган.

Билдирилишича, агентликка истеъмолчилар томонидан харид қилиш чоғида тарозилар нотўғри ўлчаётгани юзасидан шикоятлар келиб тушяпти. Истеъмолчи томонидан сотиб олинган маҳсулотлар қайта тортиб кўрилганида вазни кам чиққани маълум бўлган.

Агентликнинг ҳудудий тузилмалари томонидан ўтказилган ўрганишларда сотувчилар томонидан савдо давомида тарозиларни ўрнатиш талаблари бузилгани ҳам аниқланди. Харидорлар тарозилар ўрнатилган жой атрофи турли товарлар ёки инвентарлар билан тўсиб қўйилгани боис ўлчаб тортиш жараёнини кузатиш иложи бўлмаган.

“Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун 4-моддасига кўра, истеъмолчи иш, хизматлар, ижрочи, сотувчи тўғрисида ишончли ва тўлиқ маълумот олиш ҳуқуқига эга. 

Вазирлар Маҳкамаси қарорига асосан, савдо операциялари ўлчаш-тортиш воситаларидан (тарозилар, тарози тошлари, ўлчовли сиғимлар, метрлар ва бошқалардан) фойдаланган ҳолда амалга ошириладиган бозорларда метрологик қоидалар ва нормалар талабларига мувофиқ бўлган ўлчов анжомлари мавжуд бўлиши шарт.

Тарозилар ва бошқа ўлчов анжомлари сотувчи иш жойида тортиб кўриш, қийматини аниқлаш ва товарни бериш бўйича барча жараёнлар кўриниб туриши таъминланган ҳолда ўрнатилиши керак.

Мавзуга оид