Ўзбекистон | 11:50 / 22.12.2017
42783
3 дақиқада ўқилади

«Ҳеч кимга керак бўлмаган уйлар қуриш керак эмас» - Президент

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзоларига 2017 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни ва Ўзбекистон Республикасини 2018 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор йўналишларига бағишланган Мурожаатномасини тақдим этди. 

Президент ўз нутқида уй-жой қуриш соҳаси ҳақида гапирди.

«Аҳолимизни, айниқса, бюджет соҳаси ходимларини, кам таъминланган оилаларни уй-жой муаммоси кўпдан буён қийнаб келарди. 

Қурилган уйлар номига қурилган уй-жойлар эмас. Тошкентдаги бойваччалар учун, ҳеч кимга керак бўлмаган уйлар бўлиши керак эмас. Оддий одамларга мўлжалланган уйлар қуришимиз лозим. 9 қаватли уйни қуриш учун индустрия йўқ, қурилиш ташкилоти, муҳандис йўқ. Йўқ бўлиб кетган ҳаммаси. Мана, қаерга келиб қолдик. Ҳаммаси барбод бўлган, лекин янгиси яратилмаган.

110та катта кран олиб келдик, яна 200таси етишмаяпти. Уларни ўзимизда қурмоқчимиз.

Олдин ҳам 6 сотихлик уйлар қурганмиз, лекин у ўзини оқламади. Қишлоқда иш, ойлик етмай, ким олади уларни? Бу одамларнинг ғашига тегди, 35-50 фоизи бўш турди, каттаконларнинг неваралари, ўғиллар олди.

Шунинг учун биз оддий аҳоли сотиб олсин деган ниятда арзонлаштирилган уйларни қуришга қарор қилдик. Шифокорни ҳам, муаллимни ҳам фарзандлари бор, ахир», деди президент.

Президентнинг қўшимча қилишича, бир йилда 8 мингга яқин оила янги хонадонларга кўчиб ўтди.

«Бу оғир ижтимоий муаммога биз деярли эътибор бермай келганимиз ҳам бор гап. Халқимизнинг талаб ва истакларини инобатга олиб, биз жорий йилда имтиёзли ипотека кредитлари асосида арзон уй-жойлар қуриш лойиҳасини амалга оширишга киришдик. 

Жумладан, қишлоқ жойларда намунавий янги лойиҳалар асосида 24 мингдан зиёд уй-жой барпо этилди. Шаҳарларда 187та кўп қаватли уй қурилди ва бугунги кунгача салкам 8 мингга яқин оила ана шундай янги хонадонларга кўчиб ўтди», деди президент.

Мавзуга оид