23:30 / 22.12.2017
71702

«Пенсионерлар ростдан ҳам дам олишга чиқишлари керак...» ёхуд тармоқда нима гаплар?

Бугун пойтахтимиздаги Симпозиумлар саройида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди. Унда илк бор давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Парламентга мурожаатнома тақдим этди. Мазкур чиқишни ўзбек халқи катта қизиқиш билан кузатди. Буни ижтимоий тармоқларда билдирилаётган фикрлардан ва одамларнинг оғзида юрган Президент нутқтидан олинган иборалардан ҳам билиш мумкин. Биз «Фейсбук» ижтимоий тармоғида билдирилган айрим мулоҳазаларни эътиборингизга ҳавола қиламиз:

Санжар Саид:

Тушга яқин кўзим илиниб, бир соатча ухлаб қолибман. Уйғонсам, ҳамма ёқни янгилик босиб кетибди. Президент парламент баҳона халққа бевосита мурожаат қилаётган экан. Ўзимни замондан орқада қолган, янгиликлар, ўзгаришлардан бехабар одамдек ҳис қилдим.

Жуда ҳаяжонли дақиқалар. Президент кўнглимиздаги, тилимиздаги гапларни айтаяптики, гўёки қандайдир яширин профиль билан биз мансуб бўлган виртуал оламни доим кузатиб, муҳокамаларимизда иштирок этаётгандек, биз билан ёнма-ён, ҳамфикрдек.

Кўнглимизда шунча ўзгаришлар амалда бўлармикан, деган шубҳа бўлишига қарамасдан, умид ва ишонч ҳам тирик. Ҳатто Кореяга кетиш-кетмасликка ҳам иккиланиб қолдим. Ҳозир чет элда юрганларда бир-икки йилда Ўзбекистонни таний олмайдиган даражада ривожланиб кетса-я, деган ўйноқи хаёл ҳам йўқ эмас. Ойликларимиз минг-икки минг долларга чиқиб, уй-жой, машина, тўй ташвишларидан сал узоқлашиб, хотиржамлик, кенг феъллик билан фикр юритадиган, воқеа-ҳодисаларга босиқлик, вазминлик, салобат билан муносабатда бўладиган вақтлар яқиндек кўринаяпти.

Жамолиддин Қаландаров:

Бунақа куйинишни, ватанпарварлик ҳеч бир раҳбарда кўрмаганман. Бугунги нутқи орқали давлат раҳбарини ўзим учун янгидан кашф этдим.

Хушнудбек Худайбердиев:

Тарихда нутқлар кўп бўлган. Лекин улар доим ҳам эсланавермайди. Чунки кўплаб нутқлар амалда ҳеч қандай ўзгариш олиб келмайди.

Бироқ шундай нутқлар бўладики, унинг ижобатини кутиш шартмас, ўша нутқнинг ўзи амал сифатида қабул қилинади, катта сиёсий оқибатларни келтириб чиқаради, тарихда қолади.

Масалан, 1963 йил 28 августдаги Мартин Лютер Кинг ижросидаги «I have a dream» («Менинг орзум бор») нутқи тарихдаги энг зўр нутқлардан бири саналади.

1946 йил 5 мартдаги Уинстон Черчилнинг Фултон нутқи («Sinews of Peace») «совуқ уруш»нинг сигнали сифатида тарихга кирган ушбу нутқда илк марта «темир парда» атамаси ишлатилган эди.

Ёки кўпчилигимиз кўрган «Қирол нутқи» («Король говорит») бадиий фильми учун асос бўлган Буюк Британия қироли Георг VI нинг нутқи ҳам ўз аҳамияти жиҳатдан юксак баҳоланади.

Бугунги нутқнинг кўлами юқорида эсланган нутқлар каби бутун дунёга таъсир қиладиган даражада ўзгаришларга олиб келмас, бироқ Ўзбекистон миқёсида давлат ривожини янги босқичга олиб чиқишга катта ҳисса қўшади. Бу нутқ халққа эртанги кунга ишонч беради, дилларда умид уйғотади, мудроқ қалбларни уйғотади, сўниқ кўзларга учқун беради.

Яна бир жиҳати бугунги нутқни халқаро майдонга сира таъсири йўқ, дейиш ҳам адолатдан эмас. Ахир жаҳон ҳамжамияти учун янги бир жозибадор инвестицион ҳудуд пайдо бўляпти, дунё саҳнига ривожланган янги давлатнинг шиддат билан кириб келиши учун «чақириқ» баралла янграяпти.

Нега мен бунчалик эҳтиросга берилиб гапиряпман? Сабаби бугунги нутқда деярли барча соҳалар бўйича аниқ, пухта ишлаб чиқилган дастур тақдим этилди. Ортиқча рақамларсиз, статистикасиз, баландпарвоз ва осмондан олинган қуруқ гапларсиз халқ тилида халқнинг муаммолари, дарди санаб ўтилди.

Шахсан мен учун, яъни ўз овозига эга оддий бир сайловчи сифатида бугун Шавкат Миромонович Мирзиёев яна бир марта Президентликка сайланди, десам кўнглимдагини айтган бўламан.

Улуғбек Ўринбоевич:

Асосийси — оддий халқ ҳам, яъни сиёсатдан йироқ одамлар ҳам тушунадиган аниқ ва пухта нутқ бўлди. Бу нутқдан ўзбек халқининг ҳар бир жабҳаси, соҳаси вакиллари хурсанд бўлди! Э, ҳатто узоғимизни яқин қилувчи таксичиларимизга эътибор қаратилганига фақат ва фақат қойил қолиш керак! Қайси соҳа қолди гапирилмаган? Ҳеч қайси!

Ҳусниддин Бердиев:

«Ниҳол мукофоти олган одамдан кўра, китоб ўқиган одам кўпроқ ҳурматга лойиқ». Бўларкан-ку?!

Муслим Мирзажонов:

— Хотин, бўпти, мен бирровга Тошконга бориб келай!
— Ҳай, дадаси, паспортингизни олдингизми? Яна, Наманганни постидан қайтиб келманг!
— Ҳа, қўявер! Паспортни энди дипломни ёнига ташаб қўй, бир чанги чиқсин!

Баҳриддин Асрор:

Агар ЙПХ ходими сиз билан камерасиз суҳбатлашса, протоколи ўтмайдиган тизим йўлга қўйиларкан — Президентнинг ҳозирги нутқларидан.

Зилола Хўжаниёзова:

Бебаҳо нутқ бўлди, ҳаяжон билан тингладик! Янгиликлар, яхшиликлар бардавом бўлсин, илоҳим! Янги йил, Юртбошимиз таъкидлаган ислоҳотлар ижобати билан файзли бўлсин!

Дима Қаюм:

Постларни бузиб ташласа, чиққан материалларини менга беришса, яхшилаб қайта ишлаб, печка ясаб сотардим.

Шермуҳаммад Акбаров‎:

Эътибор бердингларми?

Видеоселекторда, кекса ёшдагилар ва муддати тугаётган бир икки ёши катта депутатлар хўмрайиб ўтиришди.

Худдики, бу муаммоларнинг энди уларга қизиғи йўқдай.

Худдики, бу муаммоларда уларнинг айби йўқдай.

Худдики, бу муаммоларни бошқалар ҳал этиши керакдай.

Ҳамма пенсия ёшидагилар, ўзбек футболчиларидай ланж ўтиришди.

Пенсионерлар ростдан ҳам дам олишга чиқишлари керак.

Сардор Салим:

«Президентимиз нутқларини катта ҳаяжон ва қувонч билан эшитиб...» Тез кунда барча ТВ канал ва газета саҳифаларида. ТВни бу йил бошқа ёқмасангиз ҳам бўлади.

Фарҳод Абдураҳмон:

Шу нутқда маддоҳлик ҳақида ҳам гапириб кетилганда, балки ОАВ ҳам ортиқча баландпарвоз ва мақтовларни камайтирган бўлармидилар.

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон:

Жумадан қайтсам, аяси телевизор қаршисида йиғлаб ўтирибди!

— Дадаси, оғир кунларимиз орқада қолди, шекилли. Кўнглим сезиб турибди: сиз орзу қилган кунлар келяпти! Кўринг, эшитинг сиз ҳам, — дейди.

Кўрдим. Эшитдим. «Аллоҳу акбар!» дедим.

Иброҳим Пўлатов:

Мустақил бўлганимиздан буён бундай йиғин бўлмаган. Президентнинг ҳам дарду армонлари бор экан, бу Халқники ҳамдир.

Дониёр Рўзметов:

Президент гапирса, кўзлар очилади!

Ўша куни «Водий билан Тошкент ўртасидаги пост» ҳақида ёзганимизда, муаммолар мавжудлигини айтганимизда, айримлар худди «ватан хоини»га чиқариб қўяёзганди. «Ўша ердаги қўпол муомала қиладиганлар хавфсизлигимизни сақлаяптилар, раҳмат дегин», деган маънода оғзимизга урган эдилар.

Бугун бу муаммонинг мавжудлигини президентимиз айтгач, у ҳақиқатдан ҳам мавжуд бўлиб қолди. Бизнинг оғзимизга урганларнинг эндиги фикрлари менга қизиқ бўляпти.

Бир пайтлар нотариуслар ҳақидаги мақоласи учун Жамшид Ниёзовга қанча озор берганлари ёдимда. Энди буниям президент айтгач, муаммонинг мавжуд эканлигини ҳамма кўриб қолди.

Ҳозирда Тошкентдаги прописка муаммоси, вилоятликларга муомала ва муносабат муаммосини хам кўпчилик кўрмаяпти. Ажабмас, бир кун келиб президент бу муаммо ҳақида ҳам гапирса ва айрим амалдорларнинг кўзлари очилиб, бу муаммони ҳам кўра бошласалар!

Илгари «Подшонинг қадами етган жойлар обод бўлиб кетади», деб айтганларини эшитганман. Эндиликда кўпчилигимиз президент гапирса, кўзлар очилиб, кўринмаган муаммолар кўриниб кетаётганлигига гувоҳ бўлмоқдамиз.

Президентимизнинг бошлари омон бўлсин. Юртимиз равнақи ва халқимизнинг фаровонлиги учун ўз олдига қўйган эзгу ниятлари рўёбга айланаверсин!

Top