10:45 / 25.12.2017
30921

Ўқчи ва Олмазорда яшовчи фуқароларга янги уйларда квартира таклиф қилинди

Фото: Flickr

Пойтахтда Tashkent City халқаро ишбилармонлик маркази қурилиши туфайли бузилаётган Ўқчи ва Олмазор маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаролар уй-жойлари бузилиши бошланишидан олдин турар-жой билан таъминланади. Бу ҳақда Тошкент ҳокимияти хабарида айтилган.

Фуқаролар ўз хоҳишларига кўра Яшнобод туманидаги янги уйлардан квартираларни ёки уй-жойнинг иккиламчи бозорида квартираларни танлашлари мумкин.

Шайхонтоҳур туманидаги Ўқчи ва Олмазор маҳалласи 1930-1950 йилларда қурилган. 2015 йилда Ўзбекистон ҳукумати топшириғига кўра Тошкент шаҳри ҳокими қарори билан турар-жойлар ва бошқа объектларни бузиш, юқорида кўрсатилган маҳаллаларнинг қолган қисмида яшовчи оилаларни кўчириш белгиланди.

Шайхонтоҳур ҳокимияти махсус комиссияси томонидан ўша йилда уйма-уй юриш чоғида иккита маҳаллада 556 та уй-жой жойлашгани, 2276 оила рўйхатдан ўтгани аниқланган. Шу билан бирга, маҳалла қўмиталари маълумотларига кўра, аслида 1297 оила истиқомат қилган, қолганлар эса бошқа манзилларда яшаган.

Уй-жойларни бузиш ва оилаларни кўчириш бўйича ишлар 2015 йилнинг баҳорида бошланган. 12 та уй-жой бутунлай бузилди, 88 таси қисман бузилди, 329 оила кўчирилди. Кўчириш фуқароларнинг ёзма розилиги билан иккиламчи бозорда квартиралар тақдим этиш ёки хусусий уй-жой қурилиши учун ер участкаларини тақдим этиш йўли билан амалга оширилди.

2016 йилда Ўзбекистон раҳбарияти томонидан ушбу ҳудудда Tashkent City халқаро ишбилармонлик марказини қуриш ҳақида қарор қабул қилинди, унга тадбиркорлар ва банкларнинг 1 млрд долларлик маблағларини йўналтириш мўлжалланмоқда.

Бузиладиган ҳудуддан доимий тарзда истиқомат қилувчи оилаларни кўчириш учун Tashkent City дирекциясига Яшнобод туманида 21 та кўп қаватли уйни қуриш учун ер участкалари ажратилди. Кўп квартирали уйларнинг қурилиши 2018 йилнинг май-июнь ойларида якунланиши режалаштирилган.

22 декабрь ҳолатига кўра 96 оила янги кўп квартирали уйларнинг қурилиши якунлангунига қадар бошқа туманларда вақтинчалик истиқомат қилиш учун товон пули тақдим этилишига рози бўлган. 75 оила бир оилага 11,2 млн сўмлик миқдорда ижара учун товон пулини олди. Тўққиз оилага уларнинг хоҳиши билан иккиламчи бозорда квартиралар танланди, 35 оила деярли кўчирилди, 9 та уй-жой бутунлай бузилди, 6 таси – қисман.

Уй-жойларни бузиш улардан доимий тарзда яшовчи оилаларни бутунлай кўчириш амалга оширилгандагина амалга оширилмоқда, дея таъкидланади хабарда.

Top