20:55 / 27.12.2017
25320

Тошкентга янги автобуслардан 50 донаси келтирилмоқда

Фото: MAN Auto-Uzbekistan

Тошкент шаҳрида йўловчи ташиш хизматини босқичма-босқич яхшилаш ҳамда ривожлантириш мақсадида MAN А22 SNG русумидаги катта сиғимли 50 дона замонавий автобуслар «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ автопаркига етказиб берилди. Бу ҳақда «MAN Auto-Uzbekistan» компанияси Kun.uz'га хабар берган.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 11 март куни қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан 2017 йилда 50 дона, 2018 йилда 110 дона, 2019 йилда эса 190 дона табиий газда ҳаракатланувчи автобус автопаркка тақдим этилиши белгиланган. Шундай қилиб, уч йил давомида умумий ҳисобда 350 дона замонавий автобуслар фойдаланишга топширилиши назарда тутилган.

MAN бренди остида ишлаб чиқарилаётган А22 SNG русумли автобуснинг узунлиги 12 м бўлиб, сиқилган табиий газда ҳаракатланади. Кузов енгил алюминий металлидан ишлангани туфайли, шаҳарда ҳаракатланаётган автобус асфальтга қўшимча юк туширмайди. Бир вақтнинг ўзида 90 нафар йўловчини ўз бағрига олиш имкониятига эга.

Фото: MAN Auto-Uzbekistan

«Экологик тоза автомобиль» (EEV) стандарти асосида автобусга Э2876 двигателлари ўрнатилган.

Дастурга кўра, шаҳар атрофида қатновчи автобус йўналишларининг охирги тўхташ пунктларини Тошкент ҳалқа автомобиль йўли бўйлаб жойлаштириш белгиланган. Йўловчи транспортлари ҳаракатини GPS-мониторинг қилиш тизими янада ривожлантириш ишлари давом эттирилади. Икки ой ичида, Тошкент шаҳар йўловчи транспортида йўлкира тўлашнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш бўйича ҳукумат қарори лойиҳаси тайёрланиши белгиланган.

Фото: MAN Auto-Uzbekistan

Шу билан бирга, 2030 йилгача Тошкент йўловчи транспортини ривожлантириш консепциясини ишлаб чиқиш режалаштирилган. Йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида 670 нафар ҳайдовчи қайта тайёрланади.

Top