18:45 / 13.01.2018
7790

Швециянинг Danfo компанияси ҳожатхоналар тармоғи операторига айланиши мумкин

Фото: Ўзбектуризм

2018 йилнинг 11 январида Ўзбекистон Республикаси Давлат туризм қўмитаси раиси А.Абдухакимов билан Швециянинг Danfo компанияси вакили А.Шалашинский ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувдан кўзланган мақсад Ўзбекистон Республикаси турли ҳудудларида ҳожатхоналар инфраструктурасини ташкил қилишнинг амалий жиҳатларини муҳокама қилиш эди. Йиғилиш давомида компанияга мамлакатнинг сайёҳлик индустриясини ривожлантириш бўйича қабул қилинган чора-тадбирлар, хусусан, хорижий мамлакатлардан сайёҳлик оқимини кўпайтириш бўйича маълумотлар бериб ўтилди. Учрашувда мамлакат бўйлаб замонавий ҳожатхоналар тармоғини яратиш мамлакат сайёҳлик обрўсининг муҳим таркибий қисмларидан бири эканлиги ҳам алоҳида таъкидланди.

Фото: Ўзбектуризм

Швеция компанияси вакили Danfo'нинг автоматлаштирилган ҳожатхоналари афзалликлари, у уяли кабиналардан тортиб, тўлиқ жиҳозланган, биринчи даражали дизайн, душ ҳамда жуда ҳам қулай шарт-шароитлардан иборат функциялари тўғрисида маълумот берди.

Danfo, шунингдек, мижозга тақдим этилган ҳожатхоналарга дарҳол тўламасликлари учун узоқ муддатли лизинг ёки ижара шартномасини киритиш ёки уни бошқа тижорий схемалар (масалан, реклама майдони) орқали молиялашга имкон берувчи мослашувчан молиялаштириш вариантларини ишлаб чиқди, бу эса мижозларга ҳатто кичик бюджетлар эвазига юқори сифатли ҳожатхоналардан фойдаланиш имкониятини яратади.

Фото: Ўзбектуризм

Бундан ташқари, ногирон кишиларга бундай ҳожатхоналардан фойдаланиш учун шароит яратиш ҳам режага киритилган.

Шунингдек, Қўмита раиси Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган ҳожатхона материаллари ва бутловчи қисмлардан максимал фойдаланиш кераклигини таклиф этган ҳолда маҳаллий бозорда харажатларни камайтириш лозимлигини айтиб ўтди.

Фото: Ўзбектуризм

Учрашув якунида томонлар автоматлаштирилган ҳожатхона лойиҳасини амалга ошириш бўйича келишиб олинди ва Danfo компанияси билан ҳамкорликда республикада бошқа турдаги ҳожатхоналарни ҳам ишлаб чиқариш бўйича фикрлар алмашилди.

Top