Отаси туфайли уйидан қувилган фарзандлар кимга мурожаат қилсин?
Оталар борки, қора қозонни қайнатиш учун ўзга юртга бориб бўлса-да, оиласи учун жон фидо қилади. Яна шундай оталар борки, Аллоҳ берган неъмат - фарзанд, оила ва жуфт ҳалолини бошпанасиз қолдиришга ҳам рози. Kun.uz таҳририятига мурожаат қилган шаҳрисабзлик аёл бошидан кечираётганларини ҳикоя қилиб берди.
«Ҳаммаси рисоладагидек: биз оиламиз билан аҳил эдик. Камчилик ё ғамни Яратганнинг туҳфаси, деб билдик. 1994 йилдан буён Шаҳрисабз тумани Шароф Рашидов кўчасида жойлашган 36-уйда яшаб келамиз. Яшаб турган хонадонимизни бирга барпо этдик, эр-хотин бир тан, бир жон бўлиб меҳнат қилдик, болаларни улғайтирдик», дейди Гулшан Мухторова.
Оиладаги келишмовчилик борган сари жиддий тус олиб, эр-хотиннинг ажралишига сабаб бўлди. Ҳамма ғавғо шу лаҳзада бошланган, яъни Гулшаннинг собиқ турмуш ўртоғи Илҳом Бухариев марҳум отаси Нарзулла бобо номидаги ерни фарзандларининг онасига қолдиришни истамади. Гарчи, оила мана шу хонадонда 10 йилдан ортиқ вақт мобайнида яшаб келганига қарамай, уй расман Гулшаннинг қайнотасига тегишли эди.
«Турмуш ўртоғим шунда акасининг фойдасига меросдан воз кечдими, билмайман, уй қайноғамга тегишли бўлиб қолди. Шавкат Бухариев (қайноға - таҳр.) эса ўз вақтида уйни Рафиқа Ғаниевага сотиб юборди. Шунинг билан биз яшаб турган уй ҳужжатларга кўра ўзганинг мулкига айланди», деб маъюс тортди аёл.
Маълум қилинишича, 2007 йил 4 июнь куни Г.Мухторова ва И.Бухариев ўртасида келишув битими тузилган бўлиб, унда Илҳом собиқ турмуш ўртоғи ва фарзандларини уй-жой билан таъминлаш мажбурияти таъкидланган. 2013 йил 11 апрелда Фуқаролик ишлари бўйича Шаҳрисабз туманлараро суди томонидан мазкур иш юзасидан ажрим қабул қилинган. Унга кўра, келишув битимида назарда тутилган бандларни амалга ошириш учун мажбурий ижрога қаратилган.
Низоли уй-жой Рафиқа Ғаниева номига расмийлаштирилгани, унинг судга даъво аризаси билан мурожаат қилгани туфайли, Гулшан яшаб келаётган хонадонидан мажбурий тартибда кўчириш тўғрисида қарор чиқарилган. Фалакнинг гардиши билан Мажбурий ижро бюроси ходимлари икки хил талабни амалга ошириши лозим: 1) Гулшан Мухторовани уйдан мажбурий кўчириш; 2) келишув битимига кўра, Илҳом Бухариев оиласини уй-жой билан таъминлаш талаби.
Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Қашқадарё вилояти бошқармаси мазкур ҳолат юзасидан жонли изоҳ беришни истамади, ёзма изоҳда ҳам ҳеч қандай жўяли гап йўқ.
Бизни ўйлантирган масала шундаки, уй-жой билан таъминлашни зиммасига олган ота мерос мулкни акасининг фойдасига воз кечиши, уйни яна бошқа одамга сотиб, оиласини бошпанасидан «қувиши» инсофданми? МИБ ходимлари эса аёл ва болаларни уйдан ҳайдаб солиши осон, «уй олиб беришни истаган Бухариев таклифига Гулшан рози эмас», деган важни илгари суриб, Илҳом Бухариевдан уйни ундириб олиш қийинми? Қонунларимиз ижтимоий адолатни таъминлаб бера олмаса, депутатлар ҳар куни нималарни муҳокама қилади? Биз мутасадди вакиллардан бир аёл мисолида юзага чиққан масалага эътибор қаратиб, «ўрнатилган тартибларни» қайта кўриб чиқишларини сўраймиз.
Мавзуга оид
18:40 / 09.11.2024
МИБнинг Андижон ва Фарғона вилоятлари бошқармаси раҳбарлари ўзгарди
17:26 / 08.11.2024
“Эмбрионлар қаровсиз қолиб кетди” — ЭКУ орқали фарзанд кутган аёллар алданди(ми?)
07:37 / 08.11.2024
202,9 млрд сўмлик ижро ишларини асоссиз равишда тугатган МИБ мансабдорлари аниқланди
16:17 / 02.11.2024