Ўзбекистон | 18:27 / 05.02.2018
12838
5 дақиқада ўқилади

“Ўзстандарт”нинг Самарқанд маркази мутахассислари экспортёрларни халқаро ISO стандартлари бўйича ўқитмоқда

Фото: Ўзстандарт

“Самарқанд синов ва сертификатлаштириш маркази” давлат корхонаси томонидан жорий йилнинг 05-06 феврал кунлари вилоятнинг Ургут туманида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 28 апрелдаги ПҚ 2935–сонли, ҳамда 2017 йил 07 августдаги ПҚ 3175–сонли қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида “Ургут Эркин Иқтисодий Зонаси”да фаолият юритаётган экспорт қилувчи ва хизмат кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари учун “Замонавий халқаро муносабатлар, ISO 9001:2015 “Сифат менежменти тизимлари”, ISO 22000 “Озиқ овқат хавфсизлиги”, ИСО 50001 “Энергоменеджмент”, ИСО 14001 “Экологик менеджмент” хамда “Аудит орқали ишлаб чиқаришнинг юксалиши” мавзуларида семинар тренинг ўтказилмоқда.

Маълумки, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш, иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларга хорижий инвестицияларни тўғридан-тўғри фаол жалб қилиш, хусусийлаштирилган объектлар базасида тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, вилоят, туман ва шаҳарларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир кўплаб вазифалар белгиланган.

Бу борада, мамлакатимизда эркин иқтисодий зоналар, технопарклар ва кичик саноат зоналари фаолияти самарадорлигини ошириш, янгиларини ташкил этиш борасида олиб борилаётган ишлар муҳим аҳамият касб этмоқда. 

Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 26 октябрдаги “Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини фаоллаштириш ва кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ ушбу зоналар учун янада қулай шарт-шароитлар яратилди. 

Фото: Ўзстандарт

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 январдаги “Ургут”, “Ғиждувон”, “Қўқон”, “Хозарасп” эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисидаги ПФ-4931-сонли фармонига асосан Самарқанд вилоятининг Ургут туманида эркин иқтисодий зонаси ташкил этилди.

Таъкидлаш жоизки, мазкур янги ташкил этилган эркин иқтисодий зоналарда мева-сабзавот ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, сақлаш ва қадоқлаш, тўқимачилик, гилам тўқиш, пойабзал ва чарм-галантерея, экологик жиҳатдан хавфсиз кимё, фармацевтика, озиқ-овқат, электротехника саноати, машинасозлик ва автомобилсозлик, қурилиш материаллари ва бошқа йўналишларда замонавий ишлаб чиқариш қувватлари ташкил этилади. Эркин иқтисодий зоналар ҳудудларда ишлаб чиқариш ҳамда ресурс салоҳиятларидан комплекс ва самарали фойдаланиш, шу асосда янги иш ўринларини очиш натижасида аҳолининг барқарор даромади ҳамда турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

Шунингдек, Президент фармонида янги ташкил этилган эркин иқтисодий зоналарда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва маркировка қилиш бўйича халқаро стандартларга мувофиқ илмий-ишлаб чиқариш марказларини ташкил этиш ва уларнинг қарорларини халқаро даражада эътироф этилишини таъминлаш чора-тадбирлари кўриш вазифаси белгилаб берилган.

Ушбу фармонда белгиланган вазифа ижросини таъминлаш мақсадида 2017 йил апрел ойида “Ўзстандарт” агентлиги “Самарқанд синов ва сертификатлаштириш маркази” давлат корхонасининг Самарқанд вилоят Ургут туманида маҳсулотларни стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва маркировка қилиш бўйича халқаро стандартларга мувофиқ илмий-ишлаб чиқариш маркази ташкил этилди. Мазкур илмий марказ томонидан бугунги кунда Ургут эркин иқтисодий зонасида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларига стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва халқаро стандартларга мувофиқ сифатни бошқариш тизимларини жорий этиш соҳаларида яқиндан амалий ёрдам кўрсатиб келинмоқда.

Фото: Ўзстандарт

Айниқса, маҳсулот экспорт қилувчи тадбиркорлар учун ISO халқаро стандартларини мазмун моҳиятини тушунтириш юзасидан бепул ўқув курсалари ташкил этилмоқда.

Маълумот ўрнида шуни айтиш мумкинки, ўтган 2017 йил давомида 28та корхоналарга халқаро ва миллий тарзида ISO 9001 стандарти бўйича сифат менежменти тизимлари сертификатлаштирилди (шундан: 8 таси халқаро даражада). 12 та экспортёр корхоналарга ISO 9001, ISO 22000, ISO 50001 стандартлари бўйича ўқув семинарлари ташкил этилиб, тегишли сертификатлар расмийлаштириб берилди.

Бир сўз билан айтганда - бу ерда фаолият кўрсатадиган тадбиркорлик субъектларига турли имтиёз ва қулайликлар тақдим этилиши хусусий сектор вакилларига ўз ташаббус ҳамда лойиҳаларини иккиланмасдан, қатъият билан рўёбга чиқариб, бизнесини ривожлантиришда ҳал қилувчи омил бўлиши муқаррардир. 

Мавзуга оид