15:31 / 06.02.2018
9673

Биржаларда клиринг операцияларини ўтказиш қоидалари тасдиқланди

Вазирлар Маҳкамасининг 17.01.2018 йилдаги «Биржа ва кўргазма-ярмарка савдоларини тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 33-сон қарори қабул қилинди.

Norma.uz’нинг ёзишича, ҳужжат билан биржа ва кўргазма-ярмарка савдоларида сотиладиган товарларнинг тоифалари белгиланди.

Биржалардаги ўзаро ҳисоб-китоблар – тасдиқланган қоидалар бўйича

Қарор билан Товар-хом ашё биржаларида ҳисоб-китоб-клиринг операцияларини ўтказиш қоидалари тасдиқланди. Унда қуйидагилар белгиланган:

• клиринг иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
• ҳисобварақларни юритиш ва клиринг ўтказиш тартиби;
• тузилган биржа битимлари бажарилишини таъминлаш тартиби;
• клиринг хизмати кўрсатишни тўхтатиш.

Ҳужжат билан биржа савдосида қўлланиладиган айрим тушунчаларга таъриф ҳам берилган. Масалан, клиринг – биржа аъзолари ва уларнинг мижозларининг ўзаро мажбуриятларини белгилаш, аниқлаштириш ва ҳисобга олишга доир операциялар мажмуаси, шунингдек, улар ўртасида амалга ошириладиган ўзаро ҳисоб-китоблар. Ушбу операциялар ўтказилишини ҳисоб-китоб-клиринг палатаси клиринг электрон тизими орқали таъминлайди. ҲККП – юридик шахс мақомига эга бўлмаган биржанинг таркибий бўлинмаси.

Ким клиринг иштирокчиси бўлиши мумкин

Улар юридик шахс бўлган биржа аъзолари ва/ёки уларнинг мижозлари, шу жумладан хорижий, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорлар (биржа савдоларида харидорлар сифатида) бўлиши мумкин.
 
Маълумот учун: биржа аъзолари – биржа томонидан белгиланган тартибда биржа савдоларида иштирок этиш ва биржа битимлари тузиш ҳуқуқини олган юридик шахслар (дилерлар, маркет-мейкерлар, брокерлар). Биржа аъзолари биржа савдоларида улар номидан биржа битимлари тузиш ваколатини олган ўз ходимлари (трейдерлар) орқали иштирок этадилар.

Клиринг иштирокчиси бўлиш учун ҲККПда рўйхатдан ўтиш зарур. Биржа аъзоси ёки унинг мижозига фойдаланувчининг шахсий рақами (ФШР) берилади ҳамда амалга ошириладиган битимлар бўйича мажбуриятларни ва талаб ҳуқуқини ҳисобга олиш учун зарур бўлган тегишли шахсий ҳисобварақ очилади.

Рўйхатга олингандан кейин клиринг иштирокчилари биржа савдоларида иштирок этиш ва ўз мажбуриятларини бажариш учун ҲККП иккиламчи ҳисобварағига пул маблағларини ўтказадилар. ҲККП иккиламчи ҳисобварағи биржага хизмат кўрсатувчи банкда очилади.  

ҲККП ва клиринг иштирокчиларининг ўзаро ҳамкорлиги – шартнома бўйича

ҲККП клиринг иштирокчилари билан клиринг хизмати кўрсатиш шартномасини тузади. Биржа аъзоси ва унинг мижози ўртасидаги ўзаро муносабатлар эса улар ўртасида тузилган топшириқ (воситачилик) шартномаси билан тартибга солинади. ҲККП биржа аъзоларининг мижозлари билан уларга хизмат кўрсатувчи биржа аъзолари орқали ўзаро ҳамкорлик қилади. Биржа аъзолари, агар бу топшириқ (воситачилик) шартномасида кўрсатилган бўлса, ўз мижозларининг вакиллари ҳисобланадилар.

Битимлар бўйича ҳисоб-китоблар фақат клиринг электрон тизими орқали амалга оширилади.

Ҳужжат 19.01.2018 йилдан кучга кирди. 

Top