21:46 / 08.02.2018
13397

Давлат хизматлари агентлиги ходимлари Қорақалпоғистоннинг энг чекка аҳоли пунктларига ташриф буюрди

Фото: Адлия вазирлиги

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигининг ишчи гуруҳи айни кунларда Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб турибди. Ишчи гуруҳнинг мақсади президент Шавкат Мирзиёев томонидан белгиланган вазифаларни амалга ошириш механизмларидан бири бўлмиш – давлат  хизматлари кўрсатиш тартибларини такомиллаштириш, давлат хизматлари самарадорлиги, тезкорлиги ва сифатлилигини таъминлашдир. Бу ҳақда Адлия вазирлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Агентлик ходимлари сайёр хизматлар кўрсатиш ҳамда Қорақалпоғистондаги ҳар бир фуқаронинг  кундалик ҳаёти учун зарур бўлган давлат хизматлари сифатини  тубдан яхшилаш соҳасида амалга оширилаётган  ислоҳотларнинг  мазмун-моҳиятини  кенг аҳолига етказиш мақсадида энг чекка аҳоли пунктларига ташриф буюрмоқда. Хусусан, сайёр қабуллар Мўйноқ, Шуманай, Тўрткўл, Қораўзак овуллари ва бошқа туманларни қамраб олди. Шу тариқа, республиканинг энг чекка ҳудудларида бевосита хизмат кўрсатиш ташкиллаштирилди, маҳаллий аҳоли билан учрашув ва очиқ мулоқотлар ўтказилди.

Бевосита мулоқот доирасида Агентлик ходимлари фуқароларнинг давлат хизматларидан фойдаланиши жараёнида дуч келаётган қийинчиликлари, Давлат хизматлари марказларининг аҳоли турмуш даражасини оширишдаги ўрни ва аҳамиятига доир фикр-мулоҳазалари, давлат хизматларини кўрсатиш соҳасини янада такомиллаштириш бўйича таклифларини тинглади.

Шунингдек, Агентлик ходимлари томонидан Шуманай тумани мактабларида таништирув маърузалари ва Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида тақдимотлар ўтказилди. Унда ўсиб келаётган ёш авлодга давлат хизматларининг мазмун-моҳияти ҳақида тушунтириш берилди. Бундан ташқари, ёшлар Агентлик ва Давлат хизматлари марказлари фаолияти билан танишди, ўзларини қизиқтирган саволлар, жумладан, давлат хизматларини кўрсатиш тартибини бузганлик учун жавобгарлик, давлат хизматларини кўрсатиш устидан мониторинг олиб бориш ва уни назорат қилиш, шунингдек, бандлик масалаларига оид саволларга жавоб олишди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикаси туманларидаги барча Давлат хизматларини кўрсатиш марказларига автотранспорт воситалари топширилди. Бу чекка ҳудудларда истиқомат қиладиган аҳолига қисқа фурсатда давлат хизматларини кўрсатиш тизимини мунтазам йўлга қўйиш имконини беради.

Top