Жаҳон | 20:37 / 21.02.2018
8966
2 дақиқада ўқилади

АҚШнинг 12 президентига маслаҳатчи бўлган руҳоний вафот этди

Фото: Getty Images

АҚШнинг Шарлотт шаҳридаги (Шимолий Каролина штати) уйида 20-асрнинг энг нуфузли руҳонийларидан бири ҳисобланган, диний ва жамоат арбоби Билли Грэм 99 ёшида вафот этди.  

Грэм дунёдаги энг йирик баптист ташкилоти ва АҚШда издошлари сони бўйича биринчи рақамли протестант ташкилоти – Жанубий баптист конвенцияси пастори ҳисобланган. 

Грэм, шунингдек, Гарри Трумэндан бошлаб Барак Обамагача АҚШнинг 12 президенти маслаҳатчиси бўлган. У Дуайт Эйзенхауэр, Линдон Жонсон ва Ричард Никсон билан айниқса яқин муносабатларда бўлган. Бундан ташқари, Грэм қора танлилар ҳуқуқлари учун курашувчи ҳаракат етакчиси Мартин Лютер Кинг билан дўст бўлган..

Грэм 1918 йилда туғилган. У 1949 йилда Лос-Анжелесда 8 ҳафта давом этган ваъзхонликларидан кейин дунёга танилган. У шундан бошлаб дунёнинг 185 та давлатида 215 млн киши олдида ваъзхонлик қилган.

Грэм Гэллап институти томондан тузиладиган, дунёнинг энг ҳурмат қилинувчи одамлари етакчи ўнталигига 60 марта киритилган.  

1992 йилда Грэмга Паркинсон касаллиги ташхиси қўйилган. У 2005 йилда соғлиғи сабабли расман пенсияга чиққан.  

Мавзуга оид