20:00 / 21.02.2018
6509

Apple кобальт сотиб олиш бўйича бевосита қазиб олувчилар билан музокаралар олиб бормоқда – Bloomberg

Фото: John Gress / Reuters

Bloomberg ахборот агентлигининг маълум қилишича, Apple компанияси кобальт металлини бевосита уни қазиб олувчилардан сотиб олиш бўйича илк бор музокаралар олиб бормоқда. Компания ушбу металлдан бир неча юз минг тонна сотиб олмоқчи.

АҚШ компанияси айнан кимлар билан музокаралар олиб бораётгани маълум қилинмаган. Манбанинг маълум қилишича, ушбу масала бўйича маслаҳатлашувлар бир йилдан бери давом этмоқда ва у натижада муваффақиятли якунланишига ҳеч қандай кафолат йўқ.   

Кобальт Apple’га аккумуляторлар ишлаб чиқариш учун керак. Дунёда олинувчи кобальтнинг чорак қисми смартфонлар ишлаб чиқаришда қўлланади. 

Металлнинг бевосита уни ишлаб чиқарувчи компаниялар томондан етказилиши унга талаб ошган бир пайтда металлни узилишларсиз етказиб беришни таъминлайди.

Ушбу металл нархи охирги 1,5 йил ичида унга электромобил ишлаб чиқарувчилар томондан талаб ошгани сабаб 3 баробарга ошган. Кобальт учун “курашга” электромобиллар тармоғини ривожлантирмоқчи бўлаётган BMW ва Volkswagen ҳам қўшилган. Смартфон батареяси учун бор-йўғи 8 грамм кобальт керак бўлган бир пайтда, электромобил батареясига ушбу металлдан бир килограмм керак бўлади.

Ҳозирда кобальт етказиб берувчи асосий давлат Конго ҳисобланади. Унинг ҳисобига дунёда олинадиган кобальтнинг 60 фоизи тўғри келади. Apple бир неча йил аввал бевосита Конго билан ишламоқчи бўлган, бироқ Amnesty International ҳуқуқни ҳимоялаш ташкилотининг Африкадаги кобальт конларида болалар меҳнатидан фойдаланилиши ҳақидаги маърузасидан кейин “четда туришни” афзал кўрган. 

Top