09:20 / 23.02.2018
14235

64 млрд доллар. Саудия Арабистони кўнгил очиш саноатида инқилобий ўзгаришлар кутилмоқда

Фото: Mohamed Alhwaity / Reuter

Саудия Арабистони кейинги 10 йил ичида кўнгил очиш саноатига 64 млрд доллар сармоя киритмоқчи. Бу ҳақда Arab News хабар бермоқда. 

Маблағлар кўнгил очиш инфратузилмасини барпо этиш, конецертлар, мюзикллар ташкиллаштириш, комиклар чиқиши ва мамлакатдаги биринчи опера театри қурилишига сарфланади. Бу ҳақда Саудия Арабистонининг кўнгил очиш бошқармаси раҳбари Аҳмад бин Оқил Ал-Хатиб маълум қилди.      

Ушбу бошқарма мамлакатдаги ижтимоий ва иқтисодий ислоҳотлар дастури Vision 2030 доирасида ташкил этилган.

Ушбу инвестициялар бу дастурнинг бир қисми бўлади: мамлакат валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон қиролликнинг нефтга боғлиқлигини камайтириб, иқтисодиётни жумладан кўнгил очиш саноатига сармоя киритиш ҳамда аҳоли ўз пулларини ҳордиқ чиқаришга сарфлай бошлашлари ҳисобига диверсификация қилмоқчи.   

Ал-Хатибнинг айтишича, 2018 йилда қиролликда 5 мингдан кўпроқ кўнгилочар тадбир ўтказиш режалаштирилган. Улар орасида Maroon 5 мусиқий гуруҳи ва Cirque Du Soleil цирк жамоаси артистлари чиқишлари бор. 

Бундан ташқари, 2018 йилда маҳаллий аҳоли ва сайёҳлар мамлакатнинг 56 та шаҳрида мюзикллар, оилалар учун шоулар, стендап-комиклар чиқишлари, концертлар, цирк томошаларига ташриф буюришлари мумкин бўлади. Шунингдек, март ойида мамлакатда 35 йиллик тақиқловдан кейин илк кинотеатр очилмоқчи.

Бундан ташқари, Жидда шаҳрида қиролликдаги илк опера театри қурилади.

Буларнинг барчаси охирги 20 йил давомида концертлар, ресторан ва дўконларда мусиқа тақиқланган давлатда рўй бермоқда. 

Ал-Хатибнинг айтишича, 2030 йилга қадар кўнгил очиш саноатини ривожлантириш дастури ёрдамида 224 мингта янги иш ўрни яратилади. 

Top