13:10 / 26.02.2018
13191

Ҳасанбой Дўсматов: «Қанча кўп мухлис бўлса шунча яхши. Мухлислар 50 фоиз ғалабани кафолатлайди»

Фото: Tribuna.Uz

WSB йўналишида мусобақаларда иштирок этаётган «Uzbek Tigers» жамоаси аъзоси Ҳасанбой Дўсматов Кубанинг «Cuba Domadores» жамоасига қарши учрашув олдидан жанг ўтказиладиган сарой сиғими камроқ экани борасида фикрлари билан ўртоқлашди.

«Мухлислар қанчалик кўп бўлса, бу шунчалик руҳий устунлик беради. Мухлислар 50 фоиз ғалабани кафолатлайди, деб айта оламан. Мухлислар кўпроқ қўллаб-қувватлашса, руҳий жиҳатдан кайфиятингиз ҳам жойида бўлади. Эртага бўлиб ўтадиган жангда ҳам мухлисларимиз бизни қўллаб-қувватлаб, қўшимча куч бўла олишади деб умид қиламан.

Жанглар ўтказиладиган жойининг ўзгариши бизга катта фарқ қилмаса керак. Агар бошқа давлат бўлганида у ернинг иқлимига мослашиш ва бошқа муаммолар бўлиши мумкин эди. Лекин Термиз ҳам Тошкент ҳам Ўзбекистон.

Албатта, беш минг кишилик арена билан минг кишилик жойнинг фарқи катта. Лекин шунга қарамасдан, бизни саройдан туриб бўлмасада, телевизор қаршисидан қўллаб-қувватлаб турадиган отахон-онахонларимизнинг дуоларини ҳам, уларнинг қўллаб-қувватлашини ҳам ҳис қилиб турамиз.

Аргилагосга қарши жангни реванш деса ҳам бўлади. Рақибим билан тўртинчи марта жангга чиқишим бўлади. Бу ерда ким ақллироқ, ким тезроқ ишласа, кимнинг мураббийи жангдан келиб чиққан ҳолда тўғри ёндашса, ўша боксчи ғалаба қозонади деб ўйлайман. Олдинги жангларимнинг ҳар бир сониясини қайта-қайта кўриб чиқиб, керакли хулосаларни чиқариб олдик. Эртага кучли рақибга қарши жангда ғалаба қозониш учун барча имкониятимни ишга соламан», дея гапириб ўтди Дўсматов KUN.UZ мухбири билан суҳбатда.

Top