Спорт | 19:52 / 05.10.2023
33400
8 дақиқада ўқилади

Осиё ўйинлари кундалиги. Боксдаги олтинлар ва уч карра совриндор бўлган Ассакалов

Ўзбекистон вакиллари кун давомида 3 та олтин ва 3 та бронза қўлга киритишди, делегация ҳисобидаги жами медаллар сони 60 тага етди.

Фото: Миллий олимпия қўмитаси

5 октябр куни Осиё ўйинларида карате, слаломда эшкак эшиш, жиу-житсу каби спорт турларида ҳам баҳслар бошланди. Ўзбекистон вакиллари бокс ва кураш бўйича баҳсларда навбатдаги медалларни қўлга киритди.

Юнон-рум кураши

Ўзбекистон учун бугунги дастурлардаги илк медал тажрибали курашчи, 39 ёшли Рустам Ассакалов томонидан олиб берилди. -97 кг вазн тоифасида иштирок этган спортчи дастлабки босқичдаёқ эронлик кучли рақиб Сарави Муҳаммадийга дуч келди ва 3:6 ҳисобида ютқазди. Аммо ушбу рақиби якунда финалга етиб боргани туфайли (у финалда олтин медални ҳам ўзиники қилди), Ассакалов бронза учун ўтиш баҳсларида қатнашиш имкониятига эга бўлди. Бронза йўлида дастлаб қирғизистонлик Узур Жузупбековни мағлуб этган (8:1) Ассакалов медал учун баҳсда қозоғистонлик Ислам Умаевни ҳам таслим этди.

Рустам Ассакалов шоҳсупада

Шу тариқа, Ассакалов Осиё ўйинларининг уч карра совриндорига айланди. У Инчхон-2014 ўйинларида олтин, Жакарта-2018 турнирида кумуш медални қўлга киритганди.

-130 кг вазн тоифаси вакили Темурбек Насимов эса иштирокини муваффақиятли бошлаб, япониялик Сота Окумара устидан ғалаба қозонди (9:0). Аммо чоракфиналда қозоғистонлик Алимхан Сиздиковга ютқазди (1:9), унинг рақиби финалга етиб бора олмади ва унда бронза учун курашиш имкони бўлмади.

Аёллар кураши

Аёллар жамоаси уч имкониятда икки медал қўлга киритди. Дастлаб -53 кг вазн тоифаси вакили Жасмина Иммаева ҳиндистонлик Антимга ютқазди (0:11), унда бронза курашиш имконияти ҳам юзага келмади.

-50 кг вазн тоифасида иштирок этган ва иштирокини чоракфиналдан бошлаган Актенге Кеунимжаева ҳам дастлабки курашни япониялик Ёшимото Реминага бой берганди (3:14), аммо унинг рақиби финалгача етиб борди (олтин медални ҳам қўлга киритди), ўзбекистонлик спортчида эса бронза учун курашиш имконияти пайдо бўлди. У ўтиш баҳсида Камбожа вакили Самнанг Дит тўсиғидан ўтди, бронза учун баҳсда ҳиндистонлик Геҳлот Пужани мағлубиятга учратди (9:2) ва ушбу спорт турида Осиё ўйинларида совриндор бўлган илк аёл курашчига айланди.

-57 кг вазн тоифаси вакили Лайло Собирова ҳам ўз номини Осиё ўйинлари совриндорлари қаторига қўшиб қўйди. У ҳам иштирокини чоракфиналдан бошлаб, таиландлик Срипрапа То Каюни енгди (9:0), яримфиналда япониялик Тсугуму Сакураига ютқазди (0:11), бронза учун баҳсда эса ҳиндистонлик Мансини мағлуб этди (2:0).

Лайло Собирова шоҳсупада

Бокс

Бугун Ўзбекистон бокс жамоасининг финалга етиб келган уч вакили олтин медал учун жангларда иштирок этди ва уларнинг учаласи ҳам олтин медалларни қўлга киритди.

Рио олимпиадаси чемпиони, жаҳон чемпиони, уч карра Осиё чемпионати ғолиби, Осиё ўйинлари кумуш медали соҳиби бўлган Ҳасанбой Дўсматов ниҳоят Осиё ўйинлари ғолибига ҳам айланди ва унда ҳар бир боксчи эришиши мумкин бўлган титуллар тўлиқ кўринишга келди. У финалда таиландлик Тҳитисан Панмотга ҳеч қандай имконият қолдирмай (5:0), Ўзбекистон ҳисобига навбатдаги олтин медални тақдим этди.

30 ёшли боксчи финалгача кореялик Жо Сеҳеонг (нокаут), қозоғистонлик Сакен Бибоссинов (4:1), покистонлик Рашид Зуҳайб (5:0) ва япониялик Тсубои Томоя (4:1) каби рақибларини мағлубиятга учратганди.

-57 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Абдумалик Халоков ҳам ишончни оқлади ва финал жангида япониялик Ҳарада Шудаини нокаутга учратиб, олтин медалга эга чиқди. Бунга қадар жаҳон чемпиони ва Осиё чемпионати ғолиби ҳам бўлган 23 ёшли боксчи финалга томон йўлда тайбэйлик Ченг Веи (5:0), виетнамлик Нгуенг Ван Дуонг (5:0), филиппинлик Карло Палам (5:0) ва хитойлик Лю Пинг (5:0) тўсиғидан ўтганди.

Баҳодир Жалолов ҳам ҳаваскор боксдаги олтинлари сонини тўлиқ кўринишга келтирди - уч карра Осиё чемпионлиги, икки карра жаҳон чемпионлиги, бир карра Олимпиада ғолиблиги ёнига Осиё ўйинлари ғолиблиги ҳам қўшиб қўйилди. +92 кг вазн тоифаси финалида баҳс олиб борган Жалолов азалий рақибларидан бири, қозоғистонлик Қамшибек Конкабаев устидан 4:0 ҳисобида ғалаба қозонди ва Ўзбекистон делегацияси ҳисобига навбатдаги олтин медални қўшиб қўйди.

У чоракфиналда тожикистонлик Муҳаммаджон Аброриддиновни, яримфиналда эса хитойлик Байикевузи Данабиекени 1-раунддаёқ нокаут билан мағлубиятга учратишга эришган ва финал йўлланмаси билан бирга Париж-2024 Олимпиадаси йўлланмасига эга чиққанди. 

Бунгача Тўрабек Ҳабибуллаев ҳамда Нигина Ўктамова бронза медалларни қўлга киритишганди.

Шу тариқа, Ўзбекистон бокс жамоаси турнирни 3 та олтин ва 2 та бронза билан якунлади, натижада Ўзбекистон бокс жамоаси хитойликлардан кейинги иккинчи ўринни эгаллади.

Карате

-75 кг вазн тоифасида баҳсларга киришган Қувончбек Муҳаммадиев Эрон вакили Баҳман Аскари Гунчеҳга ютқазиб (0:6), саралаш босқичидан ўта олмади.

-68 кг вазн тоифаси вакили Бону Эгамбердиева таиландлик Кевалин Сонгклин тўсиғидан ўтганди, аммо чоракфиналда фаластинлик Ҳала Алқадига ютқазди (7:8).

Шахмат

Ўзбекистон йигитлар жамоаси 7-раундда Жанубий Корея жамоасини 4:0 ҳисобида мағлуб этди ва жами очколар сонини 18,5 очкога етказди.

Қизлар жамоаси эса таиландлик рақибларини 3,5:0,5 ҳисобида мағлуб этди - жами очколар сони - 17.

Енгил атлетика

Эркаклар ўртасида марафонда қатнашган Шоҳрухбек Давлатов 2:17:49 натижа билан 9-ўринни эгаллади. У олтин медал соҳиби бўлган хитойлик Ҳе Жиедан 4:47 дақиқа ортда қолди.

Оғир атлетика

Суннатилла Ўсаров даст кўтаришда 165 кг, силтаб кўтаришда 190 кг тош кўтарди (355) ва саккизинчи ўринда қолиб кетди. Бу вазнда чемпионлик Хитой вакили Тиан Таога насиб этди (180+210), иккинчи ва учинчи ўринларни КХДР ва Таиланд вакиллари Ро Квангрёл (170+216) ҳамда Сарат Сумрадит (176+208) қўлга киритди.

Велошоссе

Гуруҳ пойгасида Муроджон Холмуродов 9, Дмитрий Бочаров 23-бўлиб келди. Беҳзодбек Раҳимбоев ва Акрамжон Суннатов эса маррагача етиб кела олмади. Олтин ва кумуш медалларни Қозоғистон вакиллари Евгений Федоров ва Алексей Луценко қўлга киритди.

Слаломда эшкак эшиш

Бугундан слаломда эшкак эшиш бўйича беллашувлар бошланди. Эркаклар ўртасида каное слаломида кечган биринчи саралаш баҳсида Ўзбекистон вакили Анвар Клевлев (92.44 сония) энг яхши натижа билан кейинги босқичга йўл олди. Яримфинал босқичи 6 октябр куни бўлиб ўтади.

Саралаш босқичининг иккинчи гуруҳида ҳам Ўзбекистон вакили Алибек Темиргалиев биринчи натижа билан (95:38) яримфиналга чиқди.

Байдарка слаломида эркаклар ўртасидаги биринчи саралаш баҳси якунланди. Унда иштирок этган Ўзбекистон жамоаси аъзолари Жонибек Темиргалиев тўртинчи, Шаҳобиддин Болтабоев эса иккинчи натижа билан 7 октябр куни ўтадиган яримфиналга йўлланма олишди.

Жиу-житсу

Ўзбекистон вакиллари учун бугунги дастурлар ўта муваффақиятсиз чиқди ва беш спортчи ҳам саралаш баҳсларидаёқ ютқазди: Гулнур Матбаева (-48 кг) жанубий кореялик Ким Сиеунга, Сарварбек Раҳмонбердиев (-62 кг) фаластинлик Муҳаммад Ажажга, Сирожбек Рустамов (-62) таиландлик Суживак Кунтонгга, Ҳусрав Холов (-69 кг) қирғизистонлик Токторбай Жусуп улига, Ҳасанжон Набиев (-69 кг) иорданиялик Абдулкарим Алрашидга.

***

Кун якунларига кўра, Ўзбекистон делегацияси ҳисобидаги олтин медаллар сони 19 тага, бронза медаллар сони 25 тага етди, кумуш медаллар сони ўзгаришсиз қолди - 16. Айни вақтда Ўзбекистон жами 60 та медал билан умумий рейтингда Ҳиндистондан кейинги 5-ўринда бормоқда.

6 октябр кунги баҳсларда қатнашадиган ўзбекистонлик спортчилар:

Мавзуга оид