20:57 / 03.03.2018
12430

1000 дан кўпроқ компания импорт товарларнинг илк кўргазмасида иштирок этиш истагини билдирди

Фото: Sapore di Cina

Шанхайда жорий ноябрда ўтадиган илк импорт товарлар халқаро кўргазмасида иштирок этишга дунёнинг 120 та давлатидан мингдан кўпроқ компания ариза берди. Бундай маълумотни кўргазманинг ташкилий қўмитаси ўз сайтида келтириб ўтди.

Кўргазмада ўз маҳсулотларини тақдим қилиш истагини билдираётган 100 га яқин компания дунёнинг энг йирик 500 та компанияси қаторига киради. Айни вақтда 50 та давлатдан 200 га яқин компания ўз экспозицияларини жойлаштириш бўйича келишувларни имзолаган. Энг кўп иштирокчилар Осиё, Европа ва Америкадан қайд қилинган.

Хитой ҳукуматининг импорт товарлар кўргазмасини ўтказиш режаси ҳақида илк бор 2017 йил майида Хитой раиси Си Цзиньпин “Бир камар, бир йўл” саммитида маълум қилган. Кўргазма 5-10 ноябрь кунлари Шанхайдаги Миллий кўргазма конгресс-марказида бўлиб ўтади. Кўргазма иштирокчилари нафақат ўз маҳсулотлари ва хизматларини тақдим қиладилар, балки кўп сонли форумлар, тақдимотлар ва музокараларда иштирок этадилар.

Top