Жамият | 18:15 / 07.03.2018
24437
11 дақиқада ўқилади

KUN.UZ мухбири “Шўртаннефтегаз” МЧЖ газ конденсати ўғрилигига доир хабарга ойдинлик киритди

Фото: Kun.uz

KUN.UZ сайтида 2018 йилнинг 25 февраль куни ““Шўртаннефтегаз” газ конденсатини кимлар талон-торож қилмоқда?” сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Унда “Шўртаннефтегаз” МЧЖ “Тезкор” гуруҳининг собиқ бошлиқларидан бири Нормурод Қайсаров мурожаати асосида ўрганишлар олиб борилган эди. Мақолада, шунингдек ўрганишлар давом этиши ҳамда уларнинг натижаси тақдим этилиши қайд этилганди.

Шу муносабат билан KUN.UZ мухбири Қашқадарёга хизмат сафарини амалга ошириб, “Шўртаннефтегаз” МЧЖнинг маъмуриятида бўлди ҳамда дастлабки мақолада эълон қилинган фикрлар ва рақамларнинг қанчалик тўғрилигига ойдинлик киритиш мақсадида МЧЖ раҳбарияти ихтиёридаги ҳужжатлар билан бевосита танишди. Қуйида биринчи мақолада қайд этилган жиҳатларга, тегишли хужжатлар асосида қуйидагича изоҳлар берилади.

“Шўртаннефтегаз” МЧЖ “Тезкор” гуруҳининг собиқ бошлиқларидан бири Нормурод Қайсаров мурожаат қилиб, 2018 йил 9 январда Н.Қайсаров ва ҳамкасблари М.Эшмирзаев, Э.Назаров ва Ф.Шароповлар билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасига 5343-s/18 сонли мурожаат қилганидан кейин, МЧЖ раҳбарияти томонидан уларга нисбатан тазйиқлар ўтказа бошланганини, уларнинг мурожаатлари сабабли, Чигил цехининг 29-километридан суюқлик чиқиши ва маҳсулот қувурларида номаълум шахслар томонидан ўрнатиб кетилган 30 га яқин винтеллар бартараф этилганини ва уларнинг бу маълумоти бўйича уларга нисбатан интизомий чоралар кўрилганини тўғрисида KUN.UZ сайтига маълумот тақдим этишган.

Аслида, 2018 йил 9 январь куни тезкор тармоқ гуруҳ бошлиқлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига Режим ва қўриқлаш бўйича 1-бўлим бошлиғининг олиб бораётган фаолиятидан норози бўлиб, мурожаат қилишган, лекин уларнинг шикоят аризаларида Чигил ҳудудидаги маҳсулот қувурининг 29-километрида чиқиб турган суюқлик ва маҳсулот қувурларида номаълум шахслар томонидан ўрнатиб кетилган винтелларни бартараф қилиш буйича чора кўриш тўғрисида умуман маълумот қайд этилмаган. Суюқлик чиқишини бартараф қилиниши Президент виртуал қабулхонасига мурожаат қилган шахслар томонидан эмас, балки жамият раҳбарияти ва масъул ходимларларнинг ташаббуси билан амалга оширилиб, камчиликлар бартараф этилганлиги аниқланди.

Мурожаатчиларнинг 2018 йил 9 январь куни Президент виртуал қабулхонасига ёзган мурожаатида Режим ва қўриқлаш бўйича 1-бўлим бошлиғининг олиб бораётган фаолиятидан норози бўлганликлари ёзилганлиги сабабли, ушбу мурожаатда кўрсатиб ўтилган бир қанча маълумотларга ойдинлик киритиш ва холисона бахо бериш юзасидан жамиятда Хизмат текшируви тайинланди. Хизмат текшируви жорий йилнинг 26 январига қадар олиб борилган. Хизмат текширувида Н.Қайсаров ва унинг ҳамкасблари томонидан келтирилган маълумотлар ўз тасдиғини топмагач, жамоада муҳитни бузилишига олиб келувчи омилларни яратганликлари, иш вақтида хизмат вазифасига кирмайдиган ишлар билан шуғулланганлиги ва мурожаатда келтирилган маълумотлар раҳбарига нисбатан туҳмат ва бўҳтондан иборат бўлганлиги сабабли уларга нисбатан интизомий чора кўрилганлиги аниқланди.

2018 йил 25 февралдаги KUN.UZ сайтининг ушбу масала юзасидан чиқарган мақоласида “Қайсаровга кўра, у масъуллар амалий ҳаракатлар бошламагани, қувур бўйлаб бошқа винтеллар йўқотилмагани, ўзига нисбатан турли тайзиқлар ва таҳдидлар қилина бошланганидан сўнг, Президентнинг виртуал қабулхонасига ҳамда Бош прокуратурага 2018 йил 16 февралда такрорий мурожаат қилганидан сўнг, уни 19 февраль куни ишдан бўшатилганлиги қайд этилган эди.

Аслида мурожаатчиларнинг 2018 йил 9 январь куни виртуал қабулхонага ёзган аризаларига ойдинлик киритиш мақсадида жамиятда тайинланган хизмат текшируви хулосасига кўра, Н.Қайсаров билан жамият ўртасида тузилган шартнома бекор қилинган, яъни уни меҳнат шартномасини бекор қилиш бўйича қарор жамиятда 2018 йил 26 январь куни қабул қилиниб, касаба уюшма қўмитасига розилик бериш тўғрисида хат йўлланган. Касаба уюшмасида ушбу масала бир неча марта муҳокама қилиниб,  касаба уюшма қўмитаси 2018 йил 16 февраль куни МЧЖ раҳбариятига розилик берганидан сўнг, Н.Қайсаров 19 февраль куни бўшатилганлиги аниқланди. Шунга биноан, Н.Қайсаров таъкидлаганидек, 16 февралда Виртуал қабулхонага такрорий мурожаатидан сўнг, 19 февралда ишдан бўшатилгани ҳақидаги даъволари ҳам асоссиз экани маълум бўлди.

Нормурод Қайсаров 2018 йил 9 январда ҳамкасблари М.Эшмирзаев, Э.Назаров ва Ф.Шарипов билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасига 5343-s/18 сонли мурожаат йўллаган. Аммо бундан аввал, 2018 йил 9 январь куни Режим ва қўриқлаш бўйича 1-бўлим бошлиғи МЧЖ раҳбарига Н.Қайсаров устидан билдирги (рапорт) киритган. Унда Қайсаровнинг фаолияти юзасидан норозилик маълум қилинган.

“Бундан хабар топган Н.Қайсаров ўз шериклари билан Президент Виртуал қабулхонасига мурожаат қилишган, унда асосан, МЧЖдаги ишлар эмас, менинг устимдан шикоят қилишган. Менга турли туҳматлар ва бўҳтонлар ёғдиришган”, - деди 1-бўлим бошлиғи.

1-бўлим бошлиғининг таъкидлашича, аслида Н.Қайсаровнинг норозилигига ҳақиқатдан ҳам “Чигил” цехига аралашмаслик бўйича кўрсатма сабаб бўлган. 2017 йил 25 декабрда Режим ва қўриқлаш бўйича 1-бўлим бошлиғи раҳбарлигида “Тезкор” тармоғининг барча гуруҳ бошлиқлари (жами 6 киши) иштирокида ташкил этилган йиғилишдан сўнг, уларга махсус кўрсатмалар чиқарилиб, тартиб белгиланган.  Унда 1-бўлим бошлиғи томонидан кўрсатмалар берилиб, ҳар бир гуруҳ раҳбарлари ўзларига буйруқ асосида бириктирилган ҳудудларга жавобгар экани, махсус буйруқсиз ўз ҳудудидан бошқа ҳудудларга чиқмаслиги шартлиги мажлис баёни расмийлаштирилган ва “тезкор” гуруҳлар бошлиқлари ўз имзоларини чекишган.

“Бироқ Н.Қайсаров “Чигилнефтегаз” МЧЖ “Шўртаннефтегаз” МЧЖ таркибига қўшилганидан бошлаб, гарчи ўзи Шимолий Шўртан гуруҳига раҳбар бўлса-да, турли баҳоналар билан Чигил цехи (“Чигилнефтегаз” МЧЖга тегишли ҳудуд шундай атала бошлаган) ҳудудига бораверди, ҳаттоки иш жадвали бўйича тақвимда дам олиши белгиланган кунларида ҳам жияни ёки бошқа қариндошларининг машинасида Чигил ҳудудига бориб, менга телефон қилар, у аниқланди, бу аниқланди, дерди. Мақсади нима эди, нима учун дам олиш ўрнига у ерга бора бошлади? Нима учун мендан ўзини Чигил цехига ўтказишни талаб қила бошлади?”, - деди 1-бўлим бошлиғи.

1-бўлим бошлиғининг айтишича, Н.Қайсаровнинг меҳнат интизомига риоя қилмаслиги оқибатида “Шимолий Шўртан” гуруҳи ҳудудидан 15 тонна нефть ўғирланган. Бундан ташқари, гарчи Янгикент қишлоғида “Тезкор” тармоқ қўриқловига берилган бирорта маҳсулот қувури бўлмаганига қарамай, 36 марта қишлоққа кириб чиққанлиги хам хизмат текширувида аниқланган.

Дастлабки мақолада “Қайсаровга “Тезкор” гуруҳ бошлиқларининг Президент қабулхонасига мурожаатларидан сўнг, 2018 йил 10 январдан 11 январга ўтар кечаси Чигил цехига тегишли 0.530*19 мм.ли қувурнинг 13-километридан 39-километригача бўлган масофада ўрнатилган жами 17 та хуфёна винтел аниқланиб, стакан усулида таъмирлангани” таъкидланган эди.

“Шўртаннефтегаз” МЧЖ директорининг ишлаб чиқариш бўйича ўринбосари айни шу масалага ойдинлик киритди. Унинг айтишича, аслида “Чигилнефтегаз” МЧЖга тегишли газ қувури бўйича ўғринча винтелларни аниқлаш ишлари ташкилотнинг “Шўртаннефтегаз” МЧЖ таркибига қўшилган кунидан эътиборан бошланган. Винтелларнинг тўлиқ рўйхати шакллантирилган. Шу вақт мобайнида қувурни винтеллардан тозалашга тайёргарлик бўйича ташкилий ишлар ҳам амалга оширилган.

Бу нимани англатади? Ишлаб чиқариш бўйича директор ўринбосари сўзларига кўра,  аслида бу ўғирликлар схемаси “Чигилнефтегаз” МЧЖ “Шўртаннефтегаз” МЧЖ таркибига қўшилмасдан аввал мавжуд бўлганини, ташкилот қувурини қўриқлаши лозим бўлган ишчилар ўз вазифаларига масъулиятсизлик билан ёндашганини билдиради. Ахир, бир неча ой мобайнида ойлик маошларини олмаган қўриқчилар нима учун бошқа иш қидирмаган? Улар қандай қилиб оилаларини боқишган? деган савол очиқ қолмоқда. Қолаверса, “Чигилнефтегаз” МЧЖ “Шўртаннефтегаз” МЧЖга қўшилганидан кейин табиий газ қазиб чиқариш ҳажми бир суткада 2 ҳисса оширилиб, 350 минг м3 дан 700 минг м3га ошгани ҳам ишлаб чиқариш бўйича директор ўринбосари фикрини тасдиқлайди. Шу билан “Чигилнефтегаз” МЧЖ “Шўртаннефтегаз”га қўшилганидан сўнг, қоровулларнинг ротация қилиниши ва бошқа чоралар натижасида винтеллар ва ўғирликлар фош этилгани аён бўлади.

Тезкор тармоқнинг Шимолий Шўртан гуруҳи раҳбари Н.Қайсаров ўзига беркитилмаган ҳудудларга раҳбарларга билдирмасдан бориб, ҳар ҳафта қўриқчиларнинг алмаштириш жадвалини тузишда қатнашган, ўз ташаббуси билан Чигил ҳудудидаги қонун бузилиш ҳолатларини олдини олиш учун рухсат сўраб, Чигил цехига жамиятда ишламайдиган бегона шахслар ва жамиятга тегишли бўлмаган автотранспорт воситаларида борган. У ерда ҳеч қандай қонун бузилиш ҳолатларини аниқламаган бўлса-да, тезкор тармоққа ўзбошимчалик билан раҳбарлик қилиб, Режим ва қўриқлаш бўйича 1-бўлим бошлиғининг буйруқларига буйсунмаган. Уни жамоа ичида беҳурмат қилиб, шаънига ҳар хил сўзларни айтган, ўз хизмат вазифасини етарли даражада бажармаган. Аксинча, Чигил ҳудудидаги маҳсулот қувурларини ўз назоратига олиб, у ердан ўз манфаати йўлида фойдаланишни қасд қилган.

Шунингдек, 2018 йил 16 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти номига ёзилган аризада имзо қўйган шахс тезкор тармоқ гуруҳ бошлиғи М.Эшмирзаевнинг имзоси эмаслиги ҳам аниқланди. Н.Қайсаров, М.Эшмирзаев, И.Назаров ва Ф.Шароповлар қилаётган мурожаатлари фақат туҳмат ва бўҳтондан иборат бўлиб, улар бу ишлари билан жамият раҳбарияти ва тегишли ходимларини обрўсини поймол қилиниши ва жамиятдаги соғлом муҳитни бузилишига олиб келмоқда. Юқорида номлари кўрсатилган ходимларнинг асл мақсадлари маҳсулот қувурларини қўриқлаш эмас, у ерда номаълум шахслар билан биргаликда талон-торож қилишни амалга оширишдан иборат. Ўзларининг яширин мақсадларини амалга ошириш учун МЧЖ раҳбарияти ва мутасадди ходимларига туҳмат уюштириб, уларнинг шаъни ва обрўсига зарар етказиб, юқори турувчи ташкилотларнинг раҳбарлари ҳамда KUN.UZ таҳририятини чалғитувчи маълумотлар тақдим этганликлари маълум бўлди.

Шу муносабат билан мақола муаллифи  2018 йил 25 февралда эълон қилинган мақолани тайёрлашда бир томонлама ёндашиб, изоҳ берганлиги сабабли “Ўзбекнефтгаз” Акционерлик жамияти раҳбарияти ва  “Шўртаннефтегаз” МЧЖ жамоасидан узр сўрайди.

Мавзуга оид