20:30 / 13.03.2018
32101

5 миллион долларга қуриш мумкин бўлган кўприкка 11 миллион доллар сарф қилинди. Натижа эса ажойиб!

Уругвайда манзарали жойлар ва кўркам лагуналар (денгиздан ажралиб ҳосил бўлган саёз кўл, кўрфазлар) талайгина. Ушбу давлат ҳудуди ҳақиқатда жуда кўркам ва жозибадор. Албатта, ахир Уругвай Атлантика океани қирғоқларида жойлашган-ку, шундай экан, у чиройли бўлмаслиги мумкин эмас!

Уругвайдаги манзарали лагуналардан бирининг ҳудудида ностандарт кўприк очилди. Қоидага кўра, кўприклар тўғри йўналишда қурилади, бу кўприк эса айлана шаклида қурилган.

Фото: Laguna Garzon Bridge

Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, буюртмачи (бу ҳолатда эса - ҳукумат) ушбу кўприк қурилишига 5 миллион доллар сарфлаш ўрнига икки баравар кўп пул тўлашга қарор қилган! Биласизми, нима учун? Барчаси одамлар тезкор автомобилларида бу ажойиб ва манзарали маскандан тезда, беэътибор ўтиб кетмасдан, бетакрор табиат, тоза ҳаво ва охир-оқибат хавфсиз ҳаракатдан завқ олишлари учун. 

Фото: Laguna Garzon Bridge

Уругвайнинг  Мальдонадо ва Роча департаментларини бирлаштирувчи кўприк қурилишини таниқли меъмор Рафаэль Виньоли амалга оширган.

Мана шундай ғаройиб усулда оригинал доира шакли дарёни кесиб ўтишда ҳайдовчиларни тезликни пасайтириш ва бетакрор манзарадан бахра олишга ундайди.

Кўприк қурилиши бошлангунга қадар бу ерда паром бўлган. Бироқ у бир ҳаракатланишда фақат икки автомобилни олиб ўтиши мумкин эди, бу эса шу йўл участкасида ҳаракатланишни қийинлаштирарди. Бугун янги кўприк бўйлаб суткасига 1000 га яқин машина ўтади.

Фото: Laguna Garzon Bridge

«Laguna Garzon Bridge» кўприги доира шаклини ҳосил қилувчи икки ёйсимон кўприкдан иборат. Тузилма радиуси 51,5 метрни ташкил қилади. Дарвоқе, кўприкда пиёдалар ўтиш йўлакчалари ҳам бор.

Кўприк қурилишига 2014 йилнинг охирида старт берилган, қурилиш бир йилдан ортиқ давом этган.

Top