1972 йил 13 октябр куни салонида экипаж аъзолари билан бирга 45 киши бўлган самолёт ноқулай об-ҳаво туфайли Анд тоғларининг тепасида, денгиз сатҳидан 3600 метр баландликда ҳалокатга учрайди. Одамларнинг қарийб ярми ўша заҳоти ҳалок бўлади. Қолганлар эса очлик ва совуқ ҳавода чорасиз қолишади ва ҳалок бўлганларнинг гўштини еб, жон сақлашади. Воқеадан 72 кун ўтиб қутқарувчилар етиб борганда фақат 16 киши тирик қолган эди.

Фото: www.alamy.com

Арзон самолёт

Уругвайнинг «Old Cristians» регби жамоаси Чилининг «Old Boys» жамоасига қарши ўртоқлик учрашуви ўтказиш учун Сантяго шаҳрига парвоз қилиши керак эди. Жамоанинг маблағи кам бўлгани учун улар арзонроқ самолёт излашади ва Уругвай ҳарбий ҳаво кучларига қарашли Fairchild FH-227D самолётини ижарага олишади. Йўлкира янада арзон тушиши учун жамоа вакиллари ўз оила аъзолари ва дўстларини ҳам жамоани қўллаш учун Чилига бирга боришга таклиф этишади.

Фото: www.weixinydu.com

1972 йил 12 октябр куни Уругвай пойтахти яқинидаги Карраско халқаро аэропортидан бортида 40 нафар йўловчи ва 5 нафар экипаж аъзолари бўлган самолёт ҳавога кўтарилади.

Самолёт Анд тоғларига яқинлашганда ёмон об-ҳаво туфайли Аргентинанинг Мендоса шаҳрига фавқулодда қўнади. Бир неча соатда ҳам об-ҳаво ўзгармайди ва йўловчилар ҳамда экипаж шу шаҳарда тунаб қолади. Жамоа белгиланган ўйинга кечикмаслик учун шошилаётганди, шу боис эртаси куни уларга парвозга рухсат беришади. 13 октябр куни тушда самолёт яна ҳавога кўтарилади.

Ҳалокат

Экипаж командири ноқулай об-ҳаво туфайли Сантягога белгиланган йўналиш бўйича эмас, бироз жануброқдан, Мендоса тоғларини айланиб учишга қарор қилади. Бу орада у Аргентинанинг Маларгуэ шаҳри аэропорти диспетчерига Планчон довонига яқинлашаётгани ҳақида хабар беради.

Фото: Филмдан лавҳа

Диспетчер уларни баланд тоғлардан ўтиб олган, деб ўйлайди ва пастлашга рухсат беради. Учувчилар Чилининг Курико шаҳри тепасидан ўтдик деб ўйлашади ва самолёт пастлаб уча бошлайди. Кейинчалик, ушбу қарор жиддий хато бўлгани ва самолёт ҳали Куррико шаҳрига етмасдан, тоғлар тепасида учаётганда пастлагани маълум бўлади.