Ўзбекистон | 18:00 / 16.03.2018
126974
3 дақиқада ўқилади

Наталья Темирова Жиноят кодексининг 8 моддаси билан айбланмоқда

Фото: Адлия вазирлиги

2018 йил 16 март куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Учтепа туман судида судланувчилар Наталья Темирова (муқаддам Тошкент юридик коллежи директори лавозимида ишлаган) ва Абдулазизжон Салимжоновга (муқаддам Тошкент юридик коллежида иш юритувчи котиб ва ходимлар бўлими инспектори бўлиб ишлаган) нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд мажлиси бошланди. 

Ўзбекистон Республикаси Олий суди расмий вакили Азиз Обидовнинг хабар беришича, мазкур жиноий иш Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Учтепа туман суди судьяси Болат Султонов раислигида ҳамда халқ маслаҳатчилари Саноат Набиева ва Доно Исломовадан иборат суд таркибида кўриб чиқилмоқда.

Иш бўйича раислик қилувчи Б. Султонов суд мажлисини очди ва судланувчилар Н. Темирова ва А. Салимжоновга нисбатан жиноий иш эшитилаётганлигини эълон қилди. 

Судланувчи Н. Темирова Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 168-моддаси (фирибгарлик), 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш), 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш), 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги), 28 орқали 211-моддаси (пора беришга қизиқтириш), 227-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни ва бошқаларни эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш) ва 238-моддасида (ёлғон гувоҳлик бериш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда, судланувчи А. Салимжонов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик), 28 орқали 211-моддаси (пора беришга қизиқтириш) ва 28 орқали 209-моддасида (мансаб сохтакорлигига кўмаклашиш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда. 

Суд томонидан суд жараёни иштирокчиларининг ҳозир бўлгани текширилди, суд таркиби, томонлар эълон қилинди, рад қилиш ҳуқуқи тушунтирилди, судланувчиларнинг шахси ва уларга айблов хулосаларининг нусхалари берилган вақт аниқланди, иш бўйича судланувчилар ва томонларнинг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари тушунтирилди.

Суд мажлисининг тайёргарлик қисми илтимосномалар бор-йўқлиги тўғрисидаги масалани аниқлаш билан якунланди. Сўнгра раис томонидан суд тергови бошланганлиги эълон қилинди.

Давлат айбловчиси – Тошкент шаҳар Учтепа тумани прокурори ўринбосари Бахтиёр Юсупов айблов хулосасини ўқиб эшиттирди.

Далилларни текшириш тартиби белгиланди. Бу жараён давомида судланувчилар, фуқаровий даъвогар, гувоҳлар ва мутахассисларнинг кўрсатмалари тингланади, шунингдек, ушбу иш бўйича тўпланган бошқа далиллар текширилади.

Суднинг кейинги мажлиси 2018 йил 26 март куни бўлиб ўтади.

Мавзуга оид