18:40 / 16.03.2018
65683

Никоҳ ёшини юқорироқ белгилаш таклиф қилинди

Оила — ҳаёт абадийлиги ва авлодлар давомийлигини таъминловчи қадриятлар бешиги, келажак авлодлар учун бетакрор тарбия қўрғонидир. Шу боис халқимиз азалдан оилани муқаддас санаб келган ва шундай бўлиб қолади. Зеро, халқнинг, миллатнинг келажаги айнан оила билан чамбарчас боғлиқ. Чунки, ҳар бир инсон оилада туғилади ва вояга етади. Шундай экан, ҳар бир боланинг келажакда ким ва қандай инсон бўлиб камол топишида оила муҳим ўрин тутади.

Мамлакатимизда барча хайрли ишлар, эзгу амаллар, аввало, оилаларнинг фаровонлиги, тотувлигини мус­таҳкамлаш, ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш ҳам­да уларнинг ёруғ келажагини таъминлаш мақсадида амалга оширилиб келинмоқда. Зеро, оилада шаклланган соғлом муҳит фаровон турмуш, осуда ҳаёт тарзимизнинг мустаҳкам пойдеворидир.

Истиқлол йилларида мамлакатимизда оилани ҳар жиҳатдан мустаҳкамлаш, уни миллий қадриятларимиз ўзининг теран ифодасини топган ҳақиқий тарбия ўчоғига айлантиришга қаратилган муҳим чора-тадбирлар изчиллик билан амалга оширилмоқда.

Президентимизнинг шу йил 2 февралдаги «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолият­ни тубдан та­ко­мил­лаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони бу бо­ра­да муҳим аҳа­мият касб этди.

Фармонда аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини кучайтириш, қонуний манфаатларини таъминлаш, қо­билият ва сало­ҳия­тини рўёбга чиқариш, оила инс­титутини мустаҳкамлаш, унинг жамиятдаги ўрни ҳамда нуфузини янада ошириш, оналик ва болаликни ҳимоя қи­лишга қаратилган муҳим чо­ра-тадбирлар белгиланди.

Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган аёлларга кўмак бериш, эрта никоҳлар, ажрашишлар ва аёллар жиноятчилигининг олдини олишга етарлича эътибор берилмагани оқибатида ажрашишлар сони йилдан-йилга ошиб бориб, 2017 йилда 31 мингдан зиёд ажралиш ҳолати қайд этилган. Бунинг оқибатида асосан аёллар ва болалар жабр кўриб, улар томонидан жиноят содир этиш ҳолатлари кўп учраётганди.

Президентимизнинг юқо­рида қайд этилган фармонида шу каби муаммоларни ҳал этиш, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича қатор чора-тадбирлар кўзда тутилган.

Оилавий муносабатларни яхшилаш, низоли вазиятлар, ажралишлар, барвақт никоҳларнинг олдини олиш, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг маънавий-ахлоқий тарбияси бўйича доимий иш олиб бориш йўлга қўйилаётгани жамият ҳаётида таҳсинга сазовор ҳолат ва бу албатта, ўзининг ижобий самарасини бериши шубҳасиз.

Мазкур Фармон ижроси доирасида судларда кўрилган никоҳдан ажратиш ҳақи­даги ишлар ҳамда бир-биридан айро яшаётган эр-хотинлар, уларнинг ота-оналари билан суҳбатлар ва жойларда аҳоли билан ўтказилган очиқ мулоқотлар орқали оилалар мустаҳкамлигини таъминлашдек муҳим мақсадимизга эришишга халал берадиган бир қатор омилларни аниқлашга ҳаракат қилдик.

Маълум бўлишича, бунинг сабаблари асосан қуйидагилардан иборат:

1. Ёшларнинг оилавий ҳаётга тайёр бўлмасдан туриб, оила қуриши;

2. Оила масъулиятини чуқур ҳис этмаслик;

3. Ичкилик, гиёҳванд моддаларни истеъмол қи­лиш, жиноят содир этиш;

4. Чет таъсирлар, яъни ои­лага аралашувлар ва интернет тармоқлари, номуносиб, ёт оилавий муносабатлардан олинган салбий таъсирлар, эр-хотиннинг бир-бирига хиёнати ажралишларга сабаб бўлмоқда.

Эътибор қилинг, оилалар барбод бўлишига энг кўп таъсир этаётган ҳолатлардан би­ри — ёшларнинг оилавий ҳаётга тайёр эмаслигидир. Бу­ни қуйидаги ҳолатда кўриш мумкин:

- никоҳланувчи ёшларнинг руҳий ва маънавий жиҳатдан оила қуришга тайёр эмаслиги уларнинг оила ҳа­қида қатъий тасаввур-тушунчага эга эмаслигида ҳамда эр-хотин ва уларнинг ҳуқуқ-бурчлари нимадан иборатлигини билмаслигида намоён бўл­моқда.

- Ўғлини уйлантириш ёки қи­­зини турмушга беришда ак­сарият ота-оналар кўпроқ уларнинг ёшини ҳисобга олиб, «бошини иккита қилиш» ҳақида қарор қабул қи­лади. Ўғил ёки қиз оила қу­ришга, эр-хотин бў­либ бирга турмуш кечиришга, бир оила бўлиб яшашга тайёрми, улар эрнинг ҳаққи, хотиннинг хаққи нимадан иборатлигини биладими-йўқми, деган саволлар эса, афсуски, жавобсиз қолаверади.

Шу ўринда яна бир ҳақли савол туғилади: ёш куёв ёки келин кимдан са­боқ олиши ло­зим, уларни оилавий ҳаётга ким тайёрлаши керак?

Албатта, биринчи ўринда ўғ­лини уйлантириш ниятидаги — ота, қизини турмушга уза­­таётган — она ушбу масалага беэътибор қарамаслиги, ўғил ёки қизнинг оила қуришга тайёргарлик даражасини аниқлаши, шундан кейингина унга тегишли маслаҳату насиҳатлар бериши лозим.

Бу борада улуғ аллома Абу Ҳомид Ғаззолийнинг «Мукошафат-ул қулуб» («Қалблар кашфиёти») асарида «Хотиннинг эридаги ҳаққи», «Эрнинг хотинидаги ҳаққи» тўғ­рисида муфассал тушунтириш берилган бўлиб, уларни ўқиш ва уқиб олиш ҳар қандай оила учун бир умрлик дастуруламал бўлиши шубҳасиз.

Мазкур рисолада аллома қизларни турмушга тайёрлаш масаласига тўхталар экан, «Узатиладиган қизига оид ота-онага тушадиган вазифалар ҳам бор. Улар қизларига эрга текканидан кейин­ эри билан яхши яшаш, унга гўзал ахлоқ билан муомала қилиш йўлларини ўргатишлари лозим», деб қайд этган.

Ўз навбатида, замондош ал­лома Шайх Муҳаммад Со­диқ Муҳаммад Юсуф ёзма меросига мурожат қиладиган бўл­сак, биргина «Бахтиёр ои­­ла» номли рисоласида кўп­лаб ҳикматлар зуҳур этилганини кў­рамиз.

Ушбу рисолада баён этилган оила билан боғлиқ қоидалар, никоҳ, маҳр, мустаҳкам оилани вужудга келтириш, эр ва хотиннинг ҳаққи ва бирининг иккинчиси олдидаги бурч­­лари, фарзандлар тар­бия­си, ота-онанинг фарзанд олдидаги бурчлари, оилани авайлаб-асраш, оила бузилишининг олдини олиш борасида муфассал тушунтиришларни оила қураётган нав­қирон йигит-қизлар ҳам, уларнинг ота-оналари ҳам бирдек билиши даркор.

Шуни қайд этиш жоизки, айни шу — ёшларни оила қу­ришга тайёрлаш масаласи Президентимизнинг «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан та­ко­мил­лаштириш чо­ра-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида назарда тутилган ва бу борада Фармон талаби бўйича амалдаги ои­ла қонунчилиги такомиллаштирилаётгани ҳам айни муддао бўлди.

Нега деганда, мустаҳкам оила барпо этилишида муҳим масалалардан бири, бу — бўлажак куёв ва келин турмуш қуришдан олдин бир-бирининг одату қизиқишлари, характери, фикр доираси, дунёқарашини кўпроқ ўрганиши учун имкон яратишдан иборатдир.

Бунинг учун Оила кодексининг 13-моддасида ни­коҳ тузиш хоҳишида бўлганлар учун белгиланган 1 ойлик муддат ўрнига ариза берилганидан ке­йин камида 2 ёки 3 ойлик муддат белгиланиши лозим, деб ўй­лаймиз. Бу муддат фикримизча, оила қуриш ния­тида бўлган ёшларнинг бир-бирини ўрганиб, оила қуриш-қурмаслик масаласида тўғри қарорга келишлари учун, яъ­ни­ мустаҳкам ои­ла қурилишига ишончли замин бўлиб хизмат қилади.

Бундан ташқари, амалдаги оила қонунчилигига кўра, ни­коҳ ёши эркаклар учун — 18 ёш, аёллар учун — 17 ёшдир. Назаримизда, никоҳга кирувчи аёллар ёши­ни — 18 ёш, эркаклар ёшини 21 ёш этиб белгилаш мақсадга мувофиқдир. Бу ҳам мустаҳкам оила қурилишида муҳим омил бўлиши муқаррар.

Чунки авваламбор, 17 ёш­да қизларнинг кўпчилиги жисмоний ва руҳий-маънавий жиҳатдан ҳали турмуш қуришга тайёр бўлмайди.

Айни пайтда юртимизда 17 ёшда турмушга чиқаётганлар камчиликни ташкил этади, демакки, бундай ўзгартириш истиқболда ҳам бирон-бир муаммони келтириб чиқармайди.

Қолаверса, эркакларнинг никоҳ ёшини 21 ёш этиб белгилаш таклифига келсак, худди шу ёшга келиб йигитларда мустақил фикр шаклланади ва оилани таъминлаш учун бирон-бир касбга эга бўлади. Шу­нингдек, бу ёшда уларнинг масъулият ҳисси ҳам ортади.

Суд жараёнларида маълум бўлишича, 18-19 ёшда уйланган йигитларнинг кўпчилиги оиласи билан боғлиқ ҳар қандай масалада ота-онаси фикрига таяниб қарор қабул қилади ва ҳатто турмуш ўртоғи билан бир оила бў­либ яшаш масаласини ҳам «ота-онам нима деса, шу» деб, ота-онасига ҳавола қи­лади. Ажрашишларга сабаб сифатида эса, асосан хотини айтганини қилмаётгани ва характерлари тўғри келмаётганини кўрсатадилар.

Кези келганда, эркак ва хотин кишининг характери турли хил бўлиб, бир-бирига тўғри келмаслиги илмий жиҳатдан асосланган ҳолат эканига ҳам эътибор қаратиш зарур. Бу ҳолатни муаммога айлантириш масъулиятсизликдан бошқа нарса эмас.

Масъулиятсизлик никоҳдаги эр-хотиннинг бири иккинчисига ён бермаслиги, ҳар бири фақат ўзини ҳақ деб билиши, ўз ҳу­зур-ҳаловатини ўйлаши, фарзандлари тақдирига эса, мутлақо бефарқ қарашидан иборат бўлиб, алал-оқибат оила барбод бўлишига сабаб бўлади.

Оила кодексида эр-хотиннинг ўзаро ҳуқуқ ва мажбу­рият­лари, она-она сифатида уларнинг вояга етмаган фарзандлари олдидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари қонуний мус­таҳкамланган. Ота-она фарзандини дунёга келтирганидан кейин унга ғамхўрлик қилиш ва комил инсон сифатида вояга етказишга масъулдир.

Ёшларни оила қуришга тай­ёрлашда ушбу масалага эътибор қаратиш, уларнинг бир-бири олдидаги, бўлажак фарзандлари олдидаги масъулият ва бурчлари нимадан иборат эканини қонун асосида тушунтириш ҳам ўз самарасини беради.

Эр-хотин ажрашгач, улар ўртасида уй-жой низоси, кимнинг, яъни асосан хотин ва болаларнинг қаерда яшаши масаласида низо келиб чиқаётгани ҳеч кимга сир эмас. Амалдаги қонунчиликка кўра, агар эр-хотин никоҳлари даврида орттирган уй-жойлари мавжуд бўлса, бу муаммонинг қо­нуний ечими топилади:

уй-жойни улар ўртасида бўлиб бериш имконияти мавжуд бў­лади.

Эр-хотин номида уй-жой мавжуд бўлмаган ҳолатда эса, муаммонинг қонуний ечими йўқ. Ажрашган эрнинг отаси номидаги уйни бўлиб бериб бўл­майди. Бунда фойдаланиш тартибини белгилаб, ажрашган келинни шу уйда қолдириш ҳам оқилона ечим бўла олмайди. Чунки эр-хотин муносабатлари бузилгач, собиқ келин ва набираларга нисбатан ота-она муносабати ўзига яраша бўлади. Уйдаги ноилиқ муносабат, носоғлом муҳит, ўзаро жанжаллар вояга етмаган фарзандлар тарбиясига, ажрашган аёл-она руҳиятига салбий таъсир етказиши табиий.

Бу борада нима қилмоқ керак, муаммонинг ечимини қаердан излаш лозим?

Оила кодексининг эр-хотин мол-мулкининг шартномавий тартибига бағишланган алоҳида 6-боби 29-моддасида ни­коҳ шартномаси ҳақида тушунтириш берилган. Ушбу нормада никоҳланувчи шахсларнинг ёки эр ва хотиннинг никоҳда бўлган даврида ёки эр ва хотин никоҳдан ажратилган тақдирда, уларнинг мулкий ҳу­қуқ ҳамда мажбу­рият­ларини белгиловчи келишуви никоҳ шартномаси деб ҳисобланиши белгиланган.

Амалдаги қонунчилик талабига кўра, никоҳ шартномаси эр ва хотиннинг мавжуд мулкига нисбатан ҳам, бўлғуси мол-мулкига нисбатан ҳам тузилиши мумкин. Никоҳ шартномасига кўра, эр-хотин биргаликдаги умумий мулкнинг қонунда белгиланган тартибини ўзгартиришга, эр ва хотиннинг барча мол-мулкига, унинг айрим турларига ёхуд эр ва хотиндан ҳар бирининг мол-мулкига нисбатан биргаликдаги, улушли ёки алоҳида эгалик қилиш тартибини ўр­натишга ҳақлидир.

Эр-хотин никоҳ шартномасида ўзаро моддий таъминот бериш, оила харажатларини кўтариш, бир-бирининг даромадида иштирок этиш, бош­қа шахслар билан мулкий шартномалар тузиш, биргаликда тадбиркорлик фаолия­ти билан шуғулланиш бўйича ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаб олишга, никоҳдан ажралганда эр ва хотиндан ҳар бирига бериладиган мулк­ни аниқлаб олишга, шунингдек, никоҳ шартномасига эр ва хотиннинг мулкий муносабатларига оид бош­қа қоидалар киритишга ҳақли.

Никоҳ шартномасида назарда тутилган ҳуқуқ ва мажбуриятлар, Оила кодексининг 31-моддасида қайд этилганидек, муайян муддат билан чекланиши ёки муайян шарт-шароитнинг юзага келиши ёхуд келмаслигига боғлиқ қилиб қўйилиши мум­кин. Афсуски, айни пайт­да никоҳ шарт­номаси тузиш ҳолатлари жуда кам бў­либ, «никоҳ шартномаси тузиш бизнинг менталитетимизга, шариат қоидаларига тўғри келмайди», деган хато тушунча ҳам мавжуд.

Шариат қоидаларига кўра, аёл кишини никоҳига олувчи эркак «маҳр» бериши шарт. Қуръони Карим оятлари ва ша­риат қоидаларига кўра, уйланганда берилган маҳрни ажрашаётганда қайтариб олиш мумкин эмас.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф қайд этганидек, «ақди никоҳ бўлиши би­лан маҳр бериш вожиб бўлади, берилганда ҳам, куёв томонидан чин қалбдан чиқариб берилиши талаб этилади ва маҳр келиннинг шахсий мулки бўлади».

Ўзига турмуш йўлдоши бўлаётган шахсдан, ҳали бирга бўлмасдан туриб, маълум миқдорда мулкни қабул қилиб олган келинда ўзига бўлган эҳтиром туйғулари жўш уради. Ҳам келинда, ҳам уларнинг яқинларида куёвга нисбатан ишонч кучаяди. Келажакда келиннинг молиявий таъминоти ўз жойида бўлишига никоҳда кўзлари етади...

Шу билан бирга, маҳр бераётган эр ҳам ўзининг эрлигини, оиланинг оғирлигини зиммасига олиши лозимлигини, келинга меҳр-мурувват кўрсатиши кераклигини, оила қуриш ўз-ўзидан бўлаверадиган нарса эмаслигини англаб етади. Аслини олганда, келинга маҳр бериш орқа­ли куёвга — бўлажак оила раҳбарига ўзининг яхши ниятини, оиласи ва аёлига молу дунё сарфлашдаги ҳимматини на­мо­йиш қилишга йўл очилади».

Бу қайдларни келтиришдан мақсад шуки, «никоҳ маҳри ва никоҳ шартномасининг иккиси ҳам бир хил нарса», дея таъкидлаш эмас, балки «никоҳ шартномаси тузиш бизга тўғри келмайди» деган фикр-тушунча нотўғри эканини далиллашдир.

Энди никоҳ шартномасини тузишнинг нима зарурати бор, деган саволга тўхталамиз.

Биринчидан, ушбу шартномани тузиш орқали эр-хотин ўзининг мулкий ҳуқуқлари ҳимоясини кафолатлайди.

Иккинчидан, никоҳ шартномасининг тузилиши никоҳ тугатилгандан кейин ҳам со­биқ эр-хотинлар ўртасидаги мулкий муносабатларни тартибга солишда муҳим ўрин тутади.

Никоҳ шартномаси қонун талаблари асосида мукаммал тузилса, эр-хо­тин ўртасидаги мулкий баҳс-мунозаралар кам содир бўлади, турли муаммолар тез ва осон ҳал этилади.

Энг муҳими, никоҳ шартномаси тузиш орқали соғлом ва мустаҳкам оила барпо этилади.

Шунинг учун, оила қуриш ниятида бўлган ёшларимиз амалдаги оила қонунчилиги талабларини билиши ва никоҳга кирувчиларга қонун асосида берилган ҳуқуқий имкониятлардан фойдаланиши лозим. Бу, албатта, соғлом ва мустаҳкам оила юзага келишида муҳим омил бўлади.

Оила мустаҳкамлигининг яна бир муҳим омили — оила билан боғлиқ асрий қадрият­лар, оила аъзолари ўртасидаги ўзаро ҳурмат-иззат асосига қурилган муносабатларни авайлаб-асраш ва кейинги авлодларга етказишдир. Бу жамиятнинг барча аъзоларига тегишли бурчдир.

Халқимизда «Онасини кў­риб, қизини ол», деган мақол бор. Бу пурҳикмат сўз­ларнинг асл маъносига эътибор қаратадиган бўлсак, уларнинг замирида — она тарбия­ли бўл­са, қизи ҳам тарбияли бўлади, деган оддий ҳақиқат, аниқ маъно мужассамдир.

Қайсики оилада ўзаро ҳур­мат, аҳил-иноқлик ва тартиб-интизом ҳукм­рон бўлса, шу оила фарзанд­лари тарбияли бў­лиши, ои­ла қургач, яхши яшаб кетиши табиий. «Қуш уясида кўр­ганини қи­лади», деб бежиз айтилмаган. Шунга кўра, фарзандларини оилавий ҳаётга тайёрлашда аввало ота-онанинг шахсий намуна бўлишлари жуда муҳимдир.

Холмўмин ЁДГОРОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди раиси ўринбосари

Top