Ўзбекистон | 14:19 / 17.03.2018
49961
2 дақиқада ўқилади

Президент матбуот котиби: Самарқанддаги фожиага олиб келган сабаблар ҳозирда ўрганилмоқда

Комил Алламжон. Фото: Халқаро Пресс клуб

2018 йил 14 март куни Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида магистрал йўлни тозалаш ишларига жалб этилган Диана Иникова ЙТҲ оқибатида ҳаётдан кўз юмгани хабар берилганди. 1995 йилда туғилган Дианани Самарқанд-Бухоро йўли ўртасидаги тўсиқларни ивитилган оҳак билан оқлаётган вақтда юк машинаси уриб юборган. 

Ушбу хабар ижтимоий тармоқларда катта баҳс-мунозараларни келтириб чиқади. Хусусан, Facebook ижтимоий тармоғидаги фойдаланувчилардан бири ушбу масала юзасидан Ўзбекистон президенти матбуот котиби Комил Алламжоновга ҳам мурожаат қилган.

«Матбуот котибига савол: ҳокимлар президент келишидан сал олдин асосан ўқитувчиларни катта ва кичик йўл ёқаларига чиқариб, тозалаш ишларига «мажбурлайдилар». Шу тўғрими? Ёки бу кичкина масала ҳисобланадими? Бир неча кун олдин Самарқанд катта кўчасини тозалаётган вақтда 23 ёшли ўқитувчи машина уриб кетиши натижасида вафот этган. Умуман, шу каби «ҳокимларга хос» анъана қачон тугатилади?» - дея мурожаат қилган К.Алламжоновга фойдаланувчи.

Президент матбуот котибининг билдиришича, фожиага олиб келган сабаблар ҳозирда ўрганилмоқда экан.

«Бўлиб ўтган ҳодиса албатта жуда ачинарли. Фожиага олиб келган сабаблар ҳозирда ўрганилмоқда. Натижасига кўра тегишли чоралар белгиланади. Ўз номимдан марҳуманинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этаман», - дея жавоб қайтарган Комил Алламжонов.

Каттақўрғон туманидаги 42-ўрта мактабда бошланғич синфларга меҳнат таълимидан дарс бериб келган Диананинг 1 нафар фарзанди бўлган. У 15 март куни дафн қилинган. 

Мавзуга оид