20:40 / 19.03.2018
37339

«Режа хамирдан қил суғургандек силлиқ кечди». Путин сайловда ғолиб

Фото: Reuters

Россия Федерациясида ўтказилган президентлик сайловида Владимир Путиннинг ғолиб бўлишига ҳеч ким шубҳаланмаганди. Сайловдан кейинги куни эълон қилинган маълумотга кўра, Путинни сайловда иштирок этган овоз берувчиларнинг 76 фоизи қўллаб-қувватлаган. Шу ўринда қизиқ факт пайдо бўлди: 2012 йилдаги Путинга таққослаганда амалдаги Путин 10 фоиз кўпроқ тарафдорларга эга бўлди.

«Биз буюк она Ватанимизнинг келажаги ҳақида қайғурамиз», деб таъкидлади Путин ўзининг шуҳратли нутқида.

Сайлов жараёнида бошқа номзодларнинг исм-шарифи бюллетенда қайд этилган бўлсада, ҳал қилувчи қарорни қабул қилиш қийинмасди. Россия 24 телеканали мухбири билан суҳбатлашган москвалик мактаб ўқитувчиси шундай дейди: «​Овоз бериш - унга бўлган ишончимизни яна бир карра мустаҳкамлайди»​.

Сайлов натижалари қамров туфайли чиппакка чиқишидан қўрққан Кремль дастурхон ва циркка мурожаат қилишга мажбур бўлди. Аҳоли зич жойлашган айрим сайлов участкаларида байрамона кайфият яратилди: ноз-неъматларга тўлган дастурхон ёзилди, кўнгилочар дастурлар оломонни ўзига ром этди. Кабобнинг димоғни қитиқлаб турувчи ҳиди ва аккардион оҳанги рус халқини хуш кайфиятда, кўтаринки руҳда кўчага чиқишга ундади.

Ўтмишдаги жинояти туфайли Марказий сайлов комиссияси томонидан сиёсий пойгаларга қўйилмаган Алексей Навальний ушбу жараёнларга катта таъсир ўтказа олмагани маълум бўлди. Унинг федерация бўйлаб турнеси, сайловни бойкот қилишга ундаб сўзлаган нутқлари ижтимоий тармоқларни тўлқинлантирган бўлсада, амалда яққол норозилик митинглари кўзга ташланмади. Навальнийнинг фикрича эса, сайловда қонун бузилиш ҳолатлари аниқлангани туфайли 18 фоизга яқин овозлар инобатга олинмаслиги лозим (Сайловда давомат 67,74 фоизни ташкил қилди, Владимир Путин 76,67 фоиз овоз олди. Бу сайловда иштирок этган 73,37 миллион кишидан 56,1 миллион киши унга овоз берганини англатади).

Ғалабани жаноб Путин ғарб билан юзма-юз келиб, кўп жиҳатдан якуни очиқ қолган йўналишларни давом эттириш учун мандат сифатида қабул қилмоқда. Сайловолди кампаниясида эса у ядровий қуролланиш пойгасига ишора қилувчи ҳаракатларни жадаллаштиргани нимани англатиши мумкин? Бу саволга энди жавоб топилади: барчаси сайловдаги ғалаба кафолати сифатида ишлатилган усулларми ёки сайлов соясида ядровий қудратни оширишми? Бироқ, бир нарса аниқки, Буюк Британия ўзи билмаган ҳолда Россияда президентлик сайлови Кремль истаганидек ўтишини таъминлаб берди. Айнан собиқ айғоқчи Сергей Скрипаль иши сайловдаги фаолликка кичик бўлсада, ҳиссасини қўшди. Гап шундаки, Россия учун ҳалигача ташқи душман қиёфасини яратиш, халқни тажовузкор ғарбдан ҳимоя қилиш - жамоатчилик фикрини якдил шакллантиришда қўлланадиган мумтоз усул ҳисобланади.

Путиннинг қайта сайланиш режаси хамирдан қил суғургандек силлиқ кечди. Бунда ҳеч қандай Навальний ёхуд Собчак халақит қила олмади. Янги муддатда 2024 йилгача Россия президентлигига қайтадан киришган Владимир Путин олдида турли сценарий қалашиб ётибди. Биринчи галда, у иқтисодий тикланиш жараёнини бошлаши, янги «​рус баҳори»​ни олиб кириши керак. Ёки пост-Путин тизимига замин яратиб, ҳокимият қонсиз алмашинувига йўл очади. Учинчи талқин ҳам истисно этилмайди, у қандайдир йўл билан кейинги муддатга сайланиши ёки ҳукуматни ўзида сақлаб қолиши мумкин. Яқин тарихни прогноз қилишда вазиятни мушкуллаштирувчи омилларни ҳисобга олсак, биз бундан бир аср аввал бутун дунё ҳамжамияти бошдан кечирган кучларни қайта тақсимлаш ўйинига гувоҳ бўлишимиз мумкин.

Алишер Рўзиохунов

 

Top