16:00 / 20.03.2018
65396

Хитой қандай қилиб АҚШдан устун келмоқда?

«Дизайн Apple томонидан Калифорнияда тайёрланган. Хитойда йиғилган». (Designed by Apple in California. Assembled in China)​

Ушбу гаплар сўнгги ўн йиллик давомида энг машҳур бўлган уяли алоқа воситаси ортида шунчаки ёзилмаган. Сўзларнинг моҳияти шундан иборатки, АҚШ янги технологияларни яратади, Хитой ишчи кучини тақдим этади.

Ортиқ бундай бўлмайди. Рақобатдан қўрқмаган Хитойнинг илғор компаниялари қаторида Alibaba ва Tencent'нинг жаҳон бозоридаги улуши айни пайтда Facebook'никидан ошган. Уларнинг ҳар бири 500 миллиард АҚШ доллари миқдорида бозор капитализациясига эга. Дунёдаги энг катта онлайн бозор ҳам Хитойда, бу мамлакатда энг тезкор супер-компьютер мавжуд. Хитой бир вақтнинг ўзида қудратли квант-компьютер тадқиқот марказини ишга туширди. У яратаётган йўлдошли қидириш ускунаси (GPS) 2020 йилдан кейин америкаликлар билан бемалол рақобат қилишга имкон беради. 

Америка эса ички муросасизлик уммонига ғарқ бўлган. Хитойнинг интеллектуал мулк ва ихтирочилар ҳуқуқларини поймол этаётганини исботлаш бўйича тергов ҳам Америка компанияларига 1 триллион АҚШ долларига тушади. Жорий йил бошида Конгресс Узоқ Шарқнинг Huwaei ва ZTE компаниялари билан ҳамкорлик алоқаларини тўхтатиш бўйича таклифни кўриб чиққанди. Америкаликларни шунчалар ташвишга солган омил - Хитой сунъий ақл яратишда 2025 йилда жаҳон етакчилигини қўлга киритиши мумкин. Бу ҳақда Google таъсисчи Alphabet корпорацияси собиқ бошқарувчиси Эрик Шмидт таъкидлаб ўтганди.

Бу ҳафтада АҚШ президенти Дональд Трамп яна битта сиёсий иқтисодиёт тарафида туриб қарор қабул қилди: у Broadcom компанияси томонидан Qualcomm ҳисобига тикилган 142 миллиард АҚШ долларга тақиқ қўйишга мажбур бўлди. Мақсад битта - миллий хавфсизлик нуқтаи назаридан Хитой 5G соҳасида етакчи бўлмаслиги лозим. Балки Трамп ҳақиқий таҳдидни англаган ҳолда бу ишга қўл ургандир, балки АҚШ разведка хизмати сармоя ортида Хитой турганини пайқагандир, аммо Хитойдан устун келишни истаган ҳар қандай давлат тиз чўктиришни бошламай, стратегик қадамни ташлаши лозим.

Ҳар қандай давлат учун иқтисодиёт жадал суръатда ривожланаётганда юқори технологик ютуқлардан фойдаланиш табиий ҳодиса ҳисобланади. Қолаверса, Хитойда сунъий ақлни тезроқ яратиш имконини берувчи энг қулай шароитлар, жумладан 800 миллиондан ортиқ интернет фойдаланувчилари, кучли назоратга олинган глобал тармоқ, АТ мутахассисларининг кластер шакли мавжуд.

Хитойдаги телевидение ва ўйинчоқ мижозларининг кўплиги киши психологияси, унинг ҳаракатларини олдиндан тахмин қилиш имкониятини беради. Бу юртда ишлаб чиқариш ва арзон ишчи кучи, ресурслар етарли эканлиги катта устунлик беради. АҚШнинг замонавий шароитда олиб бораётган сиёсатига Хитой қандай жавоб беради? Буни тахмин қилиш учун АҚШнинг ўзи ўтган асрнинг 50-60 йилларида қандай қилиб СССР билан фазода ва қуролланиш пойгасида баҳслашганини эслаймиз.

Ҳукумат, энг аввало, таълим тизимини эркинлаштириб, тадқиқот марказларини ёхуд мияларни кўпайтириб юборганди. Шу тариқа Силикон водийси пайдо бўлиб, эркин ва рақобатбардош ҳаёт кечирувчи компаниялар куртак ёзди. Бундан ташқари, АҚШ дунё бўйлаб «олтинбошлар»ни мамлакатга таклиф этиб, иммигрантлар сиёсатини деярли бехато олиб борди. Бундай муваффақият режаси амалда фойда бериши мумкин. Фақат режани ким биринчи бошламоқчи?!

АҚШ Хитойнинг рақамли таҳдидларига жавобан ўзининг миллий хавфсизлик ҳимоя чораларини ҳам қайта кўриб чиқиши мақсадга мувофиқ бўлади. Broadcom Сингапурда жойлашган Хитой эмас, балки АҚШнинг компаниясидир. 2015 йил олинган статистикага кўра, Америка ҳукумати изланиш ва тадқиқотлар учун мамлакат ЯИМ 0,6 фоизига тенг маблағни сарфламоқда. Бу рақам 1964 йили сарфланган маблағнинг учдан бирига тенг. Устига устак, президент Трамп 2019 йил бюджетини тасдиқлашда 42,3 фоиз ҳарбий бўлмаган соҳалар ривожи учун сарфланажак пулларни иқтисод қилиб қолишини айтди. У иммигрантлар сиёсатини қатъийлаштириб, АҚШни ёпиқ сиёсат олиб боришга етакламоқда.​

Top