Жаҳон | 14:00 / 20.03.2018
24042
2 дақиқада ўқилади

Ноёб турдаги охирги эркак каркидон жон берди

Кенияда шимол оқ каркидонининг энг охирги эркак вакили вафот этди. У 45 ёшда эди.

Судан исмли каркидон охирги вақтларда ўзини жуда ёмон ҳис қилган ва қўриқхона вакиллари жониворни қийналишдан халос қилиш мақсадида унга укол қилишган. Бироздан сўнг Суданнинг жони узилган.

Судан қўриқхонадагилар томонидан жуда қаттиқ қўриқланарди. Браконьерлар ҳужумидан асраш мақсадида каркидоннинг шохлари кесиб ташланганди. Унинг танасига радиузаткичлар жойлаштирилган бўлиб, улар жониворга туғилган хатардан огоҳ қиларди. 

Судан 2014 йилда Сан-Диегодаги қўриқхонада Ангалифу номли эркак каркидон ўлганидан кейин Ер юзидаги ягона эркак оқ каркидон бўлиб қолганди.

«Ol Pejeta’даги барчамиз Суданнинг ўлимидан қайғудамиз. У ўз турининг ажойиб вакили эди. Биз энди бутун дунё эътиборини каркидонлар нақадар аянчли аҳволга тушиб қолганига қаратмоқчимиз, бу инсоннинг вайронакор фаолияти туфайли юз берди», - дея маълум қилди қўриқхона бош директори Ричард Винь.

Энди бутун сайёра бўйлаб бу турдан иккита урғочи қолди: Суданнинг қизи ва набираси - Нажин ҳамда Фату. Бу эса яна бир ноёб тур йўқолиб кетиш арафасида турганини билдиради.

Қўриқхонанинг хабар беришича, турни давом эттиришга ягона умид қолган урғочилар тухумҳужайрадан фойдаланган ҳолда экстракорпорал уруғлантириш йўли билан авлодни кўпайтиришдир. 

Фото: AFP
Фото: Getty Images
Фото: AFP

Табиатни муҳофаза қилувчи ташкилотлар Суданнинг вафот этишини табиат учун катта йўқотиш деб баҳолашмоқда.