18:50 / 23.03.2018
40400

Мерос мулкни низосиз қандай бўлиш мумкин?

Фото: РИА "Новости"

Хусусий мулк эгасининг вафотидан кейин ундан қолган мол-мулк тақдирини белгилаш, уни кимнинг эгалигига бериш масаласига ўтган барча даврда ҳал қилиниши лозим бўлган муҳим масала сифатида қаралиб, турли йўллар билан ҳал қилиб келинган, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати

Қадимда биргина ер участкаси, уй-жой, рўзғор буюмлари, иш қуроли ва чорва молларига нисбатан хусусий мулкчилик мавжуд бўлиб, шахснинг вафотидан кейин ушбу мол-мулклар урф-одат бўйича марҳумнинг фарзандлари эгалигига ўтган. Шунингдек, айрим мажбурият ҳуқуқлари, масалан марҳум ҳаётлигида олган қарзини  қайтаришни ҳам фарзандлар зиммасига қўйилган.

Бундан ташқари, қадимда марҳумнинг мулки тақдири, хусусан мерос масаласи асосан шариат қоидаларига кўра ҳал қилинган.   

Жумладан, мусулмон ҳуқуқида ўлган шахснинг мол-мулки шариат қоидалари ёки васият бўйича мерос бўлиб ўтиши, мерос очилган пайтда тирик бўлган барча қариндошлар меросхўр ҳисобланиши ҳамда ҳар бир меросхўрнинг ўз ҳиссасига эга эканлиги назарда тутилган.
     
Шариат қоидаларида, хусусан Қуръонда меросга доир масалалар ҳам ёритилган бўлиб, унга кўра марҳум қариндошларининг барчаси биргаликда эмас, балки улар марҳумга қариндошлигининг узоқ-яқинлиги ҳисобга олинган ҳолда навбати билан мерос олишга чақирилган. Марҳумнинг фарзандлари ва унинг авлоди энг яқин қариндошлар ҳисобланиб, ота-онаси вафот этган ҳолдагина набиралар бобосининг мулкига нисбатан меросхўр ҳисобланган. Марҳумнинг фарзандлари бўлмаган тақдирдагина ота-оналар ўз фарзандининг мулкидан мерос олиш учун чақирилган. 
     
Марҳумнинг фарзандлари ва ота-онаси бўлмаган тақдирда унинг мерос мулки яқин қариндошлари ўртасида тақсимланган бўлиб, мусулмон ҳуқуқида қариндошлар тўрт тоифага бўлинган. Марҳумнинг ворислари бўлмаган ва у томонидан васиятнома қолдирилмаган тақдирда марҳумнинг мулки хазинага топширилиб, давлат эгалигига ўтказилган.

Собиқ Иттифоқ даврида амалда бўлган қонунчилигида мерос мулки масаласида бир қатор нормалар мавжуд бўлсада, ўша давр жамиятининг иқтисодий негизини давлат мулки ташкил этганлиги, фуқаролар амалда арзирли хусусий мулкка эга бўлмаганлиги сабабли ушбу қонун нормаларига камдан-кам мурожаат қилинар ва уни ўрганиш, шарҳлаш ҳамда такомиллаштириб боришга у қадар зарурият мавжуд эмас эди.
     
Мулкчиликнинг ҳамма шакллари тенг ҳуқуқли эканлиги Бош Қомусимиз бўлган Ўзбекистон Республикаси Конституциясида кафолатланганлиги,  мулкчилик тўғрисидаги, ер тўғрисидаги, уй-жой фондини, мулкни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисидаги бир қатор қонунларнинг қабул қилиниши, шунингдек, босқичма-босқич амалга оширилган иқтисодий ислоҳотлар, бозор муносабатларининг ривожланиши, кичик ва ўрта тадбиркорлик фаолиятининг қўллаб-қувватланиши  натижасида қисқа вақт ичида фуқароларимиз турли кўчмас ва кўчар мулклар, хусусан уй-жой ва нотурар-жой бинолари-ошхона, меҳмонхона, савдо дўконлари, корхоналар ва турли транспорт воситалари, акциялар ва бошқа қимматли қоғозлар, ер участкалари, фермер хўжаликлари ҳамда чорва моллари ва бошқа турдаги қонун билан тақиқланмаган мулкларнинг эгасига айланди.

Олиб борилган иқтисодий ислоҳотларнинг самараси оқибатида жуда қисқа вақт ичида  жамиятда мулкдорлар синфи вужудга келди, уларнинг сони ва сифати кун сайин ошиб бормоқда.
      
Мулкдорлар синфи вужудга келиши билан бир вақтда мавжуд мулкнинг авлоддан-авлодга ўтишини ҳуқуқий тартибга солиш  зарурияти туғилди. 
     
Шу билан боғлиқ хусусий мулкнинг авлоддан-авлодга ўтишини ҳуқуқий тартибга солиш зарурияти туғилди ва 1997 йил 1 мартидан амалга киритилган Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг V-бўлимида мулк эгасининг вафотидан кейин унинг барча мол-мулки унинг ворисларига ўтишига доир қонун нормалари мустаҳкамланди.

Ворислик ҳуқуқи билан боғлиқ қонун нормаларининг судлар томонидан амалда тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида 2011 йил 20 июлда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Судлар томонидан мерос ҳуқуқига оид қонунчиликнинг қўлланилиши тўғрисида”ги 5-сонли қарори қабул қилиниб, тегишли тушунтиришлар берилди.

Ҳар қандай соғлом фикрли инсон биргина ўз манфаатини кўзламасдан, ҳалол меҳнат орқали оиласини таъминлаш, мулкдор бўлиш, уни кўпайтириш ва ўзидан кейин авлодларига қолдириш йўлида меҳнат қилади. 
      
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 54-моддасида  мулкдорнинг ўз мулкига ўз хоҳишича эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва тасарруф қилиш ҳуқуқи мустаҳкамланган.

Мулкдор ўзининг юқорида қайд этилган мулкка нисбатан барча ҳуқуқларидан ҳаётлик чоғида бевосита фойдаланади. Шунингдек, ўзи ҳаётлик чоғида ўз мулкининг вафотидан кейинги тақдирини васиятнома қолдириш орқали олдиндан белгилайди.
     
Амалдаги қонун нормаларида, мулк эгасининг вафотидан кейин унинг барча мол-мулки унинг ворисларига қонун бўйича ва васиятнома бўйича  ўтиши белгилаб қўйилган.
     
Васиятнома қолдирилмаган ҳолларда айни  бир мулкни меросхўрлар ўртасида тақсимлаш билан боғлиқ низолар келиб чиқиши табиий.

Мерос билан боғлиқ низолар, асосан, қон-қариндош бўлган ота (она) ва фарзандлар,ака-ука,опа-сингил ворислар ўртасида юзага келади ва бунга асосан уларнинг амалдаги қонун нормаларини билмаслиги ва бири бошқасининг ҳуқуқини тан олмаслиги сабаб бўлади.

Мерос мулкини тақсимлашда ворислар ўзаро келишганлари энг мақбул ечим ҳисобланади. Чунки, низолашиш (суд томонидан қонуний ечим топилган тақдирда ҳам) ворислар ўртасидаги ўзаро яқинлик муносабатларига, меҳр-оқибатга путур етказади. 
  
Жамиятимиз инсонлар ўртасида соғлом муносабатлар қарор топиши, уларнинг бир-бирига муносабатлари яхши бўлишидан манфаатдордир. Зеро, соғлом муносабат, соғлом оилалар жамият негизини ташкил этади. 
     
Ворисларга ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириш орқали  мерос мулки билан боғлиқ низоларнинг,  жамиятимизда инсонлар ўртасидаги қон-қариндошлик муносабатларига путур етишининг олдини олиш мақсадида  Олий суд томонидан  «ВОРИСЛИК ҲУҚУҚИ» амалий  қўлланмаси чоп этилиб, Халқ қабулхоналари, маҳалла фуқаролар йиғинлари ва фуқароларга бепул тарқатилди.

Қўлланмада, ворислик тушунчаси ва уни ҳуқуқий тартибга солиш, мерос таркиби, мерос очилиши, меросхўрлар, васиятнома бўйича ворислик, қонун бўйича ворислик, меросни эгаллаш ва бошқа ворислик билан боғлиқ бошқа масалалар содда тилда суд амалиётидан мисоллар орқали тушунтирилган. Шунингдек, қўлланмада васиятнома намуналари, меросни қабул қилиш масалалари кенг ёритилган.

Китобнинг электрон шакли билан Олий суднинг расмий веб-сайтида танишиш мумкин.

Top