Президент банк тизимидаги қатор муаммо ва камчиликларни белгилаб берди
Ўзбекистон Республикаси президенти «Банк хизматлари оммабоплигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолади.
Ҳужжатда қайд этилишича, амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида банк тизимида хизматлар кўрсатишнинг бозор механизмлари жорий этилмоқда, уларнинг турлари кенгаймоқда, тадбиркорлар ва аҳоли учун молиявий очиқлик ошиб бормоқда.
Аҳоли учун валюта айирбошлаш амалиётларини амалга оширишни енгиллаштирувчи янги банк хизматлари жорий этилди, якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан чет эл валютасини сотиб олиш учун имкониятлар яратилди.
Шу билан бирга, банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига, айниқса, ҳудудларда риоя этиш ҳамда молиявий очиқликни кенгайтириш, шунингдек, хизмат кўрсатиш маданияти ва банк тизимига бўлган ишончни янада оширишда бир қатор муаммо ва камчиликлар кузатилмоқда. Хусусан:
биринчидан, кредитларни ажратиш бўйича қарор қабул қилишда ваколатлар ҳаддан ташқари марказлашганлиги бош банклар ва уларнинг филиаллари ўртасидаги жавобгарликнинг аниқ чегараланишига тўсқинлик қилмоқда;
иккинчидан, кредит буюртмаларини кўриб чиқишнинг мураккаб механизмлари кредитларни тезкор олиш имкониятларини чегараламоқда;
учинчидан, тижорат банклари томонидан микроқарзлар ажратилиши имкониятининг мавжуд эмаслиги микроқарзларни олиш даражасини оширишни таъминламаяпти, микрокредит ташкилотлар ва ломбардларнинг хизматлари бўйича юқори фоиз ставкалари аксарият ҳолатларда истеъмолчиларнинг молиявий ҳолати ёмонлашишига олиб келмоқда;
тўртинчидан, чакана банк хизматлари бозорининг паст даражада ривожланганлиги ва мижозлар билан ҳамкорлик муносабатларини йўлга қўйишнинг замонавий ёндашувлари мавжуд эмаслиги ортиқча бюрократия ва сансалорлик учун замин яратмоқда;
бешинчидан, банк карталари асосида нақд пулсиз ҳисоб-китобларни амалга ошириш бўйича давлат процессинг ташкилотининг мавжуд эмаслиги чакана тўлов тизимларининг хавфсизлик, узлуксизлик ва ишончлилик даражасига таъсир кўрсатмоқда ва аҳолининг кенг қатламлари учун очиқ инновацион лойиҳаларни амалга оширишда замонавий технологик ечимларни илгари суришга тўсқинлик қилмоқда;
олтинчидан, кредитларни (микроқарзларни) кўриб чиқиш ва ажратиш учун хизмат ҳақлари ва бошқа тўловларнинг ундирилиши қарзнинг реал қиймати ошишига олиб келмоқда;
еттинчидан, шартномаларга хизматлар учун тарифлар, ажратилган кредитлар ва қабул қилинган депозитлар бўйича фоиз ставкаларни бир томонлама ўзгартиришни назарда тутувчи шартларни киритиш, шунингдек, бир хизматни қўшимча хизматдан фойдаланиш шарти билан кўрсатиш банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини бузмоқда;
саккизинчидан, банк тўлов карталаридан чет эл валютасини ечиш бўйича чекловларнинг мавжудлиги ва банкоматлар сонининг етарли эмаслиги валюта айирбошлаш амалиётларини амалга оширишда хизмат кўрсатишни талаб даражасида таъминламаяпти.
Мавзуга оид
12:22 / 23.12.2024
Кураш тренерлари ва ҳакамларини хорижий давлатларга “экспорт” қилиш йўлга қўйилади
11:18 / 27.11.2024
Миллий симфоник оркестри ходимлари маоши оширилади
09:55 / 15.10.2024
Автобус йўлакларида бошқа транспортларнинг ҳаракатланиши устидан назорат кучайтирилди
07:16 / 20.08.2024