Спорт | 15:09 / 28.03.2018
16670
11 дақиқада ўқилади

Мундиални кутиб. Таништирув: Марокаш

МАРОКАШ:
Мустақиллиги: 2 март 1956 йил
Расмий тили: Араб
Пойтахти: Рабат
Бошқарув тизими: Конституцион монархия
Аҳолиси: 33.9 миллион (дунёда 38-ўрин)
Валюта: Марокаш дирҳами

ТЕРМА ЖАМОА:

Фото: ЎФА матбуот хизмати

Лақаби: Атлас шерлари
Конфедерация: АФК
Бош мураббий: Эрве Ренар
Жамоа сардори: Меҳди Бенатия
Энг кўп ўйин ўтказган: Нуриддин Найбет (115)
Энг кўп гол урган: Аҳмад Фарас (42)
Либос ранги: қизил-яшил-қизил
ФИФА рейтингидаги ўрни: 42 (15 март ҳолатига)
Энг йирик ғалабаси: Саудия Арабистони - 13:1 (1961)
Энг йирик мағлубияти: Венгрия - 0:6 (1964)
Африка Миллатлар кубоги: Чемпион (1976)
Жаҳон чемпионати: 1/8 финал (1986)

Марокаш терма жамоаси кўпчиликка асосан Франция мундиалидаги Мустафо Ҳожи ва унинг шерикларини ёдга солса-да, аслида уларнинг тарихи анча эрта бошланган. Марокаш Африка терма жамоалари ичида жаҳон чемпионати финал босқичида қатнашган иккинчи жамоа, шунингдек, гуруҳ босқичидан ўта олган илк жамоа сифатида тарихда қолган. 

ПЕЛЕ, МАРАДОНА, ЗИДАН...
Марокашликларнинг жаҳон чемпионатларидаги ёрқин йиллари айнан мана шу уч даҳо даврига ҳам тўғри келади. 1962 йилдан бошлаб саралаш ўйинларида қатнаша бошлаган Марокаш учинчи уринишда, яъни ЖЧ-1970 мусобақасига йўлланмани қўлга киритадилар. «Атлас шерлари» гуруҳда ГФР, Перу ва Болгария билан бирга тушади ва уч ўйиндан фақат бир дуранг қайд этиб, уйга равона бўладилар. Аммо бошланишига бу ҳам ёмон эмасди.

Орадан 16 йил ўтиб, Марадона порлаган Мексика майдонларида Марокаш ҳам ўзига яраша рекорд қайд этди. Англия, Польша, Португалия каби Европанинг кучли жамоалари билан бир гуруҳдан жой олган Марокаш Африка терма жамоалари ичида биринчи марта плей-оффга чиқа олди. Эртак яна давом этиши мумкин эди, аммо Лотар Матеуснинг ўйин тугашига уч дақиқа қолганда урган голи чорак финалга немисларни олиб чиққанди.

1994 ва 1998 йиллардаги мундиалларда марокашликлар гуруҳ босқичидан ўта олмаган бўлишса-да, айниқса, Франция-98 даги иштироки кўпчиликнинг ёдида қолган. Ўшанда Марокаш жуда ёрқин ўйин кўрсатган ва гуруҳдан чиқишга лойиқ бўлганди ҳам. Эсингизда бўлса, тақвимдаги ноқулайликлар натижасида сўнгги турлар Испания ва Марокашнинг аянчли тақдирига ачинган эдик.

Фото: Getty Images

Гап шундаки, сўнгги тургача барча масалани ҳал қилган Бразилия терма жамоаси Норвегияга қарши ўйинда кучсиз таркибни туширганди. Дастлабки икки турда рақиблари билан дуранг ўйнаган Норвегия чемпионларни енгиб, очколари сонини 5 тага етказган ва гуруҳда иккинчи ўринни эгаллаганди. Уёқда Шотландия терма жамоаси дарвозасига жавобсиз учта гол йўллаётган Юсуф Шиппо ва Мустафо Ҳожи жамоадошлари эса, кўзда ёш билан турнирни тарк этгандилар. Кейинчалик, финалда 0:3 ҳисобида мағлубиятга учраган Бразилияни маломат қилиб, айнан гуруҳдаги адолатсизлик туфайли жазо содир бўлганини айтганлар ҳам бўлганди.

Ўша оқшомдан йигирма йил ўтди ва мана, Марокаш яна катта майдонларга қайтмоқда.

ЕВРОПАГА СОЧИЛГАН МУХЛИСЛАР

Фото: Getty Images

Марокаш яна, жуда эҳтиросли ва «фаол» мухлислари билан машҳур. Терма жамоанинг мундиал йўлланмасини қўлга киритиши Мисрнинг байрамидан кам бўлмаганини таъкидлаган ҳолда, шуни қўшимча қилиш мумкинки, келиб чиқиши марокашлик бўлган жуда кўп одамлар Европа бўйлаб сочилиб кетган ва уларнинг байрамлари бутун Европани ларзага келтирганди. Айниқса, ҳал қилувчи ўйинда Африка футболининг сўнгги ўн йилликдаги байроқдори Кот-д’Ивуар сафарда мағлуб этилганди.

Ноябрь оқшомида, сўнгги тур олдидан Марокаш 9, Кот-д’Ивуар 8 очко жамғарган, аммо ҳал қилувчи ўйин иккинчи жамоа майдонида бўлаётганди. Марокашни дуранг қониқтирар, гуруҳ ўйинларида уч ўйинни 0:0 билан якунлаган жамоа учун, яна бир бор шу ҳисоб учун ўйнаш энг катта синов эди. Эрве Ренар шогирдлари бу вазифани ортиғи билан уддаладилар ва 2:0 ҳисобида устун келдилар.

Уёғини тасаввур қилаверинг, ўша кеча нафақат Марокаш ухламади, балки Бельгия, Франция каби мамлакатларда минглаб мухлислар кўчаларни тўлдирдилар. Табиийки, безориликлар ҳам бўлди, бир қатор магазин ойналари ва автомашиналар жабр кўрди. Россияда Марокаш энг фаол ва агрессив мухлисларига эга бўлган терма жамоалардан бири бўлиши шубҳасиз.

ЭРВЕ РЕНАР КИМ ЎЗИ?

Фото: Getty Images

Мустафо Ҳожи ва жамоадошлари Франция майдонларида жавлон ураётган бир пайтда, франциялик ҳимоячи, умрини қўйи лига жамоалари сафида ўтказган Эрве Ренар бутсасини михга эндигина илган ва мураббийлик конспектларига илк жумлаларни ёзишни бошлаётганди. Ренар ўшанда футбол тамаддунининг кейинги қадамларини ҳис қилиш учун мундиални диққат билан кузатган ва балки Марокаш терма жамоасига ҳам эътибор қаратгандир, лекин орадан йигирма йил ўтиб, шу мамлакатга унутилмас ғалабани тақдим этадиган жамоа тузишини етти ухлаб тушида кўрмагани аниқ...

Икки йил ўзи ўйнаган «Драганиян» жамоасида ишлаган 30 ёшли мураббийнинг кейинги фаолияти силлиқ кечмади. Хитойдан тортиб, Англиянинг қўйи лигасидаги «Кэмбриж»да, Гана терма жамоаси, «Сошо», «Шербур» ва ҳоказо - бир-бирига тамомила ўхшамаган бу жамоалардан Ренар ўзини ахтарган бўлса не ажаб.

Лекин тан олиш керак, Эрве Ренар айнан Африка футболида порлади, унинг 20 йиллик мураббийлик фаолиятидаги икки соврини Замбия ва Кот-д’Ивуар терма жамоалари билан бўлган. 2012 ва 2015 йилларда у бу терма жамоаларни Африка чемпионига айлантирганди. Шундан сўнг, Францияга қайтиб, «Лилль» билан уриниб кўрган Ренар муваффақиятсизликка учради ва 2016 йилда Африкага қайтиб, энди Марокашни бошқаришга розилик берди. Қизиғи, Замбия ва Кот-д’Ивуарни бошқариш ўртасида ҳам у Францияга бориб, «Сошо»да ишлаган ва у ердан ҳам истеъфога чиқарилганди. Тақдир кетма-кет мураббийга унинг ўрни айнан Африка футболида эканини кўрсатаётгандек. 

БУГУНГИ МАРОКАШ

Фото: AFP

Марокашнинг биз биладиган энг машҳур футболчиси Меҳди Бенатия — ҳимоячи. Шунингдек, яна бир топ клуб аъзоси бўлган Ашраф Ҳакими — у ҳам ҳимоячи. Шунинг ўзи ҳам, бу жамоани ютиш осон эмаслигини кўрсатиб турибди. Эрве Ренар олти йил олдин Замбияда ҳам шунга ўхшаш жамоа тузганди. Ҳимояда бехато ҳаракат қилган замбияликларнинг Кот-д’Ивуар билан финалда дуранг ўйнаганликлари ва жуда узоқ давом этган пенальти серияси ҳам ёдингизда бўлса керак.

Саралаш ўйинларининг ҳал қилувчи босқичида Марокашнинг тўплар нисбати 11-0 эди. Яъни агар Марокаш гол ўтказмаслик учун бел боғласа, рақибга жуда қийин бўлиши шубҳасиз. Аммо жамоага ўйнаш имкони берилса, рақибини буткул янчимасдан қўймаслигини таъкидлаш керак. Ўша юқорида тилга олинган сўнгги тур олдидан Марокашда учта 0:0 ҳисобидаги дуранглар билан бирга, 6:0 ва 3:0 ҳисобидаги ғалабалар ҳам бор эди. Албатта, бу натижалар Африка миқёсида кўрсатилган, жаҳон чемпионатида жамоа бир босқич олдинга қадам ташлай оладими, йўқми, кўрамиз.

Албатта, олдинги чизиқда ҳам эътиборга арзирли номлар бор — масалан, Юсуф Белҳанда яқин яқингача, Европанинг кўзга кўринган ёш футболчиларидан бири саналарди. Ҳаким Зиёш, Муборак Бусуффа, Карим Ал Аҳмади каби яримҳимоячиларни алоҳида таништиришнинг ҳожати бўлмаса керак.

«Малага», «Уотфорд», ҳозирда «Леганес» жамоалари орқали Нордин Амрабатни яхши биламиз. Унинг укаси 21 ёшли Софян ҳам «Фейеноорд»да эътиборга тушди ва терма жамоага жалб қилинмоқда. Умуман сўнгги чақирилган тартибда 5 нафар Нидерландия чемпионати ва Испания Ла Лигаси вакили, 4 нафардан Франция ва Туркия лигаси қатнашчилари бор. Шу рақамнинг ўзи ҳам Марокашнинг катта мусобақалар учун бегона эмаслигидан далолат қилади.   

ЭЪТИБОР БЕРИШ КЕРАК: БУТАЙБ - АЛ КААБИ
Ҳолид Бутайб 30 ёшга яқинлашгунча фақат Франция қўйи дивизионларида ўйнаб юрган ва терма жамоадан четда қолганди. 2016 йилда «Страсбур» клубига ўтган Ҳолид у ерда фаолиятидаги энг яхши мавсумини ўтказди ва жамоани Лига 1 га чиқишда катта ёрдам берди. Сал олдинроқ терма жамоа сафида ҳам илк ўйинини ўтказган Бутайб ҳал қилувчи саралаш ўйинларида Марокашнинг асосий тўпурарига айланди. Сўнгги икки йилда таркибда ўйнаётган ҳужумчи 14 ўйинда майдонга тушиб, 6 гол муаллифига айланди.

Фото: Getty Images

Унинг ўрнини босиши ёки шерик бўлиши мумкин бўлган ҳужумчи эса, январь ойида Марокаш мезбонлик қилган «Африка Миллатлар Чемпионати»да кашф қилинди дейиш мумкин. Ушбу турнирнинг ўзига хослиги шундаки, терма жамоалар легионерларсиз ҳаракат қиладилар. Бу ўйинларда жамоага жалб қилинган 24 ёшли Айюб Ал Кааби 6 ўйинда 9 гол муаллифига айланди ва мезбонларнинг чемпионлигига муносиб ҳисса қўшди. Кеча Ўзбекистон терма жамоаси дарвозасига киритилган тезкор гол эса, Айюбнинг ўнинчи голи бўлди. Кааби миллий чемпионатда ҳам жуда сермаҳсул ҳужумчи саналади, у 64 ўйинда 38 гол уришга улгурган.

Фото: FADEL SENNA/Getty Images

Хуллас асосий қуроли ҳимоя деб тарифланадиган Марокаш терма жамоасида гол ура оладиган номзодлар етарли. 

ЖЧ-2018
Марокаш жаҳон чемпионатида В гуруҳидан жой олган. Айтиш мумкинки, рақиблар осон эмас ва Испания, Португалия тимсолида яққол фаворитларга эга. Марокаш ва Эрон бу икки Европа грандига қаршилик кўрсатишига тўғри келади. Марокаш илк ўйинини Эронга қарши 15 июнь куни Саранскда, 2-турни эса, Москвада, 20 июнда Португалияга қарши ўтказади. Сўнгги ўйин 25 июнь куни Калининградда бўлиб ўтади. 

Энди қаранг, Марокаш агар Эронни ютиб, Португалия билан ўша ўзи ёқтирган 0:0 ни ўйнаб олса, айнан тақвимдаги қулайлик уларга 20 йил олдинги қарзни қайтариши мумкин. Яъни балки сўнгги турда Испания масалани ҳал қилган ҳолда кучсизроқ таркибни туширар? Қизиғи, ўша кўп эсланаётган ЖЧ-98 да айнан испанлар қисматда марокашликларги шерик бўлгандилар...

Қаҳрамон Асланов тайёрлади.

Мавзуга оид