18:03 / 02.04.2018
11114

Қозоғистон телевидениесида Ўзбекистонда ички ва халқаро туризмни ривожлантириш ҳақида

Ўзбекистон сармоячиларни қандай жалб қилмоқда, ички ва халқаро туризмни қандай ривожлантирмоқда - Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов шу ва бошқа кўплаб масалалар ҳақида Қозоғистонда эфирга узатилувчи "Бизнес и закон" кўрсатувида сўз юритди.

"Ўзбек халқи Шавкат Мирзиёевни президент этиб сайлаганидан кейин давлат раҳбари томонидан туризмни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Бу жуда асосли ва табиий ҳолат. Ўзбекистон туризмни ривожлантириш учун улкан ресурсларга эга. Бундай салоҳиятдан фойдаланмасликни кечириб бўлмайди", - дея сўз бошлади Қўмита раиси.

Азиз Абдуҳакимов шу кунга қадар туризмга доир норматив-ҳуқуқий асослар деярли тўлиқ қайта кўриб чиқилгани, хусусан, виза режимини соддалаштиришга доир муҳим қарорлар қабул қилинганини таъкидлади. Туристик соҳада самарали фаолият юритиш учун тадбиркорларга катта имкониятлар ва имтиёзлар яратилганини қайд этди. Меҳмонхоналар қуриш, автотранспорт воситаларини қўлга киритишга доир имтиёзлар, махсус кредит линиялари ва бошқалар шулар жумласидандир. Бундан ташқари, туризм ривожи йўлидаги тўсиқлар бартараф этилганига тўхталиб ўтди. Масалан, rent-car'лар хизмати йўлга қўйилишидаги тўсиқлар, чет элликлар томонидан туристик SIM-карталарнинг олиниши ва бошқа қатор майда тўсиқлар мамлакат туризми ривожи учун тўсқинлик қилаётган эди. Давлат раҳбарининг қарорлари билан уларнинг бари олиб ташланди.

"Таъкидлаш жоизки, бу чора-тадбирлар бугунга келиб ўзининг аниқ натижасини бермоқда. Ўзбекистоннинг етти мамлакат билан визасиз режимни йўлга қўйиши ҳозирнинг ўзидаёқ ўз самарасини кўрсатмоқда. Февраль ойи ҳолатига кўра, сайёҳлар оқими 5,7 бараварга кўпайган. Март ойининг илк олти кунида эса ўсиш кўрсаткичи 50 баравардан ортиқни ташкил қилмоқда. Март ойининг ўрталарида бошланадиган HiSeason мавсуми учун бугуннинг ўзида деярли барча меҳмонхоналар банд қилинган.

Бугун биз Ўзбекистонда бошқа бир муаммо - туристик инфратузилма етишмовчилигига дуч келдик. Давлат раҳбари томонидан янги меҳмонхоналарни қуришга доир катта вазифа қўйилган. Бугунги кунда биз кўпроқ сайёҳлар учун 3 ва 3+ юлдузли меҳмонхоналарни қуриш устида ишламоқдамиз.

Бундан ташқари, биз Ўзбекистонга келиш имкониятларини соддалаштиряпмиз. Жорий йилнинг 1 июлидан Ўзбекистонда электрон виза хизмати йўлга қўйилади. 1 майдан эътиборан транзит йўловчиларга визасиз уч кун (72 соат) давомида Ўзбекистонда меҳмон бўлиш имконини яратамиз, яъни транзит виза жорий қилинади. Аэропортларимизда илғор халқаро аэропортлардаги каби 8 соатгача шаҳарга чиқиш, диққатга сазовор жойларни томоша қилиш, тамадди қилиш имкони йўлга қўйилади. Бу ҳам туризмни ривожлантириш йўлларидан бири", - дейди Абдуҳакимов.

Фото: Видеодан кадр /Азиз Абдуҳакимов

Шунингдек, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси бугунга келиб, туризм иқтисодиётнинг асосий йўналишларидан бирига айлантирилаётганини қайд этди. "Бу йўлда биз фақат кириш туризми билан чекланиб қолмай, ички туризмни ривожлантириш йўлида ҳам фаол ишлар олиб бормоқдамиз. Бу бизнинг олдимизда турган энг катта вазифалардан биридир", - дейди у.

Хусусан, президент қарорлари билан ишчиларнинг Ўзбекистон бўйлаб жамоавий ҳаракат қилишини ташкил қилган ташкилотлар учун қатор имтиёзлар яратилгани таъкидланди. "Бизда "Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!" номли бутун бир дастур ишлаб чиқилган. Унга кўра, лицензияланган туристик компаниялар ёрдамида ходимлари саёҳатини ташкил қилган ташкилотлар учун сарф қилинган пуллар уларнинг даромад солиғидан олиб ташланади. Ўз ходимлари саёҳатининг 50 фоизи ёки муайян қисмини тўлашга ёрдам кўрсатувчи юридик шахслар эса солиқ базасидан шу суммани олиб ташлаш имконига эга бўлади. Демак, бу ҳам туризм ривожи учун ишлайди.

Ўзбекистонда "Golden Week" ("Олтин ҳафта") ҳафталиги жорий қилинди. Ўзбекистон фуқаролари йилда уч марта - Янги йил, Наврўз ва Мустақиллик байрамларида беш кун кетма-кет дам олиш имконига эга бўлишади. Бу одамларнинг уйда ўтириши учун эмас, Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиши учун қилинган иш. Бу эса иқтисодиётни ривожлантиришга, турли хизматларга бўлган талабларни оширишга, транспорт компаниялар, меҳмонхоналар ва ресторанларнинг ривожланишига, янги ишчи ўринларни яратишга туртки беради", - дея таъкидлайди Азиз Абдуқаҳҳорович.

Туризм - Ўзбекистонда тезкорлик билан ривожланаётган иқтисодёт йўналишлардан бири ҳисобланади. Шундай экан, бу борада маҳаллий сармоядорларни жараёнга жалб қилиш бўйича қатор ишлаб олиб борилаётгани айтиб ўтилди. Шу билан бирга, Ўзбекистон хорижий инвесторлар учун ҳам очиқ экани алоҳида таъкидланди.

"Биз барча хорижий инвесторларни Ўзбекистонга сармоя киритишга чақирамиз. Бу йўналишда уларга катта имтиёзлар ҳам яратилган. Хусусан, агар сиз меҳмонхона, мавзуий парк қураётган бўлсангиз, сизни турли божхона тўловларидан озод қилишади. Шунингдек меҳмонхона қураётган сармоядор 10 йилгача солиқлардан озод бўлади. Қурилиш вақтида у бизнинг қурилиш материалларимизга буюртмалар беради ва бу ҳам иқтисодиёт ривожи учун хизмат қилади. Меҳмонхона қурилиши якунлангандан кейин эса у қўшимча ишчилар ёллайди, улар ўз ўрнида маош олиб, даромад солиғи тўлайдиган бўлишади. Буларнинг бари яратилган имтиёзлар натижасидаги йўқотишлар ўрнини қоплайди", - дейди Қўмита раиси.

Бундан ташқари, инфратузилма ривожи йўлида қилинаётган ишларга тўхталиб ўтилди. "Масалан, асосий муаммолардан бири санитария-гигиена тармоқларининг қониқарсиз ҳолати эди. Бу умуман қатор қўшни давлатларга хос жиҳат, буни яширишга ҳожат ҳам йўқ. Биз Хитой мисолида Ўзбекистонда ўзига хос "ҳожатхона инқилоби"ни бошладик. Икки йилда барча санитария-гигиена тармоқларимизни тартибга келтиришимиз керак. Барча стандартларга жавоб берувчи санитария-гигиена тармоқлари фаолиятини йўлга қўйган тадбиркорлар қатор имтиёзларга эга", - деди А.А.Абдуҳакимов.

"Яна бир эътиборга молик йўналиш - турли смарт-технологиялар ривожи, - дея давом этади у. - Ўзбекистонда валюта айирбошлаш билан боғлиқ муаммолар бўлгани муносабати билан эквайринг билан боғлиқ муаммолар бўлган. Барча туристик инфратузилмалар ўз сайтига эга бўлиб, унга экваринг, электрон тўловлар жорий қилса, бу харажатларнинг бари солиқ базасидан олиб ташланади.

Шунингдек диққатга сазовор жойларда сайёҳлар учун бепул интернет тақдим этиш устида иш олиб боряпмиз. Хўжалик субъектлари рутерлар, интернет-трафик сотиб олса, бу харажатлар суммаси солиқ базасидан олиб ташланади. Шу тариқа сайёҳларга бепул интернет хизмати тақдим этилади. Оммавий Wi-Fi зоналарини ташкил қилувчи компанияларга 18 квадрат метр майдонда ўз рекламасини жойлаштириш имкони берилади. Биз Бухорода шу йўналишда тажрибани йўлга қўйдик ва эндиликда уни бутун мамлакат бўйлаб татбиқ қилмоқдамиз. Кўп компаниялар бундай таклифга қизиқиш билдиришди, чунки улар контентдан, рекламадан пул топишади. Буларнинг бари давлат-хусусий ташкилотлар ҳамкорлиги натижасида амалга ошаётган ишлардир.

Шу фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистонда туризм саноатини ривожлантиришга ҳисса қўшиш, сармоя киритиш истагида бўлган қозоғистонлик ишбилармонларни ҳам ҳамкорликка таклиф этамиз, қўмита бу йўналишда улар билан мулоқотга чиқишга, керакли таништирув ишларини амалга оширишга очиқ", - дейди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси.

Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистон минтақавий ҳамкорликка катта эътибор қаратаётганини таъкидлади. "Сўнгги уч кун давомида Остонада бўлиб, қозоғистонлик ҳамкасбларимиз билан ташқи бозорда кўплаб туристик маҳсулотларни биргаликда тарғиб қилишга келишиб олдик. Икки мамлакат фуқаролари ўртасидаги саёҳатлар сонини ҳам ошириш режалаштирилган. Шу йўлда кўрилган чоралардан бири Қозоғистонда Ўзбекистонга саёҳат қилишга чорловчи ва Ўзбекистонда Қозоғистонга саёҳатга чорловчи баннерларнинг ўрнатилишидир. Бундан ташқари, икки мамлакатнинг имиджини шакллантирувчи видеорликларни тақдим этиш учун ўзаро эфир вақтларини алмашишга ҳам келишиб олинди. Миллионлаб томошабинлар уларни кўриб, шу мамлакатларга саёҳат қилишга қизиқади.

Шунингдек, зиёрат туризми ҳам катта салоҳиятга эга. Бу ҳам бизнинг мамлакатларимиз учун қизиқарли йўналиш. Ўзбекистонда қозоғистонлик арбобларнинг, Қозоғистонда эса ўзбекистонлик арбобларнинг муқаддас қадамжолари бор. Биз ҳозирда қўшма турларни йўлга қўйиш борасида жуда фаол иш олиб боряпмиз. Дастлабки турлардан бири - бу ўзига хос учбурчак бўлиб, Туркистондаги Ҳожа Аҳмад Яссавий мақбараси - Қўнғиротдаги Ҳаким ота мақбараси (Ҳаким ота Яссавийнинг шогирди бўлган) - Тошкент вилоятидаги Занги ота мақбараси (Занги ота Ҳаким отанинг ўқувчиси бўлган). Бу икки мамлакат аҳолиси учун ҳам жуда қизиқ тур бўлар эди.

Фото: Ҳожа Аҳмад Яссавий мақбараси

Бундан ташқари, бизда турли шифобахш сувлар бор. Масалан, Сурхондарёда Омонхона суви бор. Ички органларни ювишга эҳтиёжи бўлган кишилар ўша ерга бориб, шифобахш сув ёрдамида даволанишлари мумкин. Шу билан бирга, Қозоғистонда ҳам тиббиёт туризмини ривожлантиришга арзирли ерлар бор", - дейди Абдуҳакимов.

Унинг сўзларига кўра, Қозоғистонда ташкил қилинган туристик форумда Ўзбекистоннинг 30 дан ортиқ ва Қозоғистоннинг 50 дан ортиқ туристик операторлари қатнашишди. Улар ҳамкорлик учун янги имкониятлар излашмоқда ва сайёҳлар оқимини оширишга доир муайян келишувларга эришишмоқда ҳамда учинчи мамлакатлар сайёҳларини жалб қилиш устида ҳам ишлашмоқда. Ўзбекистон ва Қозоғистонда мавжуд имкониятлардан фаол фойдаланиш бизга иқтисодиётни ривожлантириш, янги ишчи ўринларни ташкил қилиш ва аҳоли учун қўшимча даромад топиш имконини беради. "Туризмни ривожлантириш масаласи ҳам давлат, ҳам ҳукумат даражасида бўлиб, биз Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси сифатида доимо қўллаб-қувватланиб, кейинги фаолиятимиз учун тўғри йўналишлар оляпмиз. Бирор бир муаммо юзага келган тақдирда, улар энг юқори даражада ўз ечимини топмоқда. Биз Қозоғистонда ҳам бу масалага шундай эътибор қаратилаётганига гувоҳ бўляпмиз. Бизнес тилида айтганда, Марказий Осиё туризм йўналишида "етарлича баҳоланмаган актив" бўлиб қолганди. Ҳозир эса ана шу камчиликлар бартараф этилмоқда. Чегаралар очилмоқда, бу ҳам ривожланиш учун катта имкониятларга эшик очади. Янги транспорт коридорлари ташкил этилмоқда - бу ҳам авиақатновлар, темир йўл қатновлари ва автобус қатновларидир. Булар ҳам мамлакатларимизда туризмни ривожлантириш йўлида хизмат қилади", дея хулоса қилади Азиз Абдуҳакимов.

Top