Ўзбекистон | 12:32 / 09.04.2024
2114
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда "Тўрт фаслнинг ҳар бирида саёҳат" дастури амалга оширилади

Баҳор ва кузда экологик, экстремал, тиббий ва соғломлаштириш тадбирлари, ёзда сув омборлари ва курортлар, қишда экстремал туризм ва чанғи зоналари тарғиб қилинади.

Фото: Kun.uz

Саудия Арабистонининг Nabd al-Hadath ("Воқеалар пулси") электрон нашрида Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё".

Нашрда қайд этилишича, Ўзбекистонда кўплаб тарихий, маданий ва гўзал қадамжолар мавжуд. У ерларда зарур шароитлар яратиш лозим, шунда сайёҳларни янада кўпроқ ва йил давомида жалб қилиш мумкин. Шу мақсадда мамлакат раҳбариятининг топшириғи билан сайёҳлик имкониятларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари ишлаб чиқилди.

Унга кўра, сайёҳлик салоҳияти юқори бўлган 12 та вилоят ва шаҳарларда сайёҳлик марказларини ташкил этиш режалаштирилган. Ушбу марказларда ресторан, кафе, соғлиқни сақлаш хизматлари ва 24 соатлик сузиш ҳавзалари барпо этилади.

"Зомин","Чимён" ва "Амирсой" каби курорт ҳудудлари ва кўнгилочар мажмуаларда жаҳон брендлари, миллий ипак матолар ва ёдгорлик дўконлари, заргарлик буюмлари харид марказлари очилади, - дейилади мақолада. - Шунинг учун туристик марказлардаги тадбиркорлар учун ер ва мол-мулк солиғини белгиланган миқдордан 2027 йил 1 январгача 90 фоизга камайтириш, заргарлик ва олтин буюмлар ишлаб чиқариш ускуналари ва технологияларини божхона тўловларидан 2026 йил 1 мартгача озод қилиш таклиф қилинмоқда".

Саудия нашри, шунингдек, 2024 йилдан бошлаб "Ўзбекистонга саёҳатнинг яна бир куни" дастури амалга оширилишини хабар қилган. Ушбу дастур доирасида ҳудудлар ўртасида сайёҳлик объектларни боғлайдиган "Республика туризм ҳалқалари" ҳамда вилоятлар ва шаҳарлар ўртасида "Ҳудудий туризм ҳалқалари" яратилади.

"Бундан ташқари, "Тўрт фаслнинг ҳар бирида саёҳат" дастурини амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Баҳор ва кузда экологик, экстремал, тиббий ва соғломлаштириш тадбирлари, ёзда сув омборлари ва курортлар, қишда экстремал туризм ва чанғи зоналари тарғиб қилинади. Шунингдек, ушбу сайёҳлик мавсумларини очиш учун фестиваллар ташкил этилади", — дея қайд этган Nabd al-Hadath.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид