16:49 / 02.04.2018
9979

Элнинг болалари омон экан, халқ қўшиқлари ўлмайди

Сурхон воҳасидаги ҳайбати юракка ғулғула солгудек қоп-қора тоғлар бағрида жойлашган Тагов қишлоғининг этагида узоқ мозийларга гувоҳ тутзор бор. Қишлоқ болаларининг асосий ўйингоҳлари шу ер. Ҳозир ҳам бир давра болалар тўпланишган. Улар бугун ҳар доимгидек “жамбил” ҳам, “бештош” ҳам, “чиллак” ҳам ўйнашаётгани йўқ. Бу гал ўғил-қизлар икки гуруҳга бўлиниб, айтишув (навбат билан қўшиқ айтиш) уюштиришган. Розия момонинг беш яшар набираси Элмурод онасининг ўргатганлари эсидан чиқиб қолишидан қўрқиб кетди, шекилли, кўзларини катта-катта очиб, хиргойи қила бошлади:

Фото: ЎзА

“Бойчегагим бойланди,

Қозон тўла айлонди.

Айлонингдан белмасанг,

Қозон-товоғинг вайлонди”.

Унга даврадаги болаларнинг барчаси биргаликда жўр бўлишди:

“Бойчечагим, бойчечак,

Тердим тўла бир этак.

Бойчечагим аслидир,

Баҳор фаслин васфидир”.

Эрта баҳорданоқ тут шохларига шақилдоқ (бу — дарахт мевасини қушлар чўқиб кетмаслиги учун темир-терсакдан ясаладиган қўриқчи. У узун ип билан боғланиб, дарахт новдасига илиб қўйилади. Ип тортилгач темир-терсакнинг жарангидан ҳурккан қушлар  учиб кетишади)лар илиб чиқадиган Набижон ўзи яхши кўрадиган қўшиқни куйлай кетди:

Фото: ЎзА

“Эй, ҳой, гала, ҳой, гала,

 Чумчуқ келади бир гала.

Менинг боғим кичкина,

Ҳу катта боғларни тала!

Эй, ҳой, гала, ҳой,

Эй, ҳой, гала, ҳой!”

...Яктагини ечиб, дара четидаги кўм-кўк ясси тошга ташлаб, устига чордана қуриб ўтирган Эломон бобо болаларга алланечук ҳавас билан қараб тураркан, ўзининг гўдаклик чоғларини ажиб энтикиш билан эслай бошлади: сочлари қирқта ўрилган, каштали рўмолини пешонасидан танғиб олган синглиси Донохон тўн тикаётганида доим бир қўшиқни хиргойи қиларди:

“Мен оғамга тўн бичай,

Жума, чоршанба куни.

Уни оғам кийсинлар,

Рўза-ю, Наврўз куни.

Ўнг қабоғим учди-я,

Сочим белимга тушди-я.

Улла, булла, шу бугун,

Оғам эсимга тушди-я”.

Ўшанда онаси ҳам дўппига гул сола туриб:

“Дўппи тиксанг чилдирма,

Чўп-у хасга илдирма.

Юртингни чиндан севсанг,

Душманингга билдирма”, дея куйлар эди.

Болалигида ўзи ҳам подани тоққа ҳайдаётиб, овози борича ҳайқириб қўшиқ айтарди:

“Эломон-а, Эломон,

Эчки боқиб келаман.

Шўрдан шоғол ўтдими,

Думи лойга ботдими,

Гул бутанинг тагида

Ғазал айтиб ётдими?!”

Ҳа, у пайтлар жуда гўзал дамлар эди. Ахир, болалик беғуборлик фасли-да. Унинг куй-қўшиқлари ҳам ўзига яраша беғубор, беозор...

Эломон бобо жуда ишонади: элнинг болалари омон экан, бу қўшиқлар ўлмайди. У бир пайтлар бобосидан эшитиб, набирасига ўргатган сўзларни бу болалар ҳам бир кун келиб авлодларига етказади. Чунки бу — халқ қўшиғи. Улар — барҳаёт қўшиқлардир!

Top