Бу йилги чемпионатда «Сурхон», «Локомотив», «Қўқон-1912» ва «Динамо» Суперлигада қолиш учун кураш олиб бормоқда. Бу жамоалар аввалги йилларда ҳам элитада қолиш учун курашган, бу йил улар сафини Ўзбекистоннинг уч карра чемпиони «Локомотив» тўлдирди.

Якунда турнир жадвалида 13 ва 14-ўриндаги клублар Про лигага тушиб кетса, 12-ўриндаги жамоа Про-лигада 3-ўринни эгаллаган жамоага қарши сафарда бир ўйиндан иборат плей-офф баҳсида майдонга тушади. Қуйида жамоаларнинг бу борадаги имкониятларини чамалаймиз.

11. «Сурхон» - 23 очко

Испаниялик мураббий Анхель Лопес бошқарувида 13-ўринда бўлган «Сурхон» Лопеснинг ўрнини эгаллаган Мигел Алварес қўл остида 11-ўринга кўтарилиб олди. Термиз клуби кетма-кет 6 ўйинлик мағлубиятли сериясидан сўнг, аутсайдер сифатида охирги 4 ўйиндан 3тасида ғалаба қозонгани ва фақатгина «Пахтакор» билан дуранг қайд этгани ҳайратланарли натижа бўлди. Бунда жамоада бош менежер сифатида иш бошлаган Ҳамиджон Актамовнинг ҳам таъсири борлиги аниқ. Айниқса, «Сўғдиёна»нинг Жиззахда мағлуб этилиши клубни лигада қолиш учун асосий даъвогарлардан бирига айлантирди.

Фото: Сурхон

Эътиборлиси, бақувват ҳомийга эга «Сурхон» сўнгги уч йилдирки элитада қолиш учун курашиб, сўнгги паллада Суперлигада қолиш бахтига муяссар бўлмоқда. Термизликларни олдинда «Қизилқум», «Бунёдкор», «Динамо» ва «Нефтчи»га қарши ўйинлар кутиб турибди. Жанубликлар бу баҳслардаги очколар эвазига турнир жадвалида янада юқорилаш имкониятига эга бўлади.

Сўнгги 4 турдаги ўйини:

23-тур: «Сурхон» - «Қизилқум»

24-тур: «Бунёдкор» - «Сурхон»

25-тур: «Сурхон» - «Динамо»

26-тур: «Нефтчи» - «Сурхон»

12. «Локомотив» - 20 очко

Ўзбекистоннинг уч карра чемпиони ва кубоги соҳиби «Локомотив»нинг жорий мавсум лигада қолиш учун кураш олиб боришини тасаввур қилиш қийин эди. Аммо йил бошида бир қатор тажрибали ўйинчилар билан хайрлашган ва жамоани ёшартириш сиёсати «темирйўлчилар» фойдасига ишламади. Мураббийлар қўнимсизлиги ҳам ҳар қандай жамоага ўз таъсирини ўтказмай қўймайди. Қолаверса, жамоа сардори Кахи Махарадзенинг келишилган ўйинлар бўйича можароли ҳолатга аралашиб, футболдан четлатилгани жамоани ҳар томонлама ноқулай ва оғир аҳволга солди, десак муболаға бўлмайди.