«Бугун «Нефтчи» ва «Металлург» ҳақиқий эркакча футбол ўйнади, учинчи клуб эса ғурури бўлса 5-6 футболчисини Тошкентда қолдириб келавериши керак, сўнгги турда ёшлар ўйнагани яхшироқ», - дея ёзди ПФЛ бош директори Диёр Имомхўжаев «Қизилқум»нинг чемпионлик учун кураш олиб бораётган «Пахтакор»дан учралган 0:6 ҳисобидаги мағлубиятидан сўнг.

ПФЛ бош директорининг «Қизилқум» сафидаги бир қатор тажрибали ўйинчиларни назарда тутиб, «учинчи клуб ғурури бўлса 5-6 футболчисини Тошкентда қолдириб келавериши керак», дея айтган фикри фақат Тошкентдаги хатолари учун эмас, икки тур аввал Олмалиқда «Сурхон»га қарши баҳсдаги шубҳали мағлубияти учун ҳам аталган бўлса, ажабмас.

Сўнгги икки сафар ўйинида Олмалиқ ва Тошкентдаги мағлубиятлардан сўнг «Қизилқум» бош мураббийи Никола Лазаревич ҳам жамоаси олдида ожиз қолганини унинг матбуот анжуманида янграган ушбу сўзлари тасдиқлайди:

«Футболчиларнинг ўз вазифалари бор, йигитлар тажрибали. Аммо бир нарсани айтиш керакки, бу жамоани мен йиғмаганман. Агар жамоани ўзим йиғганимда бошқа гап эди».

Фото: Tribuna.uz

Бу билан Лазаревичнинг «Сурхон» ва «Пахтакор» ўйинидан кейин қўл остидаги футболчиларга ишончи қолмаганини сезиш қийин эмас. «Қизилқум» ижросидаги сўнгги икки сафардаги ўйинда аксарият футболчиларнинг шубҳали ҳаракати мухлис ва мутахасссисларда бўлгани каби жамоа ичида бўлган хорижлик бош мураббийнинг ўзида ҳам шубҳа уйғотгани табиий.

Лазаревичнинг фикрларига қўшилмай илож йўқ – «Қизилқум» таркибини йил бошида у эмас, ҳозирда «Сурхон» бош менежери сифатида ишлаётган Ҳамиджон Актамов шакллантирган. Узоқ йиллар «Қизилқум»ни бошқарган мутахассис таклиф этган айрим ўйинчилар айнан унинг амалдаги жамоасига қарши баҳсда кулгили хатоларга йўл қўйгани турли саволларни туғдириши табиий.

Хусусан, «Сурхон» - «Қизилқум» (2:0) учрашувидаги пенальтидан кейинги 2-голдаги ҳимоя чизиғининг болаларча хатоси футбол ичидаги ҳар қандай кишида шубҳа уйғотгани аниқ.

Юқоридаги вазиятда навоийликларнинг узоқ йиллик тажрибали ҳимоячилари Шерали Жўраев ва Файзулла Қамбаровнинг ҳаракатларига изоҳ бера олишар, аммо мавсум бошида Ҳамиджон Актамов томонидан таклиф этилган 88-рақамли чап қанот ҳимоячиси Артём Дмитриев ва 75-рақамли ҳимоячи Олег Толмасовнинг ҳаракатларини қандай тушуниш мумкин? Россиялик ўйинчиларнинг Навоийга таклиф этгани учун Актамовга раҳматими бу? «Сурхон» айнан ушбу ғалаба билан якунда Суперлигада қолиш вазифасини бажарди.