08:47 / 11.04.2018
11265

Альп тоғларида германиялик миллиардер йўқолиб қолди

Фото: Martin Meissner / AP Photo

Альп тоғларида Германиянинг Tengelmann Group холдинги раҳбари Карл-Эриван Хауб йўқолиб қолди. Холдинг OBI қурилиш дўконлари тармоғига эгалик қилади. Бу ҳақда Spiegel нашри хабар бермоқда. 

Таъкидланишича, чанғи учиш ишқибози бўлган 58 ёшли Хаубни охирги марта Швейцария-Италия чегарасидаги Кляйн-Маттерхорн тоғи ёнбағрида кўришган. Миллиардер 7 апрелдан бери алоқага чиқмаяпти. Шу куни унинг соат 16.00да Швейцариянинг Церматтида учрашуви бўлган, бироқ у учрашувга келмаган.

Дунёдаги энг бой оилалардан ҳисобланувчи Хауб оиласи миллиардерни топиш учун анча маблағ ажратган, бироқ қутқарув операцияси ёмон об-ҳаво шароити ва кўчки хавфи борлиги билан мураккаблашган. 

Tengelmann Group 30 млрд евролик оборот ва 215 минг ходимга эга 73 та инвестицияга эгалик қилади. Карл-Эриван Хауб холдингни 2000 йилдан бошқариб келган. 

Хауб оиласи дунёдаги энг бой оилалардан бири бўлиб, 4,5 млрд доллар бойликка эгалик қилади.

Top