16:00 / 13.04.2018
37196

Марказий банк раисига янги ўринбосар тайинланди. Бу 1 йил ичида банк раҳбариятидаги еттинчи ўзгариш

Марказий банк раисига янги ўринбосар тайинланди. Телеграмдаги davletovuz каналида хабар қилинишича, Марказий банк Пул-кредит сиёсати департаменти директори бўлиб ишлаб келаётган Илҳом Норқулов раис ўринбосарига айланган.

У февраль ойида Марказий банк Раиси ўринбосари лавозимидан озод этилган Алишер Валиевич Акмалов ўрнини эгаллаган. Алишер Акмалов 21 йил шу лавозимда ишлаганди.

И. И. Норқулов Тошкент Давлат иқтисодиёт университетининг «Халқаро иқтисодий муносабатлар» факультетида таҳсил олган. Шунингдек, Глазго Университетининг (Буюк Британия) «Иқтисодий ривожланиш» йўналиши бўйича магистратурани тамомлаган.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги тизимида ва ишлаб чиқариш соҳасида иш тажрибасига эга.

Марказий банкдаги фаолиятини 2010 йилда бош мутахассис лавозимидан бошлаган. 2013-2018 йилларда Марказий банкнинг Монетар сиёсат департаментига раҳбарлик қилган.

Қайд этиш керакки, бу 10 кишилик банк раҳбариятида кейинги бир йил ичидаги еттинчи ўзгариш бўлди.

2017 йилнинг 18 апрелида «Трастбанк» раҳбари (2010 йилдан) Шерзод Рафатович Хаджизадаев Президентининг тегишли фармонига асосан Марказий банк раисининг ўринбосари этиб тайинланганди.

2017 йилнинг 23 май куни 1991 йилдан Ўзбекистон Республикаси Марказий банкини бошқарган Файзулла Мақсуджонович Муллажонов 67 ёшида вафот этди.

2017 йилнинг 6 июнида собиқ Молия вазири (2000-2004) ва Самарқанд вилоятининг собиқ ҳокими (2004-2006), Марказий банк раиси маслаҳатчиси (2006 йилдан), Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси Мамаризо Бердимуратович Нурмуратов Марказий банк раисига айланди.

2017 йилнинг 7 июнида эса Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Тимур Аминжанович Ишметов Марказий банк раисининг биринчи ўринбосарлигига тайинланди. Собиқ биринчи ўринбосар Саидкамол Хўжаев раис ўринбосари бўлди. Марказий банк раиси ўринбосарлари — Шоҳруҳ Шоаҳмедов ва Шерзод Хажимуратов бошқа ишга ўтгани муносабати билан эгаллаб турган лавозимларидан озод қилинди.

2017 йилнинг 21 июнида президент фармонига асосан «Халқ банки» раиси ўринбосари Шуҳрат Холдорович Отабоев Марказий банк раисининг ўринбосари этиб тайинланди.

2017 йилнинг августида Саидкамол Хўжаев Марказий банк раиси ўринбосари лавозимидан озод этилди «Агробанк»ка раҳбар этиб тайинланди, 14 август куни унинг банк раиси ўринбосарлигидаги ўрнини шу вақтгача валюта айирбошлаш ва конверсион операциялар махсус бошқармаси бошлиғи бўлиб келган Ботир Эркинович Зоҳидов эгаллади.

2018 йилнинг 31 январида эса президент фармони билан шу кунгача Ўзбекистон Президенти Девони ижтимоий-иқтисодий сиёсатни мувофиқлаштириш хизматининг бош консултанти сифатида фаолият кўрсатган Адҳам Рустамович Исломов Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисининг ўринбосари этиб тайинланди.

 

Top