18:14 / 13.04.2018
10544

Термизда суд даъвогар талабини қаноатлантирди ва шаҳар ҳокимининг қарорини ҳақиқий эмас деб топди

Иллюстратив фото/ espresso.org.ua

Президентнинг 2017 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолиятини самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони асосида 2017 йилнинг 1 июнидан бошлаб оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий низолар ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати янги ташкил этилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) маъмурий судларига ўтказилди.

Шу муносабат билан юртимизда 213 та маъмурий судлар ташкил қилиниб, жами 267 та судьялик лавозими штати ажратилди. Ушбу судларнинг асосий вазифаси фуқароларнинг давлат идоралари ва уларнинг мансабдор шахсларининг ноқонуний ҳаракатлари ва қонунга зид ҳужжатларига нисбатан шикоятларини кўришдан иборат, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати.

Сурхондарё вилояти Термиз шаҳар маъмурий судида даъвогар Назокат Алиқулованинг жавобгарлар Термиз шаҳар ҳокимлиги ҳамда Термиз ҳудудий уй-жойдан фойдаланиш қисмига нисбатан ҳоким қарорини ҳақиқий эмас, деб топиш ҳақидаги шикоят аризаси кўриб чиқилди.

Н.Алиқулова даъво аризасида шаҳар ҳокимининг 2012 йил 26 мартдаги Термиз шаҳар, Алишер Навоий кўчаси, 35-уйнинг 15-хонадонни Термиз ҳудудий уй-жойдан фойдаланиш қисми хизмат турар жойлари сифатида фойдаланишга бириктириб бериш ҳақидаги 315-сонли қарорини ҳақиқий эмас, деб топишни сўраган.

Суд мажлисида низоли хонадон Термиз шаҳар ҳокимининг 2005 йил 18 ноябрдаги қарорига асосан Ш. Нарзуллаевага хусусий мулк қилиб берилгани, 2006 йил 26 январда нотариал тартибда фуқаро Н. Алиқулова сотиб олгани, 2017 йил октябрь ойида Н. Алиқулова ушбу уйни сотиш мақсадида шаҳар ер мулк кадастри давлат корхонасига келиб хонадон Термиз ҳудудий уй-жойдан фойдаланиш қисми хизмат турар жойлари сифатида фойдаланишга бириктириб берилганини билгани, шаҳар ҳокимлиги асоссиз равишда Н. Алиқулованинг хусусий мулки ҳисобланган уйни хизмат турар жойи сифатида берганини, шаҳар ҳокимлиги дастлаб муқаддам чиқарган қарорларини бекор қилиб, уйни ўзининг балансига ўтказгач бошқа ташкилотга бериши мумкинлиги аниқланган. 

Аниқланишича, низоли бўлган хонадон Термиз шаҳар ҳокимининг 2012 йил 26 мартдаги 315-сонли қарорининг иловасида (297-тартиб рақам) хизмат уйи деб рўйхатга олинган.

Бу ўринда хонадоннинг муқаддам фуқаро Ш. Нарзуллаевага хусусийлаштириб берилгани ва 2006 йил 26 январда нотариал тартибда тасдиқланган олди-сотди шартномасига ва 2006 йил 27 январда берилган TS № 0745712-сонли гувоҳномага асосан мулк ҳуқуқи асосида Н. Алиқуловага тегишли эканлигига эътибор қаратилмаган.

Фуқаролик кодексининг 164-моддасида шахс ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан эгалик қилиши, ўзининг мулк ҳуқуқини, ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқига эга эканлиги белгилаб қўйилган. 

Термиз шаҳар ҳокимининг 2012 йил 26 мартдаги 315-сонли қарорига билан ушбу хонадонни ҳудудий уй-жойдан фойдаланиш қисмига бириктириб берилиши хонадон мулкдори Назокат Алиқулованинг ҳуқуқ ва манфаатларини бузган.

Фуқаролик кодексининг 12-моддаси 1-қисмига кўра давлат органининг ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган ҳамда фуқаронинг ёки юридик шахснинг фуқаролик ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган ҳужжати суд томонидан ҳақиқий эмас, деб топилиши мумкин. 

Суд қонун талабидан келиб чиқиб, даъвогар Назокат Алиқулованинг даъво талабини  қаноатлантирди ва Термиз шаҳар ҳокимининг 2012 йил 26 мартдаги 315-сонли қарорини ҳақиқий эмас, деб топди.

Суд 172.240 сўм давлат божини мансабдор шахс - Термиз шаҳар ҳокимлиги ва Термиз ҳудудий уй-жойдан фойдаланиш қисмидан солидар тартибда  ундириш ҳақида ҳам қарор қабул қилди.  

Top