Спорт | 16:16 / 20.04.2018
14761
7 дақиқада ўқилади

Сирдарёга футбол керак эмасми?

Фото: Tribuna.uz

Сирдарё вилояти азалдан ўзининг ажойиб футболчилари билан донг таратган. Бу ерда етишиб чиққан бир қатор футболчилар, кейинчалик Ўзбекистон терма жамоаси шарафини халқаро мусобақаларда ҳимоя қилган.

Ўз вақтида Игорь Шквирин, Геннадий Денисов, Тўра Шоймарданов, Медведев, Гришанков, Гали Имомов, ака-ука Гоголкин, ака-ука Давлатовлар айнан Янгиер футбол мактабида илк сабоқларини олишган. Ҳозирги кунда ҳам Ўзбекистоннинг турли клубларида тўп суриб келаётган Сардор Раҳмонов, Жавлон Мирабдуллаев, Аббос Махситалиев, Бобур Давлатов, Лутфулла Тўраев, Даврон Ҳошимов, Шоҳназар Норбеков каби бир қатор футболчилар, терма жамоа аъзоси, Россия чемпионати иштирокчиси Достон Ҳамдамов ҳам айнан Сирдарё футбол мактаби тарбияланувчилари саналишади. Қарийб 53 йиллик тарихга эга бўлиб турган клуб бугун йўқолиб кетиш арафасида. Қарийб йўқолиб кетди, дейиш ҳам мумкин.

Гап шундаки, ўтган мавсумгача ҳам «Янгиер» жамоаси Ўзбекистон биринчилигида иштирок этиб келарди. Жамоа молиявий қийинчиликларга қарамай, лигада ўрнини сақлаб қолувчи ўринлардан бирини эгаллади. Аммо янги мавсумга умид билан тайёргарликни бошлаган жамоа учун кутилмаганда барчаси тугади. Вилоятнинг футболга масъул мутасаддилари жамоани таъминлашни исташмади ва оқибатда жамоа қарз ботқоғига ботиб кетди.

Аслида Ўзбекистон футболини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди Васийлик кенгашининг 2017 йил 25 январдаги, шунингдек 2017 йил 15 февралдаги баённомалари асосида жамоани доимий равишда таъминлаб турадиган ҳомийлар тайинланганди. Жамоа ҳисобига етарлича маблағ тушиб туриши лозим эди. Аммо ундай бўлиб чиқмади.

Жамоа ўтган мавсумни якунлаб қўйган бўлса-да, 2017 йилнинг апрель ойидан буён шартномада кўрсатилган ойлик маошлари ва мукофот пулларини футболчиларга тўлаб бера олмаган. Жамоа таъсисчиси бўлган фирма Янгиер шаҳар давлат солиқ инспекциясидан, ИИБ ва қатор хизмат кўрсатувчи ташкилотлардан қарздор саналади. Мисол учун, «Республика спорт тиббиёти илмий амалий маркази» МЧЖ билан тиббий хизмат кўрсатиш шартномасига кўра, жамоа бу ташкилотга 35 миллион сўм ўтказиб бериши керак. Аммо жамоадаги молиявий ҳолат бунга йўл бермайди. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Сирдарё вилояти ИИБ патруль пост хизмати билан тузилган шартнома шартлари бажарилмагани учун, ташкилот клуб устидан судга мурожаат қилган. Суд эса Сирдарё вилояти ИИБ патруль пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси фойдасига 54 млн 773 минг сўм маблағ тўлаб берилиши лозимлиги бўйича якуний қарорни чиқарган.

Аммо бу Сирдарё вилоятидаги ягона клуб муаммоси эмас. Ўрганишларимиз натижасида, ўз вақтида Олий лига ўйинларида ҳам иштирок этган вилоятнинг бош жамоаси «Гулистон» ҳам йўқолиб кетиш арафасида турган экан. Жамоа ҳам қарзга ботиб қолган ва фаолиятини аро йўлда тўхтатиб қўйган. Айни вақтда «Гулистон» жамоасининг ходимлардан, футболчиларнинг ойлигидан қарзи 90 млн сўмни, солиқлар ва жамғариб бориладиган пенсия таъминотидан жами 16 млн 786 минг сўм, умумий ҳисобда 106 млн 786 минг сўм миқдорида қарзга кириб қолган.

Клуб раҳбарияти билан боғланганимизда улар жамоага ҳомийлик қилиш бўйича бир неча корхоналарнинг таъсис шартномаси бор эканини кўрсатиб ўтишди. Жумладан, «Сирдарё ИЭС» АЖнинг «Гулистон» клубига ўзаро шартномага мувофиқ 254,1 млн сўм маблағни ўтказиб бермаган. Бундан ташқари, таъсис шартномасида кўрсатилган Гулистон шаҳар ҳокимлиги, «Марказтаъминот» УК, «Сирдарёпахтасаноат» АЖ ва вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан жами 180 млн сўм, «Гулистонэкстраёғ» АЖ томонидан 18 млн сўм ҳомийлик пуллари ўтказиб берилмаган.

Аслини олганда клубларнинг боқиманда бўлиб қолиши нотўғри ҳолат. Аммо бугунги кунда Ўзбекистондаги жамоаларнинг аксари худди шундай ҳолатда эканини кўриб, Сирдарё футболига ачинасан. Шквириндек ҳужумчиларни етказиб берган бу мактабда, 50 йилдан ортиқроқ тарихга эга футболи бор минтақада ҳаттоки, биринчи лигага муносиб жамоа ҳам йўқлигини жуда ачинарли ҳолат. «Янгиер» жамоаси раҳбари Ҳасан Эгамбердиев билан боғланганимизда улар жамоани ўзини-ўзи таъминлаб туриши бўйича лойиҳани вилоят мутасаддиларига кўрсатгани, бугунги кунгача бўлган пуллар ва яқин маълум муддат учун ажратиладиган маблағлар бўлса, қолганига жамоа ўзини-ўзи таъминлаб кета олишига ишонч билан қарамоқда. Лекин бунга туртки бўлиши керак. Сирдарё вилоят ҳокимлиги, футболга масъул мутасаддиларнинг эътибори бўлиши керак. Улар футболни севиши керак.

«Бормаган жойим, тақиллатмаган эшигим қолмади», дейди биз билан суҳбатда «Янгиер» клуби раҳбари Эгамбердиев. Вилоят ҳокимига бир неча марта хат ёздим. Ҳудудимиздан депутатликка сайланган Қонунчилик палатаси депутатига ҳам мурожаат қилдим. Ўзбекистон футбол федерациясига (айни вақтда ассоциация) ҳам ёрдам сўраб бордим. Лекин барчаси умумий, хўжакурсинга жавоб хатлари ёзиш билан чекланишди. Ҳаммаси бир-бирига юклайди. Униси бунисига жавоб ёзади, буниси унисига. Хуллас ҳаммаси масъулиятни бошқасига ағдаришга ҳаракат қилади.

Ўтган йили тўп сурган футболчиларнинг бир қисми бошқа жамоаларда ўйнашяпти. Қолгани эса шунчаки бекорчи. Ишсиз. Улар ҳам пул топиши керак, оиласини боқиши керак. Не-не умидлар билан футболга кириб келган. Ўйнаган, лекин афсуски ўйнагани учун ҳам пулини бера олмай ўтирибмиз», дейди Ҳасанбой ака.

Бир сўз билан айтганда футбол Сирдарё вилояти мутасаддиларига малол келмоқда. Футболни ривожлантиришга давлат даражасида эътибор берилаётган, шахсан Президентнинг қарори чиққан бўлса-да, бу сирдарёлик айрим мутасаддиларни жойидан қўзғатаётгани йўқ. Улар учун футбол бир бошоғриқдек гап бўлиб қолган. Бунинг оқибатида эса ўзбек футболидаги энг машҳур футбол мактабига эга бўлган ҳудуд бугун бутунлай футболсиз, миллионлар ўйинисиз қолиб кетган.

Азим Абдусаломов