21:32 / 23.04.2018
18441

Туркманистон президенти Ўзбекистонга Каспий денгизи порт инфратузилмаларидан фойдаланишни таклиф этди

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Ўзбекистонга Каспий қирғоғи порт инфраструктурасидан фойдаланиш имкониятларини ўрганиб чиқишни таклиф қилди. Бу ҳақда у Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан ўтказилган музокаралар якунида журналистларга маълум қилди.

«Туркманистон ҳам Европа, ҳам Яқин Шарқ бозорига чиқиш бўйича Ўзбекистон – Туркманистон – Каспий денгизи – Жанубий йўлак йўналиши бўйича йўлак яратилишида ҳамкорлик қилишга тайёр», — дея Гурбангули Бердимуҳамедовнинг сўзларини келтирган «Газета.uz».

Турманистон президенти Шавкат Мирзиёевни 2 май куни Туркманбоши шаҳридаги халқаро денгиз бандаргоҳи очилиш маросимида қатнашиш учун таклиф этди.

Шунингдек, у олдинроқ эришилган келишувлар, жумладан, Марказий Осиё – Яқин Шарқ транзит коридорини (Қозоғистон – Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Уммон йўналишида) ташкил этиш бўйича ишларни амалга оширишни ёқлаб чиққан.

Туркманистон президенти 23 апрель куни Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келди. 24 апрель куни Гурбангули Бердимуҳамедов Хоразм вилоятига бориши кутилмоқда.

Top