Дастлаб давлат раҳбари Гурбангули Бердимуҳамедовга оғир жудолик - онаси Огулабат эдже Бердимуҳамедова оламдан ўтгани муносабати билан чуқур ҳамдардлик ва таскин-тасалли сўзларини изҳор этди, унга ва барча яқинларига сабр-тоқат ва бардош тилади.

Суҳбатда икки томонлама кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Олий даражадаги келишувлар ижросининг бориши муҳокама қилинди. Йил бошидан буён ўтган икки томонлама мулоқотлар – Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши, сиёсий маслаҳатлашувлар, транспорт ва маданият вазирларининг учрашувлари, дипломатик муносабатлар ўрнатилгани 30 йиллиги муносабати билан ўтказилган бошқа тадбирларнинг самарали натижалари қайд этилди.

Савдо-иқтисодий, энергетика ва сув хўжалиги соҳаларидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Бундан ташқари, Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликнинг амалий жиҳатлари кўриб чиқилди. Ўзбекистон-Туркманистон стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш бўйича фаол алмашинувларни давом эттиришга келишиб олинди.

Телефон мулоқоти якунида етакчилар бир-бирини ва қардош мамлакатлар халқларини яқинлашиб келаётган Рамазон ҳайити билан дилдан қутлади.