Жаҳон | 01:20 / 26.04.2018
9828
2 дақиқада ўқилади

Испаниялик аёл сиёсатчи тана кремини ўғирлагани учун истеъфога кетди

Фото: flickr.com/Cristina Cifuentes

Испаниянинг Мадрид автоном ҳамжамияти ҳукумати раиси Кристина Сифуэнтес танага суртилувчи кремни ўғирлашдаги айбловлар сабабли истеъфога кетишига тўғри келди. Ўғрилик 2011 йилда содир этилган, бироқ унинг кузатув камераларига қайд қилинган ёзуви журналистлар қўлига яқинда тушган. Шундан кейин видеоёзув Okdiario электрон нашрида эълон қилингач, аёл сиёсатчининг сиёсий рақиблари томонидан унга қарши қўлланди.

Таъкидланишича, воқеа содир бўлган куни супермаркет қўриқчиси Сифуэнтеснинг сумкасидан 40 евролик иккита тюбик ёшга қарши кремни аниқлаган. Аёл зарарни жойида қоплашга тайёр бўлган, бироқ хавфсизлик хизмати уни полиция келишигача ушлаб туришга қарор қилган.

Кейин Сифуэнтес қўйиб юборилган. Гапларга қараганда, унга жарима ёзиб берилган. Аёлнинг ўзи эса кремлар унинг сумкасига қандай тушиб қолганини ётиғи билан тушунтириб бера олмаган. 

Аёл сиёсатчи ушбу воқеага изоҳ бериб, уни “тасодифий хатолик” деб атаб, “бундай вазиятда қилиши керак бўлган ишни қилиши лозимлигини” айтган.

“Мен шу кунлар жамоам билан гаплашдим ва дастлаб истеъфога кетишимни маъмурий тадбирлардан кейин 2 майда эълон қилмоқчи эдим. Бироқ мен буни эртароқ қиламан ва Мадрид ҳамжамияти раиси лавозимидан кетишимни эълон қиламан”, деб айтган Сифуэнтес матбуот анжуманда. 

Мавзуга оид