08:41 / 28.04.2018
15905

Тошкент шаҳрида ўтган навбатдаги очиқ сайёр судда мактаб директори масаласи кўрилди

Тошкент шаҳрида очиқ сайёр судлар кенг жамоатчиликнинг фикр-мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда доимий равишда ўтказиб келинмоқда. 27 апрель куни жиноят ишлари Тошкент шаҳар Миробод тумани суди, Миробод туман ҳокимияти ва бир қанча жамоатчилик вакиллари билан туман Политехника касб-ҳунар коллежи биносида очиқ сайёр суд бўлиб ўтди.

Судъя С.М.Матчанов раислигида ўтган очиқ сайёр судда айбланувчилар С.Х.Иргашева ва Ш.Х.Халиқоваларга нисбатан жиноят иши кўрилди. KUN.UZ мухбирининг хабар беришича, С.Х.Иргашева Миробод туманидаги 213-сонли ўрта мактаби директори лавозимида ишлаб келган. Ўзининг эгаллаб турган лавозимидан фойдаланган ҳолатда, мазкур мактабга 2016 йил 4 апрелдаги 81-сонли буйруққа асосан бир ставка кўча супурувчиси вазифасига ишга қабул қилинган Ш.Х.Халиқова билан олдиндан тил бириктириб, бир гуруҳ шахслар сифатида, 2016 йил 7 апрелдан 2018 йил 24 декабрга қадар бўлган вақт мобайнида Ш.Х.Халиқова амалда ишламаган бўлсада, иш вақтини ҳисоблаш табелларига уни ишлаб, ўз хизмат вазифаларини бажараётганлиги ҳақида ҳужжатлар расмийлаштирилиб, нақд пул ва пластик карточкага иш ҳақи ҳисоблаб келган. Ходимнинг жами бўлиб 10.035.000 сўм, мажбурий тўловлар учун ушланмалардан ташқари 8.628.200 сўм иш ҳақи давлат маблағларини мансаб мавқеини суиистеъмол қилиб, камомад қилиш йўли билан талон-торож қилинган. 

Дастлабки терговда С.Х.Эргашева томонидан етказилган 8.628.200 сўм миқдордаги моддий зарар тўлиқ копланган. 

Сайёр суд процесси давомида туман халқ таълими бўлимидан ва Касаба уюшмасидан қатнашган вакил кўрсатмалари эшитилди. Унда, асосан, айбланувчи С.Х.Эргашева ҳақидаги тавсифнома ва илтимосномалар ўрганиб чиқилди. 

Суд жараёнида С.Х.Иргашева ва Ш.Х.Халиқоваларга сўз берилди. Улар ушбу жиноятни қасддан содир этмаганлигини, ҳолат юзасидан қаттиқ афсусда эканликларини таъкидлашди. 

Ҳамма жиноий ишга оид бўлган маълумотлар (енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатлар) ўрганилиб, С.Х.Иргашевани Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 167-модда ( Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 2-қисми “в”, “г” бандлари бўйича жиноятни содир этганликда айбдор, деб топди. Ушбу Кодекснинг ЖКнинг 71-моддасига (Айбдор ўз қилмишига амалда пушаймон бўлганлиги муносабати билан жазодан озод қилиш) асосан жазодан озод қилинди. С.Х.Иргашевага нисбатан ҳукм қонуний кучга киргандан сўнг бекор қилишлиги белгиланди. 

Ш.Х.Халиқовага нисбатан эса Жиноят кодекси 167-модда 2-қисми “в” банди бўйича жиноятни содир этганликда айбдор, деб топилди. Шу кодекснинг 67-моддаси (Касаллик туфайли жавобгарликдан озод қилиш) 2-қисми “в” банди билан ЖК 71-моддасига асосан жазодан озод қилинди. 

Ҳукмдан норози тарафларга ҳукм эълон қилинганидан кейин 10 кун ичида апелляция бериши, 10 кундан кейин эса касация тартибида шикоят ёки протест келтиришлари мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.
 

Top